Миллий археология маркази илмий ходимларидан иборат «Қанқа экспедицияси» томонидан 2021 йил сентябрь ойининг ўрталарида денгиз сатҳидан 2900 метр баландликдаги Ғарбий Тангритоғ (Тяншан)нинг жануби-ғарбий тизмаларидаги Музбел довони Кўкшашир дарасида қоятош суратлари топилди. Бу ҳақда Ўзбекистон фанлар академияси хабар қилди.
Бу ерда бир неча тоғ эчкиси тасвирлари билан бирга, 1 сатрлик суғдий ёзув борлиги аниқланди. Ойнада кўрилганда тўғри ўқиладиган 5 та ҳарфдан иборат ушбу ёзув марказнинг етакчи илмий ходими Ғ.Бобоёров ва Ғ.Мухторовлар томонидан суғдий тил ва ёзув асосида nwprn «Нав-фарн» («Янги қут (эгаси)» деб ўқилди.
Шунингдек, ушбу изланувчилар бу ёзувнинг npprn «Наф-фарн» деб ҳам ўқилиши мумкин эканлигига урғу берди. нп «Наф» сўзи суғдий тилда «халқ, жамоа, эл» деган маъноларни билдириб, милодий III-ИВ асрларга тегишли суғдий ёзувли Чоч тангаларида cъc’ннп «Çaçan-naf» сўзи «Чоч халқи, Чоч жамоаси» маъноларида келади.
Бундан ташқари, «Чачан-наф» ибораси Керчево (РФ), Хитойдан топилган қадимги чочликларга тегишли кумуш ва сопол буюмлардан ҳам ўрин олган.
«Демак, Кўкшашир суғдий битиги қадимги Чоч (Тошкент) жамияти вакиллари томонидан ёзилган дейиш мумкин. Бу эса милоднинг илк асрларидан VIII асргача Чоч воҳасида расмий ёзувлардан бири сифатида қўлланган суғдий тил ва ёзувнинг воҳа бўйлаб тарқалиш кўлами Ғарбий Тангритоғнинг тоғ ичи дараларигача ёйилганини кўрсатади. Бунгача суғдий ёзувли сопол ва металл буюмлар, муҳр ва тангалар кўпроқ Тошкент воҳасининг марказий ҳудудларида, айниқса, воҳанинг Қанқа, Хонобод каби қадимий шаҳар қолдиқларидан топилган эди», – дейилади хабарда.
Изоҳ (0)