Ўзбекистонда АҚШнинг терроризмга қарши курашиш бўйича қуролли кучларини жойлаштириш имконияти кун тартибида йўқ ва муҳокама қилинмаяпти. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов МДҲ давлатлари ташқи ишлар вазирлари Кенгаши йиғилиши доирасида журналистларга маълум қилди, деб ёзмоқда «Gazeta.uz».
Аввалроқ Politico нашри Америка ҳарбий идораси режаларидан хабардор бўлган АҚШ Конгрессидаги манбаларига таяниб, Пентагон расмийлари шу ой Ўзбекистонда терроризмга қарши курашиш кучларини жойлаштириш имкониятини муҳокама қилишини эълон қилганди.
Нашр маълумотларига кўра, кун тартибидаги асосий масала АҚШ ҳарбийларига «Афғонистондаги мўлжалларни яхшироқ кузатиб, зарба беришга ёрдам берувчи горизонт орти» терроризмга қарши курашиш кучларини жойлаштириш имконияти бўлади.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг «Gazeta.uz»га маълум қилишича, вазирлик Пентагондан мамлакатга ташриф бўйича ҳеч қандай расмий мурожаат олмаган.
Май ойида The Wall Street Journal АҚШ Афғонистондан олиб чиқилаётган қўшинларини Марказий Осиёда ёки Яқин Шарқда жойлаштириш вариантларини кўриб чиқаётганини маълум қилганди. Мақбул вариантлар сифатида Ўзбекистон ва Тожикистон келтирилганди.
Ўзбекистоннинг 2018 йил январь ойида қабул қилинган Мудофаа доктринасига кўра, мамлакатда хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектларини жойлаштиришга рухсат берилмайди.
Изоҳ (0)