Блогер Фотима Жўраева ўзининг Facebook саҳифасида Андижон вилояти Улуғнор тумани электор тармоқлари корхонаси бош ҳисобчиси томонидан калтакланганини айтиб, мурожаат қилгани тўғрисида хабар берилганди. «Андижон ҳудудий электр тармоқлари»нинг «Дарё»га маълум қилишича, ҳисобчи блогерни тинчлантирмоқчи бўлган, бироқ у ҳақоратли сўзлар билан уни ҳамкасблари олдида обрўсизлантирган.
Блогер ўз мурожаатида туман электр тармоқлари корхонаси бош ҳисобчисидан ўзи ҳуқуқшунос сифатида ишлаб келаётган фермер хўжалигига электр энергиясидан қарздорликни сунъий равишда оширилгани бўйича тегишли ҳужжатларни беришини талаб қилганини билдирган. Шунда корхона бош ҳисобчиси унга қўпол муносабатда бўлиб, уни ҳақорат қилиб, юзига ургани ва қўл телефонини синдириб юборганини айтиб, айбдор корхона ходимларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
«iPhone 12 Pro Max телефонимни олиб, синдириб, мени уриб, ерга ётқизиб тепди. Тўрт нафар эркак қараб турди. Менга шерик бўлган икки фермер аёл бор эди, уларни ҳам урушди. Телефонимни сўраганимда уни синдириб беришди, лекин ишлаяпти», — деган блогер.
Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов ҳозирда мазкур мурожаат бўйича туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди. Унинг билдиришича, Фотима Жўраеванинг олган тан жароҳатларини оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган, текширув ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.
«Ҳудудий электр тармоқлари» матбуот хизмати ҳам ҳолатга муносабат билдириб, ҳолат назоратга олингани, бунинг учун учун махсус комиссия тузилиб, Улуғнор туманига юборилгани, ўрганиш якунлари тўғрисида батафсил маълумот берилишини маълум қилган.
«Андижон ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси ахборот хизматининг маълум қилишича, комиссия томонидан аниқланган дастлабки маълумотларга кўра, Фотима Жўраева 18 ноябрь куни туман электр тармоқларига келиб, ўзини блогер сифатида таништирган ва ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмасдан ўзи фаолият юритаётган Улуғнор туманидаги «Истиқлол зар толаси» фермер хўжалигининг электр энергияси таъминотига оид тўловлар бўйича жорий ҳолатни аниқлаштирувчи ҳужжатларни талаб қилган. Корхона ҳисобчиси ўз навбатида, маълумотлар фақат корхона раҳбарига тақдим этилиши мумкинлигини маълум қилган.
«Ҳисобчи Сайдулло Мамадалиев блогер таъкидлаётганидек, уни уриб тан жароҳати етказмаган. Аксинча, у Фотима Жўраевани тинчлантирмоқчи бўлганида, турли ҳақоратли сўзлар билан ҳамкасблари олдида обрўсизлантирган. Қўшимча қилинишича, ушбу ҳолатларни тасдиқловчи видео корхона ходимларининг қўл телефонига туширилган», — дейилади хабарда.
Эълон қилинган видео можаронинг қайси вақтида — олдинми ёки кейин тавсирга олингани айтилмаган. Лекин кадрлардан кўриш мумкинки, блогер «телефонини беришларини» талаб қилмоқда. Бундан видео олинган вақтда унинг телефонини кимдир олиб қўйгани тўғрисида хулоса келиб чиқади. Тўлиқ видео берилмагани сабаб блогер Фотима Жўраеванинг эътироз билдирган жойлари кўрсатилмаган.
Жўраева ўз мурожаатида фермер хўжалигининг истеъмол қилинган электр энергиясидан бўлган қарздорлигини сунъий оширилиши тўғрисида гапириб ўтган. Комиссия аъзоларининг таъкидлашича, ушбу ҳолат ўрганилганда туманда пахтачилик-ғаллачилик йўналишида фаолият кўрсатаётган «Истиқлол зар толаси» фермер хўжалиги билан Улуғнор туман электр таъминоти корхонаси ўртасида электр энергиясини етказиб бериш тўғрисидаги шартнома тузилгани аниқланган.
Қайд этилишича, ушбу фермер хўжалигига Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги қарорига асосан, хўжалик томонидан пахта ва ғалла экинларини етиштириш учун сарфланган электр энергияси учун тўловлар Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидялар ҳисобига тўланиши белгиланган бўлиб, мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Улуғнор туманида тузилган ишчи гуруҳ томонидан жадвал ишлаб чиқилган. Унга кўра, фермер хўжалигининг жами 74,33 гектар экин ер майдонига 2021 йил ҳисобидан 47,2 гектар пахта ва 27,13 гектар бошоқли дон экинлари экилиши режалаштирилгани, фермер хўжалигининг ихтиёрида 1 дона яроқли насос агрегати мавжудлиги инобатга олиниб, хўжаликка 2021 йил учун лимит сифатида 345,0 кВт электр энергияси ажратилган.
Бундан ташқари, мазкур хўжаликнинг 2021 йил 1 январь ҳолатига истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловлардан 213,3 миллион сўм қарздорлик ва муддати ўтган қарздорлик учун ҳисобланган 19,9 миллионсўм пеня, жами бўлиб эса 233,2 миллион сўм миқдорида қарздорлиги бўлган.
Хўжалик томонидан 2021 йилнинг 10 ойи давомида 47,1 миллион сўмлик электр энергияси истеъмол қилинган бўлиб, туман молия бўлими томонидан фермер хўжалиги истеъмол қилган электр энергияси учун жами 238,5 миллион сўм миқдоридаги маблағлар ўтказиб берилган. Шундай бўлсада, фермер хўжалигининг истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловлардан 91 миллион сўм миқдорида ҳамда 72,9 миллион сўм миқдорида пеня, жами 164 миллион сўм миқдоридаги қарздорлиги қолган.
«Президентимизнинг 2018 йил 28 февралдаги ‘Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирилишини молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида’ги, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 февралдаги ‘Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида’ги қарорларига асосан пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг 2018 йил январь ҳолатига электр энергиясидан бўлган қарздорликларининг тўлов муддати 3 йилга кечиктирилган. Мазкур муддат 2021 йилнинг 1 январь куни ўтиб бўлган. Шуни инобатга олиб ‘Истиқлол зар толаси’ фермер хўжалигининг тўланиши кечиктирилган 44,4 миллион сўм миқдоридаги қарздорлиги ҳам дастурга киритилган. Натижада ҳозирги кун ҳолатига фермер хўжалигининг электр энергиясидан жами қарздорлиги 208,4 миллион сўмни ташкил қилмоқда. Шаклланган қарздорлик бўйича хўжалик раҳбари Карима Тоштемировага тушунтириш берилган. Шу тариқа фермер хўжалигининг қарздорлиги сунъий оширилмагани ўз тасдиғини топган. Шундан сўнг Тоштемирова тумани электр таъминоти корхонаси ходимларига нисбатан эътирози йўқлигини билдириб ўтган», — дейди «Андижон ҲЭТК» АЖ коррупцияга қарши комплайнс бўлим бошлиғи Сирожиддин Иминов.
«Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ воқеага ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳуқуқий баҳо берилиши ҳамда дастлабки тергов жараёнларигача олиб бориладиган ўрганишларга жамият томонидан ҳар томонлама хайрихоҳлик кўрсатилишини маълум қилиб ўтади», — дейилади муносабатда.
Изоҳ (0)