Ўзбекистоннинг IТ Queens жамоаси AI Journey 2021 халқаро конференциясига бағишланган танлов номинацияларидан бирида ғолиб чиқди. Бу ҳақда IT Park матбуот хизмати маълумотларига таяниб, Spot хабар берди.
Қайд этилишича, жамоа аъзолари — Юлиана Луценко, Анастасия Королева, Лана Насрулина, Ксения ва Анастасия Бадян 2 ҳафта ичида сунъий интеллект соҳасида лойиҳа ишлаб чиқди. Уларнинг ишланмаси 99 фоиз аниқлик билан «дипфейк» материалларни аниқлай олади.
Ушбу лойиҳа ўзбекистонлик ишлаб чиқувчилар томонидан тақдим этилган 500 дан ортиқ лойиҳалар ичида энг яхшиси деб топилган. IТ Queens жамоаси Data Lady номинациясида ғолиб сифатида танловнинг халқаро босқичига чиққан.
Қизлар Москвада ташкил этилган AI Journey 2021 халқаро конференциясида чиқиш қилиб ўзлари ишлаб чиққан лойиҳани тадбир иштирокчиларига намойиш қилган — улар қаторида Россия президенти Владимир Путин ҳам бўлган.
Россия раҳбари бундай ишланмалар ёрдамида одамлар учун фойдали бўлган «қизиқарли, чиройли, оммабоп» маҳсулотлар яратиш мумкинлигини қайд этган.
«Энг асосийси, замонавий технологиялар орқали одамлар ҳуқуқлари поймол этилган тақдирда, уларнинг манфаатларини сунъий интеллект ва замонавий технологиялар ёрдамида ҳимоя қилиш йўлларини топяпсиз», — деб таъкидлаган Путин.
«Дипфейк» (deepfake) — инсоннинг ҳақиқий фотосуратлари ёки видеолари асосида сунъий интеллект томонидан яратилган синтезланган тасвир. Мазкур технологиядан ушбу шахс номидан бошқа бировни шантаж қилиш, обрўсизлантириш ёки фирибгарлик учун тобора кўпроқ фойдаланилмоқда.
Изоҳ (0)