Ўзбекистон электр тармоқларида 2023 йилда биринчи юқори кучланишли рақамли подстанция ишга туширилади, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, 220 кВ кучланишли рақамли подстанция Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида қурилади. Қурилиш ишлари билан «тайёр ҳолда топшириш» шарти асосида Хитойнинг Shanghai Electric Group Co., Ltd компанияси шуғулланади. Ушбу компания Осиё тараққиёт банки талабларига кўра ўтказилган халқаро тендер савдоларида ғолиб бўлган. Консалтинг компания сифатида Германиянинг GOPA — International Energy Consultants GmbH компанияси фаолият юритади.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 28 апрелдаги «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда 2020 йил 28 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2021–2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ амалга оширилмоқда.
«Технологик жараёнларни бошқариш тўлиқ юқори даражада автоматлаштирилган, энг замонавий ахборот технологияларининг бошқарув тизимлари ва воситалари билан жиҳозланадиган рақамли «Зафаробод» подстанцияси вилоят энергетика тизимини 500 МВА қўшимча қувват билан таъминлайди», — деган «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» бошқаруви раиси ўринбосари Феруз Қурбонов.
Изоҳ (0)