Намангандаги давлат хизматлари марказида илк бор сурдо таржимонлик йўлга қўйилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
Вилоятнинг Мингбулоқ туманида янги давлат хизматлари маркази фойдаланишга топширилди. Мазкур марказ бир вақтнинг ўзида 20, бир кунда эса 500 нафар фуқарога хизмат кўрсатиш имкониятига эга.
Давлат-хусусий шериклик тамойили асосида ишга туширилган замонавий бинодан кутиш зали, ФҲДЁ бўлими, инвесторлар хонаси, болалар майдончаси ва ўз-ўзига хизмат кўрсатиш бурчаги ўрин олган.
Шунингдек, бу ерда вилоятда илк бор эшитиш ва гапиришда нуқсони бор фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида сурдо таржимон хизмати ҳам йўлга қўйилди.
— Олдинлари бундай фуқароларга хизмат кўрсатишга қийналар эдик. Шу сабаб сурдо таржимон билан шартнома тузишга қарор қилинди. Энди ДХМга келган фуқаронинг мурожаати планшет ёки қўл телефони ёрдамида тасвирга олиниб, онлайн тарзда таржимонга ҳавола этилади ва мурожаатчининг мақсад-муддаоси тезда англаб олинади, — дейди ДХА вилоят бошқармаси матбуот котиби Фозилжон Жўрабоев.
Жўрабоевнинг айтишича, ушбу хизмат тури яқин орада барча шаҳар-туман марказларида йўлга қўйилади.
Маълумот учун, бугунги кунда Наманган вилоятида 5 минг нафарга яқин кар-соқовлар истиқомат қилмоқда.
Изоҳ (0)