ХХ асрнинг энг машҳур, баъзилар учун эса энг буюк сиёсатчиларидан бири Уинстон Черчилл Буюк Британиянинг энг таниқли бош вазири ҳисобланади. У ўз фаолиятини Британия империяси дунёдаги энг қудратли давлат бўлган пайтида бошлади. Черчилл фаолиятини тугатаётган вақтда эса унинг жонажон ватани аллақачон жаҳоннинг етакчи давлати мақомини йўқотганди. «Дарё» Иккинчи жаҳон урушида ғалабага катта ҳисса қўшган сер Уинстон Черчилль ҳақида ҳикоя қилади.
Ёш Черчилль
Уинстон Леонард Спансер Черчилль 1874 йил 30 ноябрь куни Англиянинг Оксфорд шаҳри яқинида жойлашган Бленҳейм мавзесида аристократлар оиласида таваллуд топади. Черчилл ота томондан Mарлборо герцоги авлоди бўлса, онаси «доллар маликалари»(европалик йигитларга турмушга чиққан америкалик бой қизлар шундай аталган)дан эди.Мактабда анча ёмон ўқиган Черчилль Оксфорд ёки Кембрижга ҳужжат ҳам топшириб кўрмайди. Бунинг ўрнига у Сандҳерст қироллик ҳарбий академиясига ўқишга йўл олади.
Ҳарбий академияга учинчи уринишда киришга муваффақ бўлган Черчилл 1894 йили кичик лейтенант унвонига эга бўлади.
Жанглар ва китоблар
Орадан бир йил ўтиб Черчилль ўзининг журналист ва ҳарбий сифатида карьерасини бошлайди. У Британия империяси ўз қудратининг чўққисига чиққан даврида инглиз армиясида хизмат қилади. Дастлаб мустақиллик уруши кетаётган Кубага юборилган Уинстон кейинроқ, Ҳиндистонга жўнатилади. Унинг 1898 йили нашр этилган биринчи китоби («Малаканд дала кучлари ҳикояси») Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбий чегара вилоятларида орттирган тажрибалари ҳақида ҳикоя қилади. Шу йили Суданга хизмат учун жўнатилган Черчилль Омдурман жангида қатнашади.Ҳарбий хизматни тарк этиб, London Morning Post газетасига ишга кирган Уинстон дунё бўйлаб саёҳатни давом эттиради. Бу сафар уни Бур урушини ёритиш учун Жанубий Африкага юборишади. Черчилль Африкага келиши биланоқ душман аскарлари томонидан асирга олинади, бироқ уддабурон инглиз журналисти қочиб кетишга муваффақ бўлади. У қандай қилиб ҳаммом деразасидан қочгани ва деярли беш юз километр йўл босиб Португалия мустамлакаси Мозамбикка етиб боргани ҳақида «Лондондан Претория орқали Ледисмитга» китобида батафсил ёзади.
26 ёшида Англияга қайтиб келган Черчилль яна бешта китобини нашр эттиради.
Парламентга кириш
Отасининг ортидан сиёсатга қадам қўйган Уинстон Черчилль 1900 йили консерваторлар партиясидан Жамоалар палатасига сайланади. Аммо парламентга сайлангандан сўнг Уинстон «палатани кесиб ўтиб»(парламентга сайланган депутатнинг ўз партиясига қарши овоз бериб ёки ўз қарори билан бошқа партияга ўтиши) либерал партияга қўшилади. Консерваторлар партиясининг чуқур ижтимоий ислоҳотларга қаршилиги уни шундай йўл тутишга мажбур қилади (кейинчалик у яна ўз партиясига қайтиб ўтади).1908 йили Савдо палатаси президенти этиб тайинланган Черчилль Буюк Британиянинг яна бир машҳур бош вазири Давид Ллойд Жорж ҳукумати таркибига киради.
Айнан Ллойд Жоржга қўшилиб Черчилль денгиз флотининг кенгайишига қарши чиқади. Шунингдек, у қамоқхона тизимида бир қанча ислоҳотларни амалга ошириб, биринчи бор энг кам иш ҳақини жорий қилади. Ишсизликни камайтириш учун меҳнат биржалари ва ишсизликдан суғурталаш тизимини ташкил этишда фаол қатнашади.
Янги олий ҳарбий лавозим ва шармандалик
1911 йили Адмиралиянинг биринчи лорди этиб тайинланган Уинстон Черчилль эътиборини ички сиёсатдан ташқи сиёсатга қаратади. Тобора кучайиб бораётган Германияга қарши курашиш учун Британия денгиз флотини модернизация қилади. Шунингдек, Черчилль дунёдаги биринчи мустақил ҳаво кучлари — Қироллик денгиз ҳаво хизматини тузади ва танк ихтиро қилинишига ҳомийлик қилади.Черчиллнинг тайёргарлигига қарамай Биринчи Жаҳон уруши бошланиши билан Буюк Британия қийин аҳволга тушиб қолади. Вазиятни «Антанта»(Буюк Британия, Франция ва Россия иттифоқи) тарафига оғдиришга ҳаракат қилган Черчилль тез орада оғир мағлубиятга олиб келган ҳарбий кампанияни ташкил қилади.
Туркияни урушдан чиқариш ва Болқон давлатларини иттифоқчиларга қўшилишга ундашни мақсад қилган Антанта кучлари 1915 йили Туркиянинг Галлиполи яриморолига денгиз ҳужуми уюштиради. Бироқ Туркия Черчилль кутганидан анча қаттиқроқ қаршилик кўрсатади. Тўққиз ойлик операция натижасида 250 минг аскар ҳалок бўлади. Ҳужум иттифоқчиларнинг шармандали чекиниши билан якунланади ва Уинстон Черчилль Адмиралиянинг биринчи лорди лавозимидан озод қилинади.
Консервативлашув
Черчилль гарчи денгиз қўмондонлигидан кетса-да, сиёсатдан кетмайди. 1919–1922 йилларда Ллойд Жорж ҳукуматида уруш ва ҳаво вазири ҳамда мустамлакалар котиби лавозимини эгаллайди.Бу даврда Черчилль мустамлака ишлари котиби сифатида Буюк Британия империясидан ажралишга бўлган ҳар қандай уринишни шафқатсизлик билан бостиради. Хусусан, у Британия мандати ҳисобланувчи Ироқдаги курдлар исёнига қарши ҳаво кучларидан фойдаланади. Черчилль ҳатто қўзғолонларни бостириш учун заҳарли газдан фойдаланишни таклиф этади, аммо парламент буни рад қилади. Черчилль Британия мустамлакачилик сиёсатининг ашаддий ҳимоячисига айланди.
Черчилль музокара ўтказиш учун Лондонга келган Ҳиндистон мустақиллик ҳаракати етакчиси Маҳатма Гандини ҳақоратлаб: «ярим-ялонғоч Гандининг нафақат тенг ҳуқуқли музокаралар олиб бораётганини кўриш, балки уни қирол саройи зинапоясида кўришнинг ўзи ҳам қўрқинчли ва кўнгилни айнитади» дейди.
1922 йилги сайловларда Либераллар партияси мағлубиятга учрагач Уинстон яна консерваторлар партиясига қайтади ва молия вазири лавозимига тайинланади. Бироқ етти йил кейинги сайловларда консерваторлар яна мағлуб бўлгач Уинстон ҳукуматдан кетади. Бу пайтда у ўнг қанот экстремисти, халқдан узоқ арбобга айланганди. Сиёсатдан танаффус қилган Черчилль рассомчилик билан ҳам шуғулланади.
Буюк Британия бош вазири
Буюк Британия ҳукуматининг Гитлерни «тинчлантириш» сиёсатини танқид остига олган Черчилль, бош вазир Невилл Чембрлен томонидан Чехословакияни Германийга бериб юбориш сиёсатини «кичик давлатни бўриларга бериш» деб атайди.Чехословакия билан қаноатланмаслиги аниқ бўлган Гитлер Германияси бир йил ўтиб Польшага бостириб киради ҳамда Буюк Британия ва Францияга қарши уруш эълон қилади. Урушнинг тобора Германия фойдасига ҳал бўлаётгани британияликларни янги раҳбар танлашга мажбур қилади. 1940 йил май ойида қирол Жорж VI Уинстон Черчиллни Буюк Британия бош вазири этиб тайинлайди.
Уруш қаҳрамони
Ўзининг бош вазир сифатидаги биринчи нутқида Черчилль жуда таъсирли сўзлайди:Менда қон, меҳнат, кўз ёшлар ва тердан бошқа таклиф қиладиган ҳеч нарсам йўқ. Бизни жуда кўп давом этувчи кураш ҳамда азоб-уқубат кутиб турибди. Бизнинг сиёсатимиз қандай бўлади деб сўрайсизми? Бу денгизда, қуруқликда, ҳавода Худо бизга берган бор куч билан инсоният тарихида ҳеч қачон бўлмаган даҳшатли зулмга қарши уруш олиб бориш — бу бизнинг сиёсатимиз. Мақсадимиз нима деб сўрайсизми? Мен бир сўз билан жавоб бера оламан: ғалаба! Ҳар қандай даҳшатга, йўл қанчалик узоқ ва машаққатлилигига қарамай, ғалаба! Чунки ғалаба омон қолишнинг ягона йўли!Черчилль айтганидек, ғалаба сари йўл узоқ ва машаққатли эди. Бельгия, Нидерландиядан сўнг июнь ойига келиб Франция фашистлар қўлига ўтади. Июль ойида эса Германия Буюк Британияга қарши денгиз ва ҳаво ҳужумини олиб борувчи «Денгиз шери» операциясини бошлайди. Норвегия ва Дания немислар назоратига ўтгач Буюк Британия Германия қаршисида якка ўзи қолади. Англия осмони узра ҳар куни ўнлаб ҳаво ҳужумлари уюштирилади.
Оғир вазиятга қарамай Черчилль аҳоли кайфиятини кўтариш учун бор имконни ишга солади. Мамлакатни рақиб олдида бирлаштириш мақсадида лейборист, консерватор ва либераллардан иборат коалицион ҳукумат тузилади. Бош вазир ҳар куни радиода жўшқинлантирувчи нутқлар сўзлайди. Уинстон Черчилль АҚШ президенти Фраклин Делано Рузвельтни иттифоқчиларни ленд-лиз дастури доирасида ўқ-дори, қурол, танк ва самолётлар билан таъминлашга кўндиради. Фашизмга қарши бирга курашиш учун СССР билан иттифоқ тузади.
Аммо британияликлар Черчилль хизматларини тез унутади. Германия таслим бўлганидан икки ой ўтиб бўлиб ўтган парламент сайловларида консерваторлар мағлуб бўлади. Урушда иттифоқчилар ғалабаси бош меъморларидан бири бўлмиш Уинстон мағлубият сабаб бош вазир лавозимини тарк этади.
«Совуқ» нутқ
Бош вазирликдан кетгач ҳам Черчилль фаол сиёсат билан шуғулланишни давом эттиради. 1946 йили АҚШга ташриф буюрган собиқ бош вазир Фултон шаҳрида нутқ сўзлайди. Ўз маърузасида у Европа демократиясига хавф солувчи «темир парда» ҳақида гапиради. Черчилль «Болтиқ денгиздан Адриатика денгизигача чўзилган бу парда унинг ортига мамлакатларни СССР таъсир доирасига туширади ва совет давлати босими остида қолдиради» дея коммунизм қарши илк фикрларни айтади.Тарихчилар томонидан айнан ушбу нутқ дунёни икки қутбга ажратган «Совуқ урушнинг» бошланиш нуқтаси деб ҳисобланади. Черчилль ўз маърузаси билан кечаги иттифоқдошларни душманга айлантириб қўяди.
1951 йилги сайловларда консерваторлар партияси ғалаба қозонгач Уинстон Черчилль яна бош вазирлик курсисини эгаллайди. Аммо у энди олдингидек шижоатга тўла эмасди. Черчилл бу пайтда 77 ёшда эди.
Черчиллнинг иккинчи бош вазирлик муддати асосан мустамлакалардаги қўзғолонларни бостириш орқали эсда қолади. Мустамлакачилик тизимининг ҳимоячиси ҳисобланган Черчилль Британия империяси таркибидаги мамлакатларга мустақиллик беришга қатъий қарши эди. Бироқ Буюк Британия империяси Черчилль ўз фаолиятини бошлаган давридаги қудратга энди эга эмасди. Собиқ мустамлакалар бирин-кетин мустақилликка эга бўлди.
Анча қариб қолганлиги ва ташқи сиёсатдаги кескин қадамлари сабаб партиядошлари Черчиллдан истеъфога чиқишни сўрайди. Шу тариқа 1955 йил Черчилль ҳукумат ва партияни бутунлай тарк этади. Аммо депутатлик фаолиятини давом эттиради.
Нобель мукофоти лауреати ва рицар
Буюк Британия давлати олдидаги буюк хизматлари учун қиролича Елизавета II 1953 йили Уинстон Черчиллга Гартер ордени рицари унвонини беради.Худди шу йили Нобель мукофоти қўмитаси Уинстон Черчиллни «тарихий ва биографик мавзулардаги тасвирлаш маҳорати ҳамда юксак инсоний қадриятларни ҳимоя қилишдаги ажойиб нотиқлиги учун» Нобель мукофоти билан тақдирлайди.
Сўнгги кунлар
Черчилль бир неча бор инсульт билан тўқнашади. Соғлиғининг ёмонлашганига қарамай кекса сиёсий арбоб жамият ҳаётида фаол бўлишга интилади. Парламентдаги фаолиятига якун ясагандан бир йил ўтиб, 1965 йили буюк инглиз сиёсатчиси ҳаётдан кўз юмади. Унинг дафн маросимида 112 давлат, жумладан, СССР делегацияси иштирок этади.Черчилль шахсияти ҳақида турли хил қарашлар мавжуд. Бир тарафдан у уруш қаҳрамони, инсониятни фашизм балосидан сақлаб қолган кишилардан бири. Бошқа томондан эса мустамлака тизимининг тарафдори, озодлик ҳаракатларини қонга ботирган шахс.
Шундай бўлса-да BBC нашри 2002 йилги ўтказган сўровномага кўра, Уинстон Черчилль барча даврларнинг энг буюк инглизлари рўйхатида биринчи ўринни эгаллаган. Ватандошлари Черчиллни энг буюк инглиз, ҳақиқий қаҳрамон сифатида билади.
Ажойиб китоб ва нутқлари, шунингдек сиёсий амбицияси орқали Уинстон Черчилль жаҳон тарихида ҳам ўз ўрига эга инсонга айланди.
Изоҳ (0)