Афғонистонда 2021 йилда опиум ишлаб чиқариш ҳажми 8 фоизга ошиб, 6,8 минг тоннага етди. Бу ҳақда БМТ Гиёҳвандлик воситалари ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасига таяниб, «Korrespondent.net» хабар берди.
«Ушбу ўсиш 320 тонна соф героин бутун дунё бозорларга киришини англатади», — дейилади БМТнинг Афғонистондаги гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқаришга боғлиқ вазият ҳақидаги ҳисоботида.
Унда кўрсатилишича, Афғонистон айни вақтда дунёдаги жами истеъмолчиларнинг 80 фоизини опиатлар (опиумнинг наркотик алкалоидлари) билан таъминлайди. 2020 йилда барча опиумнинг 85 фоизи ушбу мамлакатда ишлаб чиқарилган.
«Афғонистонда юзага келган вазият халқаро ҳамжамиятнинг зудлик билан аралашувини талаб этади. БМТнинг афғон халқини қўллаб-қувватлаши доирасида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний етиштирилиши ва ишлаб чиқарилишини, шунингдек, ушбу маҳсулотнинг дунё бўйлаб талабини барқарор қисқартиришга эришиш зарур», — дейди бошқарма бошлиғи Гада Вали.
БМТ Гиёҳвандлик воситалари ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси маълумотларига кўра, 2021 йилда опиатларни ишлаб чиқаришдан 1,8—2,7 миллиард доллар фойда кўрилган, уларнинг савдоси Афғонистондан ташқарида эса янада кўпроқ даромад келтирган. Мамлакатдаги сиёсий беқарорлик опиум нархининг май ойидаги кўрсаткичларга нисбатан қарийб икки баробар ошишига олиб келган. Нархларнинг ошиши фермерларни ишлаб чиқаришни оширишга ундаши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, август охирларида «Толибон» ҳаракати Афғонистонда ҳокимият тепасига келгач, мамлакатнинг гиёҳванд моддалари етиштиришни тўхтатиши ҳақида ваъда берганди. «Энди гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарилмайди ва контрабанда йўли билан бошқа давлатларга олиб ўтилмайди. Афғонистон афюн етиштирадиган мамлакат бўлмайди», — деган ҳаракат вакили Забиҳулла Мужоҳид. У шундай сиёсат олиб бориш учун «Толибон»га хориж давлатларининг кўмаги зарурлигини ҳам таъкидлаган.
Изоҳ (0)