Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театри — опера ва балет санъати соҳасидаги Ўзбекистоннинг асосий театри ҳисобланади. Театр биносининг серҳашамлиги, тил ва миллат танламас рэпертуари сабаб ҳамиша чет эллик меҳмонлар эътиборида. Тан олиш керак, опера ва балет санъати ўзбек халқига у қадар яқин эмас. Шу сабаб театр мухлислари орасида ўзбек томошабинини топиш амримаҳол. Аммо ижодкорлар орасида ўзбек йигит-қизларини учратиш мумкин. Бугун асли фарғоналик бўлган балет артисти Улуғбек Олимов билан суҳбатда бўлдик.
«Оиламизга санъат бегона эмас»
— Рақс санъати оиламизга бегона эмас. Амаким Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Эркин Қаҳҳаров сабаб болалагимдан рақсга меҳр қўйганман. 2007 йили 11 ёшимда амакимнинг ёрдами билан Тошкентга келганман. Мен билан бирга қариндошларимнинг тўрт нафар ўғли ҳам бор эди. Аввалига ўзбек миллий рақси билан шуғулландим, кутилмаганда Хореография олий мактабининг мураббийлари мени балет гуруҳига ўтказишди. Бунга ташқи кўринишимдаги ўзига хослик сабаб бўлган. Ростини айтиш керак, балет санъатига ўзбек «типажи»даги раққосларни қабул қилишмайди.
«Ота-онам танловимни қўллаб-қувватлаган»
Ота-онам санъаткор бўлишмаса-да, танловимга қарши бўлишмади. Аксинча, ҳамиша қўллаб-қувватлашади. Санъатим орқали дунёнинг ўндан зиёд мамлакатида бўлдим, оз бўлса-да, ўзбек балет санъати ривожига ҳисса қўшаётганимдан қувонишади. Касбим ҳақидаги танқидий фикрларга эътибор бермайман. Чунки бу санъат 500 йиллик тарихга эга. Меҳнатим ҳалол ва бу билан рўзғоримни тебратаётганимдан хурсандман. Баъзилар ўйлагандек, биз ўйинчи эмасмиз, профессионал раққос бўлиш учун давлат томонидан 8 йил ўқитилганмиз.
«Кўчада балет артистиман, десам, ‘Ҳаа, операчи’, дейишади»
Тан олиш керак, ўзбек халқи балетни у қадар тушунмайди. Шу боис мухлисларимизнинг асосий қисмини ўзга миллат вакиллари ва хорижлик меҳмонлар ташкил қилади.Ҳар бир ишнинг ўзига яраша машаққати бор. Ҳар кунимизнинг камида 5 соати машғулотларда ўтади. Аввалига гуруҳ машғулотлари, сўнг якка тартибдаги машғулотлар билан бандмиз. Бир-икки кунлик танаффус ҳам балет артистининг «форма»дан чиқишга сабаб бўлади. Балетдаги ҳар бир ҳаракатни ўйлаб амалга ошириш керак. Йўқса, бу жиддий жароҳатга сабаб бўлиши мумкин.
Балетда вазнга алоҳида эътибор берилади. Йигитлар 75 килограм, қизлар эса 45 килограмдан ошмаслиги керак. Одатда, 45 килограмдан ошган қизлар саҳнага қўйилмайди, йигитларга эса бундай талаб йўқ. Аммо биз баъзи одамлар сингари истаган пайтда миллий таомлардан (қозонкабоб каби калорияга бой таомларни) истеъмол қилолмаймиз. Бугунги шоҳона таом эртаги машғулотларда эркин ҳаракатланишимизга тўсқинлик қилади. Шу боис, рационимиз енгил ва фойдали таомларга бой.
Суҳбатимизга Улуғбек Олимовнинг турмуш ўртоғи хореограф-педагог Шоҳсанам Олимова қўшилди. У айни дамда оналик таътилида, яқин кунларда иккинчи фарзандини дунёга келтиради.— Кўча-кўйда «Турмуш ўртоғингиз қайси касбда ишлайди?» деб кўп сўрашади. Балет артисти десам «Ундай одам билан қандай яшайсиз? Сизга бўлган муносабати қандай?» дейишади. Бундай саволлар кўнглимни оғритади. Чунки балет одамлар ўйлагандек ёмон ёки уятли иш эмас. Уни эгаллаш учун йиллар давомида ҳаракат қилиш, ўрганиш керак. Шахсам менинг бўйим пастлиги ва думалоқ юзли бўлганим учун балетга қабул қилишмаган. Турмуш ўртоғим саҳнада раққос, аммо ҳаётда ҳамма қатори оила бошлиғи, фарзандларимнинг отаси. Балет спорт ва санъат уйғунлигидаги рақс. «Балетчилар ўйнаб пул топади» дейдиганлар икки соатлик спектаклдан кейин балет артистларининг аҳволини кўришса, бу фикрларидан қайтишлари аниқ. Оёқ учида тик тургандан сўнг оёқ бармоқлари қаттиқ оғрийди, қўл-оёқ мушакларидаги оғриқларни-ку тасаввур қилиш қийин.Баъзан дугоналарим билан спектакль кўргани келамиз. Улар «Нега эрингни рашк қилмадинг, биз партнёридан қизғониб ўтирдик», — дейишади. Ҳақиқатан ҳам саҳнада турмуш ўртоғимни рашк қилмайман, партнёрингиз Нодира Ҳамроева саҳнадаги аёлингиз, у билан эркин рақс тушинг дейман. Бундай дейишимнинг сабаби, турмуш ўртоғим ўз касбидан ор қилишини ёки мен ва фарзандлари олдида хижолат бўлишини истамайман.
Балет артисти Улуғбек Олимов аёлининг нега санъатдан кетишини истаганини қуйидагича изоҳлади.
— Турмуш ўртоғим билан олдинма-кетин Хореография олий мактабида таҳсил олганмиз. У ҳам бир муддат ансамблда, театрда ишлади. Аммо 2019 йилда фарзандли бўлгач, иккимиздан биримиз ижоддан кетишимизга тўғри келди. Чунки ижод бошқа касблардан фарқ қилади, маълум тартиб асосида ишламаймиз. Шу боис аёлим ижоддан кетишга ва хореограф-педагог бўлиб ишлашга қарор қилди. Аёлимга нисбатан рашкчиман, ҳатто кичик давраларда ҳам рақс тушишини истамайман.
«Хориждаги яхши даромад келтирадиган таклифни рад этганман»
— 2019 йили Жанубий Кореядаги балет компаниясида яхши маблағ эвазига иш таклиф қилишди. У пайтларда ойлигимиз ниҳоятда кам, ҳатто ижара уйнинг харажатларини қоплашга ҳам етмасди. Шунда ҳеч бўлмаса 5 йил ишлаб келиш учун хорижга кетишга қатъий аҳд қилгандим. Шунда Ўзбекистон халқ артисти Раззоқ Ҳамроевнинг қизи Гули Ҳамроева менга катта мотивация берди. Ҳатто, ўзи раҳбарлар билан суҳбатлашиб, шогирдим хорижга кетмасин, деб ҳаракат қилди. Шу инсоннинг саъй-ҳаракатлари сабаб давлат томонидан имтиёзли уй берилди, ойликларимиз ҳам кўтарилди. Шу боис, елкамда балет санъатини ривожлантиришим керак, деган масъулият бор.
«Энг катта орзум...»
Ўтган йили президент ташаббуси билан «Лазги» номли балет спектакли саҳналаштирилди. Спектакльни германиялик хореограф Раймондо Ребек саҳналаштирди. Бу ўзбек балет тарихига муҳрланадиган ёрқин спектакль бўлди. Келажакда мен ҳам Амир Темур лашкарлари ҳақидаги балет спектаклини саҳналаштиришни истайман. Рус балетида «Спартак» қанчалик машҳур бўлса, Амир Темур лашкарлари ҳақидаги спектакль ҳам худди шундай шуҳрат қозонишига ишонаман.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)