Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида оммавий тадбирларни ўтказишда ҳамда истироҳат боғлари, хиёбонлар ва бозорларда жамоат тартибини сақлашни ташкил этиш бевосита Миллий гвардия бўлинмалари томонидан амалга оширилиши белгиланди. Бу ҳақда президентнинг жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонида келтирилган, деб хабар беради ЎзА.
Фармон билан Миллий гвардия қўмондонига Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда жамоат тартибини сақлаш соҳасида содир этиладиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати ички ишлар органлари билан бир қаторда Миллий гвардияга берилиши бўйича қонун лойиҳасини киритиш вазифаси юкланган.
Шунингдек, бир ой муддатда ҳудудларнинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда жамоат тартибини сақлаш фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида 2022 йилда Наманган, Фарғона, Андижон ва Сурхондарё вилоятларидаги, 2023 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларидаги Миллий гвардиянинг ҳарбий қисмларида муддатли ҳарбий хизматни кенгайтириш бўйича асослантирилган таклифлар киритилади.
Бундан ташқари, ҳужжатга мувофиқ Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия икки ой муддатда ижтимоий ҳимоя чораларини қўллашнинг аниқ ва тўлиқ механизмларини белгиловчи ҳукумат қарорлари лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланган.
Мазкур лойиҳалар ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг шахсий таркиб ва унинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишга доир барча қонун ва қонуности ҳужжатларнинг нормаларини ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатда акс эттириши керак.
Аввалроқ Ўзбекистон Миллий гвардияси ходимларига фуқароларнинг автомобилларидан мажбурий тарзда фойдаланишга рухсат берилган эди.
Изоҳ (0)