Сурхондарёда чегарани ноқонуний равишда бузиб, Афғонистон ҳудудига ўтишга уринган хорижлик фуқаро қўлга олинди, деб хабар беради вилоят ИИБ ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, 26 ноябрь куни соат 19:00 ларда Сурхондарё вилояти ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий қисм чегара наряди ва тезкор ходимлари томонидан давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринган шахс тўхтатилган. Тўхтатилган шахс Т.М. исмли Франция фуқароси бўлиб, у Ўзбекистондан Афғонистонга Термиз тумани ҳудудидаги темир йўл орқали пиёда чиқиб кетмоқчи бўлган.
Воқеа жойига соат 20:30 ларда Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ҳамда Сурхондарё вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари етиб келган. Улар фуқарони холислар иштирокида божхона назоратидан ўтказганида, унга тегишли бўлган кул ранг рюкзак ичидан 26 дона Топалгиc 50 мг трамадол номли таблеткалар борлиги аниқлаб, далилий ашё сифатида олиб қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари вилоят Божхона бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда ДХХ 1700 дона психотроп дори воситасини 2 минг долларга сотмоқчи бўлган шахсларни қўлга олгани, Тошкентда 8145 дона «Тропикамид» ва бошқа кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)