Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Оқилбек Жапаровлар билан учрашувда икки давлатни қизиқтирган масалалар муҳокама қилинди. Бу ҳақда қўшни мамлакат Вазирлар Маҳкамаси ахборот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, учрашувда томонлар Қирғизистондан Ўзбекистонга электр энергияси етказиб беришни муҳокама қилган. Бундан ташқари, Туркманистондан Ўзбекистон орқали электр энергияси ва табиий газ транзитига эътибор қаратилган.
Бундан ташқари, Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўли, Иркештам—Дарўўт-Қўрғон– Қизилқия автомобиль йўли, Қизилқия шаҳридаги савдо-логистика маркази ва Қамбарота-1 гидроэлектр станцияси қурилиши масалалари юзасидан фикр алмашилган.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам кўриб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 6 август куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви доирасида Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан музокара ўтказганди. Унда Қамбарота-1 гидроэлектр станциясини биргаликда қуриш масалалари ҳам кўриб чиқилган. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой темир йўли стратегик аҳамиятга эга экани, уни қуриш бўйича музокараларни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлаган.
Изоҳ (0)