Сербиянинг Белград шаҳрида бокс бўйича Жаҳон чемпионатининг 6-кунги баҳслари 30 октябрь, шанба куни бўлиб ўтди.
-75 кг вазн тоифасида Саиджамшид Жаъфаров 1/16 финал доирасида япониялик Юито Мариваки билан баҳс юритди. Уч раунд давомида тўлиқ устунлик қилган Саиджамшид якунда рақибига ҳеч қандай имкония қолдирмаган ҳолда 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Эндиликда Жаъфаров 1/8 финал босқичида ўз имкониятларини синаб кўради. Ушбу босқичда унга озарбайжонлик Козимжода Миршариф рақиблик қилади. Жанг 1 ноябрь куни бўлиб ўтади.
Жаъфаров 1/32 финал доирасида словакиялик Лукас Фернэтсани мағлуб этиб, 1/16 финалга йўл олганди. Шу тариқа 30 октябрь куни рингга кўтарилган барча ўзбекистонлик боксчилар ғалаба қозонди. Булар: Саиджамшид Жаъфаров, Одилжон Аслонов, Нодиржон Мирзаҳмедов ва Мужибилло Турсунов.
Мусобақанинг дастлабки беш кунида ҳам бир қатор ўзбекистонлик боксчи ўз жангини ўтказди. Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Шаҳобиддин Зоиров, Мадиёр Саидраҳимов, Абдумалик Ҳалоков ва Лазизбек Муллажонов рақибларини енгиб, кейинги босқичга йўл олган бўлса, Ҳасанбой Дўстматов, Шоҳжаҳон Абдуллаев, Миразизбек Мирзахалилов ва Шаҳрам Ғиёсов мусобақа билан эрта хайрлашди.
Изоҳ (0)