Олти нафар Туркия фуқаросида коронавируснинг «омикрон» штамми тасдиқланди. Бу мамлакатда янги штамм билан касалланишнинг илк ҳолатлари, деб хабар берди «Korrespondent.net» Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Хўжага таяниб.
Туркия Соғлиқни сақлаш вазирининг сўзларига кўра, касалланганларнинг беш нафари Измир шаҳрида, яна бири Истанбулда. Касаллик енгил ўтаётгани сабабли уларни касалхонага ётқизиш шарт бўлмаган.
Беморлар яқинда хорижга саёҳат қилганми-йўқми, улар COVID-19 га қарши эмланганми-йўқми, хабар қилинмаган.
«Korrespondent.net» хабарига кўра, Словакияда ҳам илк бор уч нафар фуқарода «омикрон» штамми аниқланди.
Словакия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу штаммни юқтирганларнинг барчаси яқинда Африкадан шахсий транспортда қайтиб келган, Африкага сафари давомида улар қитъа жанубидаги бир нечта давлатларда бўлган.
Коронавирусга қарши тўлиқ эмланган ушбу саёҳатчиларда касаллик енгил кечмоқда. Улар ўзини яккалашга ўтган, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, коронавируснинг янги «омикрон» штамми биринчи марта 11 ноябрь куни Жанубий Африкада топилган. Британиялик олимларнинг таъкидлашича, янги штамм тарқалиш тезлиги туфайли аввалгиларига, жумладан, дельтага қараганда хавфлироқ бўлиши мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мавжуд вакциналар ушбу штаммга қарши самарасиз бўлиши мумкин, деган шубҳалар туфайли «омикрон»ни хавфли деб тан олди. Ташкилот, шунингдек, илгари коронавирусни бошдан ўтказганларда «омикрон» билан қайта касалланиш эҳтимоли юқорилигини маълум қилди.
Изоҳ (0)