Жозе таркибнинг барқарор эмаслигидан норози
«Оиламиз Будёга учиб келди. Совуқми? Шамол эсяптими? Сунъий майдонми? Нима фарқ бор. Келинглар, ўйнаймиз ва одамлар севган нарсани берамиз… Футболни». Жозе Моуриньо «Рома»нинг Конференциялар Лигаси 3-туридан ўрин олган «Будё Глимт»га қарши ўйини олдидан Instagram’ига худди шундай пост қолдирган эди. Португалиялик футболчилар билан бирга қорли майдонда турган видеосини жойлади ва унда ҳимоячи Жанлука Манчинининг: «Бу ерга келишимизга ўзимиз айбдормиз. Аҳмоқона ўтказган мавсумимиз учун жазо бу», дегани эшитилган.
https://www.instagram.com/p/CVQmuImIt_l/
«Рома» 1:6 ҳисобида мағлуб бўлди. Россиялик машҳур таҳлилчилар Вадим Лукомский ва Юрий Шевченко римликларнинг ушбу мағлубияти фонида Моуриньонинг «Рома» ўйинига олиб кирган ўзгаришларини таҳлил қилиб чиқди.
«Жамоага ғалабалар етишмаяпти, биз ғалаба қозонадиган жамоа лойиҳаси устида ишлаяпмиз. Агар улар мен билан бирга ғалабаларга эришса — бу жуда идеал бўлади. Мабодо ғалабалар кейинроқ келса, унда барча орзу қилган келажакка пойдевор қуришга ёрдам берганимдан мамнун бўламан», — деганди Жозе октябрь ойи бошида Esquire журналига берган интервьюсида.
«Рома» мавсумни кетма-кет 6 ғалаба билан бошлади. 19 та гол урди. Аммо кейинги 7 ўйиннинг 4 тасида мағлуб бўлди. Моуриньо бошиданоқ ундан катта натижа кутмасликни, ишни энди бошлаганини айтганди. Жозенинг сўзларига кўра, «Рома» мунтазам равишда яхши натижалар қайд этиши учун кўп нарсалар, жумладан, мувозанат ва танлови кенг таркиб етишмаётганини таъкидлайди. Ундан ташқари португалиялик вақт ва менталитетни ҳам доим эслаб ўтади. Ҳозир Моуриньо бир пайтлар «Интер»да ишлагандек ёрқин ва ҳайратланарли бўлиб кўринмайди, лекин мутахассис ҳамон кўп нарсани тушунтиришга уринади, Рим жамоаси ўзгараётганини таъкидлайди.
Моуриньонинг фикрича «Рома»га баланс керак: ғалабадан кейинги эйфориялар, мағлубиятдан кейинги драмалар шарт эмас
«Рома» «Сассуоло»га охирги дақиқаларда гол урганида (2:1) Моуриньо майдонга отилиб чиққан эди. Бу унинг фаолиятидаги 1000-ўйин эди ва португалиялик ғалабани жуда хоҳлаганди. Эҳтиросли муносабатни у шахсий натижасига боғлар, «Рома»нинг ғалабасини ва мағлубиятини хотиржам қабул қилиш кераклигини сўрарди. «Верона», «Лацио» ва «Ювентус»га учралган мағлубиятдан сўнг у жамоани мақтади. «Будё Глимт»га қарши ўйиндаги натижа эса — алоҳида мавзу.«Бунгача биз 60 та эмас, 6 та ўйинда ғалаба қозондик. Ҳозир эса 10 та эмас битта ўйинда мағлуб бўлдик», — деган эди Жозе «Верона»га қарши 2:3 ҳисобида якунланган ўйиндан сўнг. Португалиялик мутахассиснинг сўзларига кўра, муайян ўйин орқали жамоа ҳақида хулоса қилиш керак эмас. Барчасини мавсум якунидаги натижалар кўрсатади. Бундай муносабатни мувозанатли деб ҳисоблайди ва бу нафақат «Рома»нинг ўйинини, балки майдондаги ҳаракатларни баҳолаш дея қабул қилиш мумкинлигини айтади.
«Рационаллик ва ҳиссиётлар ўртасидаги мувозанатни топиш муҳим. Агар ҳиссиётларга берилиб кетсанг, ғалаба қозониш қийинлашади. Агар рационал фикрласанг, ҳиссиётлар беркилиб қолади», — деб ҳисоблайди Моуриньо.
«Агар жамоада мувозанат бўлмаса, чемпионат етакчиси бўла олмайди. Ҳар бир мураббий жамоаси яхши ўйнашини хоҳлайди, аммо натижа энг муҳими. Мен доим ғалаба ҳақида ўйлайман. Унга яхши ўйнаш билан эришилса — бу жуда ажойиб», — дейди мутахассис.
«Футболда энг оддий нарса нима, биласизми? Ҳимояланиш. Айниқса, ҳужумдаги фаол ҳаракатлар эвазига. Лекин биз жамоа ҳужум қилиши ва гол уришини хоҳлаймиз. Биз аллақачон иккита гол урган икки ўйинда мағлуб бўлдик. Яхши ҳимояланадиган жамоа бундай мағлубиятга учрамайди. Шунинг учун бизга вақт керак».
Раҳбарият ҳам Моуриньодан дарҳол натижа талаб қилмаяпти — унга вақт беряпти
«Вақт сенга дўст ҳам бўлиши мумкин, душман ҳам», — деган эди Жозе интервьюларидан бирида. Матбуот анжуманларида у 3 ойлик эмас, 3 йиллик шартнома имзолаганини эслатиб ўтади. «Ювентус»га қарши ўйин олдидан Массимилиано Аллегрида устунлик борлиги, у бундан аввал жамоада беш мавсум ишлаганини таъкидлаб ўтганди.«Мен ‘Челси’, ‘Интер’, ‘Реал’ каби жамоаларга борганимда, ҳаммаси оддий эди. Шунчаки дарҳол муваффақиятга эришиш лозим. ‘Ромаъда эса вазият бошқача. Римликлар ўтган мавсумни биринчи ўриндан 29 очко, 4-ўриндаги жамоадан эса 16 очко кам жамғариб, якунлаган. Вақт кераклиги аниқ. ‘Рома’ анчадан буён муваффақиятга эришмаяпти, демак буни тўғрилаш учун вақт лозим. Кадрлар билан ҳар кун, мунтазам равишда ишлаш керак, буни журналист ва мухлислар, албатта, кўрмайди. Биз буни бажаряпмиз ва бу кейинроқ ўз натижасини беради».
Жозенинг вақт масаласидаги гапларини «Рома» хўжайини Ден Фридкин ҳам қўллаб-қувватлайди. У дарҳол юксак натижалар талаб қилмаяпти. «Менга вақт берилди, лекин уни еттинчи ёки саккизинчи бўлиш учун сарфлашни истамайман. Ривожланиш жараёнини тезлаштираман. Жамоани келажак учун тайёрлаяпман. Рақибларга, ҳаттоки, кучли рақибларга қарши ҳам биз ғалаба учун майдонга тушамиз. Бу келажакда бизга қўл келадиган менталитет», — дейди ишонч билан Жозе.
Жозенинг ишончи комил: тўғри менталитет омадсизликларни оқлаши мумкин. Ғалаба интилиш йўлида гол ўтказиб юбориш хато эмас
Тўғри менталитет ҳақида гапирганда Моуриньо «Сассуоло»га қарши ўйинни мисол келтиради. Иккала жамоа ҳам жуда кўп вазиятлар яратди, ўйин сўнгига қадар ҳисоб 1:1 эди, Стефан аш-Шаарави «Рома»га ғалаба олиб келди. «Биз ғалаба қозонишни хоҳлаганимиз учун мағлуб бўлишимиз мумкин эди. Бундай мағлубият учун жамоани танқид қила олмайман», — деди Моуриньо.Португалиялик мутахассис жамоанинг муаммоларига муносабат билдириш жуда муҳим деб ҳисоблайди. Уларни кузата туриб, қимматли хулосалар чиқариш мумкин:
— Мағлубиятдан кейин жамоа хафа бўлиши керак. Лекин негатив ҳиссиётларни мотивацияга айлантириш лозим, у тушкунлик ва депрессияга сабаб бўлиши керак эмас;
— Жамоа ғалаба қозона олмаса, лекин жон-жаҳди билан ҳаракат қилган бўлса, демак барчасини тўғри бажарилган;
— Мағлуб бўлаётган жамоа таваккалга қўл уриши керак. Агар рақиб ҳисобда олдинда бориб, ўйинни назорат қилаётган бўлса — бу муаммо.
«Шундай ўйинларда ютқазсанг, хавотир оладиган ҳеч нарса йўқ. Кечки овқатга бориш ва шаҳарни айланиш мумкин. Афсусланиш керак эмас. Биз майдонда энг яхшиси эдик. Футболчилар кучли характер кўрсата олди. Ҳафсалам пир бўлди, лекин хафа эмасман. Жамоа зўр ўйнади», — деган эди «Лацио»га қарши ўйинда 2:3 ҳисобида мағлуб бўлганидан кейин Жозе.
Моуриньо «Рома» таркибидан норози: танлов ва етарлича тажриба йўқ
Жозе фақатгина «Будё Глимт»га қарши ўйиндан кейин жамоани мақтамади. У мағлубиятни ўз бўйнига олди, оптимал бўлмаган таркибни туширганини тан олди.«Жавобгарлик менинг бўйнимда. Шундай таркиб билан тушишни мен хоҳладим. Кам ўйин амалиётига эга бўлаётган футболчиларга имкон бердим. Сунъий майдонда ва бундай об-ҳавода биздан яхшироқ ўйнаган жамоага ютқаздик. Уларнинг асосий таркиби бизникидан кучли эди», — деди Жозе. Corriere dello Sport’нинг хабарига кўра, Моуриньо кийим алмаштириш хонасида футболчиларга бақирган, улар Норвегия чемпионати ёки B Серияда ўйнашга нолойиқ эканини айтган.
«Агар менда битта таркибни доим майдонга тушириш имкони бўлганда, шундай қилар эдим. Иккита таркибимиз орасидаги фарқ анча катта. Нима қилаётганимни билар эдим. Лекин энди нега жамоада ротация йўқлиги борасида мен билан ҳеч ким баҳслашмайди».
Норвегияда бўлиб ўтган ўйинда Калафьори, Кумбулла ва Рейнолдс каби футболчилар асосий таркибда майдонга тушди. Жозе Моуриньо «Рома»нинг захираси билан А Сериядаги бошқа топ-жамоаларнинг захирасини таққослаш керак эмаслигини таъкидлайди.
«Рома»нинг беш футболчиси мавсум бошидаги 9 ўйиннинг барчасида асосий таркибида майдонга тушди: Руй Патрисиу, Манчини, Карсдорп, Абраҳам ва Верету. 5 футболчи (Кристанте, Ибанес, Пеллегрини, Мхитарян ва Заниоло) 7 та ўйинда асосий таркибда майдонга тушди. Матиас Виня олти ўйинда асосий таркибдан жой олди. Бошқалар эса жуда кам — кўпи билан икки мартадан асосий таркибда майдонга тушган.
«‘Рома’ жароҳатлар гирдобига тушиб қолмаслигига умид қилишимиз лозим. Мен муҳим деб ҳисоблаган бир нечта футболчи билан шартнома имзоламадик. Бу билан раҳбариятни танқид қилмоқчи эмасман, бунга ҳаққим ҳам йўқ. ‘Рома’ Спинаццоланинг жароҳати ва Жеконинг кетганини ҳазм қила олиши керак. Вазифам таркибда бор футболчилар билан ишлаш. Қолгани ҳақида эса январда ёки келаси йил ёзда ўйлаш мумкин».
La Gazzetta dello Sport қишки трансфер ойнасида Моуриньо марказий ярим ҳимоячи, ўнг қанот ҳимоячиси ва чап оёқ бўлган марказий ҳимоячи талаб қилаётгани ҳақида хабар қилди. Ҳозирча эса жамоадан босимни олиб ташлаяпти: «Бошқа жамоалар каби каттароқ нарсаларга эришишга умид қилмаяпмиз. Шунчаки навбатдаги ўйинда ғалаба учун майдонга тушяпмиз».
Жамоа Жозе хоҳлагандек футбол ўйнаяптими, деган саволга у шундай жавоб беради: «Агар шундай бўлганда, биз 10:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлардик. Лекин ҳали лойиҳа ривожланишда давом этяпти».
Келинг, Жозе Моуриньонинг режаси ҳақида гаплашамиз.
«Рома» — ҳали хом, лекин Моуриньонинг таниқли жамоаси. Бу эса А Серияда қўл келиши мумкин
«Тоттенҳэм»га келишдан аввал Моуриньо ўзининг тамойилларига содиқ эди: «Ҳар доим ўқиш энг муҳими. Турли даврдаги одамларнинг ишларини ўқиш менга ёқади — яқинда бир дўстим Чарльз Дарвин ҳақида ўйлашим кераклигини айтди. У: ‘Кучлилар эмас, ҳаттоки ақллилар ҳам эмас, фақатгина мослашувчанлар тирик қолади’, деб ёзганди. Ҳар доим ҳам ўзгариш яхшиликка хизмат қилмайди, баъзан барчаси ёмон бўлиши ҳам мумкин. Лекин ўзгариш ва мослашиш лозим. Охирги пайтлар шу ҳақида кўп ўйлаяпман. Ўқияпман, материалларни ўрганяпман, нималарнидир қайд қилиб қўймоқдаман.Бошқа спорт турларини ҳам таҳлил қиляпман, штабимга кириши мумкин бўлган одамлар билан суҳбатлашяпман. Янгиликларга интилиш керак. Биз суҳбатлашамиз, муаммоларни таҳлил қиламиз ва ишга ёрдам берадиган масалаларни ҳал қиламиз».
Лондондаги дастлабки ойларида Жозе гибрид схема ва позицион тизимни синаб кўрди, лекин охирида классик услуб — ҳимоявий, қарши ҳужумларга ўтиб олди.
Бундай услуб иш бериши мумкин, лекин у замонавий мураббийларнинг тизимидан кўра футболчиларнинг жисмоний ва психологик ҳолатига ҳам боғлиқ бўлади.
«Тоттенҳэм»даги илк мавсумининг бошида ёқимли давр бўлди, лекин бу ҳам узоқ давом этмади.
«Рома»да қайтадан уриниб кўради. Бу сафар ҳеч қандай ваъдалар бўлмади. Тактик жиҳатдан Жозе классик услубни қўллаши кутилмоқда. Моуриньо классик услубда ўтиш эпизодларига кўпроқ урғу беради. Португалиялик 2000 йилларда ўзлаштирган муҳим тамойиллар:
«Тўп бир жамоадан бошқасига ўтгандан кейинги лаҳзалар энг муҳими. Рақиб уюшқоқлик билан ҳимояланса, гол уриш жуда қийин. Тўп бир жамоадан бошқасига ўтганда, рақибда ҳужум қилиш учун яхши имкониятлар пайдо бўлади. Биз тўп йўқотганда, дарҳол унга муносабат билдиришимиз лозим. Футболчилар ўйинни ўқий олиши керак, тўпни йўқотгандан сўнг қандай қилиб прессинг қилиш, ҳимоявий услубни яхшироқ қўллаш ҳақида билиши лозим. Барча ўйинни стандартлар ҳал қилади дейди. Мен бундай деб ҳисобламайман, тўпнинг ўтиш эпизодлари энг муҳими».
Замонавий футболда прессинг ва позицион тузилма ҳукмрон. Ҳатто Жозенинг севимли услуби қанчалик ўзлаштирилмасин, рақиблар жамоани паст блокда ушлашга уринади. Бундан ташқари кўп жамоалар контрпрессингни ўзлаштириб олган. Бундан тўғри фойдаланилса тўпни тезроқ қайтариб олишга; камроқ югуришга; таркибда бузувчи футболчиларни камроқ бўлишига; позицион ҳужумнинг яна-да яхшироқ бўлишига ёрдам беради.
А Серияни Жозенинг услуби иш берадиган чемпионат деса ҳам бўлади. Бу ерда очиқроқ ўйнайдиган жамоалар кўп. Моуриньо очишга қийналадиган «автобуслар» Италияда мавсумдан мавсумга камайиб бормоқда.
Жозени тактик жиҳатдан ўрганиб олган АПЛдан фарқи шунда. Opta’нинг маълумотларига кўра ўтган мавсум АПЛда 10 ва ундан ортиқ тўп узатишлар орқали ташкил этилган ҳужумлар сони кўп (769) бўлган. Италияда узоқ давом этадиган ҳужумлар кам. А Серияда жарима майдони ичида якунланган тезкор ҳужумлар (153) кўпроқ бўлган.
Бу натижадан кўриниб турибдики, Моуриньо яхши кўрадиган ўтиш эпизодларининг сони кўпроқ. Бу эса Жозега устунлик беради. Бундай ҳолатда унинг классик услуби Англиядан кўра, кўпроқ Италияда (бу ҳам ҳали номаълум) иш беради.
Ушбу тенденция Жозенинг «Рома»даги дебют ўйинида кўринди: Римда «Фиорентина»га қарши 17-дақиқадан бошлаб (52-дақиқагача) бир киши кўп бўлиб ўйнаган «Рома» тўпни камроқ назорат қилди (42%), лекин услуб жиҳатдан кучли рақибни таслим этди.
«Рома» ўйин услуби жиҳатидан дарҳол Жозенинг жамоасига айланди.- Тўпсиз ўрта/паст блок. «Рома» кутиб туради, прессинг қилмайди.
- 4-2-3-1 схемаси охирги 10 йилликда португалиялик мутахассиснинг севимли услубига айланган. Жозе ушбу услубни барча ўйинларда қўллаб кўрди ва бир нечта футболчилар эркин ҳаракат қилиш имконига эга бўлди: Жордан Верету чуқурроқдан тезлик олади, Генрих Мхитарян қанотдан старт олади, Лоренцо Пеллегрини эса ўнлик позициясини эгаллади.
- Ўтиш эпизодлари орқали ўйин. «Рома»нинг 12 голидан 8 таси айнан шундай урилди. Мана классик мисол — аввалига «Рома» рақибни кутиб олади ва қанотдан тузоққа туширади. Тўп олиб қўйилганидан кейин «Рома» ҳужумга ўтиши учун имконият ҳосил бўлади:
- Ўзгарувчан ҳужумчининг мавжудлиги. Жозенинг ҳужумчига қўядиган талаблари билан Элдор Шомуродов ҳақидаги мақолада тасвирланганди. Асосийси — бу алдамчи эмас, соф, меҳнатсевар ва рақиб ҳимоячи ортидан очила оладиган ҳужумчи бўлиши керак. Шомуродов барча талабларга мос келмайди (шунинг учун кўпроқ захирада қолдирилади), Абраҳам эса у яратган қолипга жуда мос тушади.
Иккита муҳим муаммо бор — ҳимоя сифати ва топ-жамоаларга қарши ўйинлар. Ўйинда яратилган вазиятлар бўйича «Рома» 14-ўринда (топ-жамоалар ўртасидаги энг ёмон натижа). Бу жамоа учун хавотирли.
Топ-жамоалардан фақат «Лацио» ва «Ювентус»га қарши ўйнади. Иккаласида ҳам биринчи гол ўтказиб юборди. Муаммо шу ерда. Жозенинг классикаси иш бермайдиган ўйинлар шулар. Энди у 10 йилдан бери қўллаб кўрмаган янги услубларга қўл уриши керак.
Умуман олганда ҳозирги «Рома» — хом, лекин Моуриньонинг таниқли жамоаси. Ундай бўлса «Будё Глимт»га қарши ўйиндаги 1:6 ҳисобини қандай тушуниш мумкин? Мураббий айтиб ўтганидек, у нотўғри таркиб танлаган. Бир тарафдан у ҳақ, лекин бу гаплар кийим алмаштириш хонасидаги муҳитга таъсир қилиши мумкин. Айнан шу нарса Конференциялар Лигаси доирасидаги Норвегияда бўлиб ўтган ўйиндан кейин содир бўладиган нохуш натижа бўлиши мумкин.
«Рома» футболчилари Жозедан мамнун. Лоренцо Пеллегрини 10 ўйинда 7 та гол урди. Жордан Веретунинг сўзларига кўра, Моуриньо — ноёб инсон. «Жозе ўз иштиёқи билан лол қолдиради, унинг кайфияти билан ҳисоблашиш лозим», — дейди Стефан аш-Шараави.
«Рома» мавсумни ўтган йилгидан кўра ёмонроқ бошлади. 2020/21 йилги мавсумда Пауло Фонсека қўл остида римликлар 8 турдан сўнг 17 очко жамғарганди. 9-турда эса «Наполи»га 0:4 ҳисобида мағлуб бўлганди. Жозе Моуриньо жамоаси эса 8 турдан сўнг 15 очко йиғиб, «Наполи»га қарши 9-турда дуранг натижа қайд этди.
Изоҳ (0)