Қашқадарё вилояти собиқ ҳокими Зоир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими этиб тайинланди. Бу хабарни «Дарё» манбаси тасдиқлади.
2018 йилнинг февралидан буён Давлат божхона қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келаётган Муротжон Азимов президент фармони билан Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Маълумот учун, Зоир Мирзаев 1968 йилда Самарқанд вилояти, Жомбой туманида туғилган. 1994 йилда Тошкент молия институтини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган.
Ҳоким сифатидаги иш фаолиятини 2003 йил Жомбой туманидан бошлаган. 2008—2010 йилларда Самарқанд шаҳар ҳокими, 2010—2016 йилларда эса Самарқанд вилояти ҳокими бўлган.
Қашқадарё вилоят ҳокими сифатида 2019 йилнинг октябридан буён ишлаб келаётганди. Унга қадар бош вазир ўринбосари ҳамда қишлоқ ва сув хўжалиги вазири лавозимларида фаолият юритган. 2018 йил октябрида «Оққўрғон воқеаси» сабаб ишдан олиниб, Шароф Рашидов туманига ҳоким этиб тайинланганди.
Зоир Мирзаев 2021 йилда «Аъло хизматлари учун» кўкрак нишони билан тақдирланган. Мазкур нишонга қадар 2014 йил «Меҳнат шуҳрати» ордени, Мустақилликнинг 15, 20 ва 25 йиллиги кўкрак нишони, Миллий гвардиянинг «Намунали хизматлари учун» кўкрак нишони, «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги фидойиси» кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
Изоҳ (0)