Ўзбекистон Россиядан 1 миллион гектар ер майдонини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ижарага олмоқчи. Улардан олинган ҳосил Ўзбекистоннинг ички бозоридаги талабни қондиришга йўналтирилади. Бу ҳақда «РБК» нашрига таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.
Октябрь ойи бошида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев Россия қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Сергей Левин билан қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларни ўзбекистонлик фермерларга ижарага беришни муҳокама қилган.
Биринчи босқичда «мулоқот ўрнатиш ва ўзаро ҳамкорлик механизмларни йўлга қўйиш» мақсадида 35 минг гектар ерни ижарага олиш таклиф қилинган. Бунда Россия шароитларида етиштирилиши мумкин бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари: буғдой, соя, мойли экинлар экилиши мумкин. Ҳосил Ўзбекистонга олиб келинади.
Таъкидланишича, яқин йилларда ижарага олинган ерларнинг умумий майдони 300−500 минг гектаргача, истиқболда эса 1 миллион гектаргача кенгайтирилиши мумкин.
Россия томони Ўзбекистонга ўсимлик етиштириш бўйича хорижий инвестицион лойиҳаларни ташкил этиш шароитларини тушунтириб берган. Лойиҳани амалга ошириш муддатлари ва аниқ механизмлар Ўзбекистон ишчи гуруҳининг Россияга ташрифи доирасида муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Изоҳ (0)