Тошкент шаҳрида жойлашган корхоналарнинг бирига тегишли ётоқхонада содир бўлган ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши оқибатида ёнғин юзага келгани ва 18 киши жароҳат олгани тўғрисида хабар берилганди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, ушбу нохуш ҳодиса туфайли жабрланганлар саломатлиги жиддий назоратга олинган.
Таъкидланишича, ёнғин натижасида турли даражадаги куйиш тан жароҳатларини олган 18 нафар фуқаро дарҳол Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига жойлаштирилган. Айни пайтда барча беморларга белгиланган стандартлар бўйича зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб, муолажа жараёнлари давом этмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, ёнғиндан жабрланган шахсларнинг барчаси эркак киши бўлиб, уларнинг 10 нафари реанимация бўлимида даво муолажаларини олмоқда.
Бирламчи маълумотга кўра, ҳаво-газ аралашмасининг чақнашига газ қувурларининг носозлиги сабаб хонага газ тўпланиши сабаб бўлган.
Аввалроқ Сергелидаги омборхоналардан бирида газ портлаши оқибатида бир киши ҳалок бўлгани, Чилонзордаги кўп қаватли уйларнинг бирида газ портлагани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)