Андижон давлат университети биноси тўртинчи қаватидан ота-оналар мажлисига келган аёл тушиб кетгани ҳақида хабар берилганди. Бош прокурор матбуот котибининг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Қайд этилишича, 4 декабрь куни 28 ёшли аёл АДУ 2-босқич талабасининг оила аъзоси сифатида Тарих факультети биносида бўлиб ўтадиган ота-оналар мажлисига келган. У бинонинг 4-қаватида телефондан фойдаланиб, эҳтиётсизлиги оқибатида зиналарда тўсиқ йўқлиги сабаб пастга йиқилган ва оғир тан жароҳати олган.
Олиб борилган текшириш ҳаракатлари давомида ушбу бинода таъмирлаш ишларини олиб бораётган «S.Haus» МЧЖ ишчилари томонидан зинапояларнинг тўсиқлари олиб ташланиб, қурилиш ишлари амалга оширилаётгани аниқланган. Ҳолат юзасидан МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
«Ҳозирда Андижон шаҳар Тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Қашқадарёда техникум талабаси ётоқхонанинг 5-қаватидан ўзини ташлаб, вафот этганди. Кейинчаликвафот этган қизнинг сўнгги лаҳзалари кузатув камерасига тушиб қолгани хабар қилинди.
Изоҳ (0)