Профессионал футбол Лигаси (ПФЛ) сўнгги бир йил ичидаги ўзгаришлар ҳақидаги видео ҳисоботни намойиш қилди. Мазкур ҳисоботда ПФЛда сўнгги вақтда рўй берган ўзгаришлар санаб ўтилди. Улар ичида айрим қизиқарли маълумот ва рақамларни учратиш мумкин.
Қайд этилишича, 2021 йилга қадар ҳакамлар битта Суперлига ўйинини бошқаргани учун 300 АҚШ доллари миқдорида гонорар олган. Жорий мавсумдан бу миқдор 550 долларга кўтарилган. Шунингдек, Марказий Осиёда биринчи бўлиб Ўзбекистон чемпионати баҳсларида татбиқ этилган VAR тизими харажатларини ПФЛ тўлиқ қоплайди.
Аёллар ва футзал жамоалари шу вақтга қадар йилига 50 миллион сўмдан бадал тўлаб келган. Бу мавсумдан улар бадалдан тўлиқ озод этилган. Бадал пули Про-Лига ва Биринчи Лига жамоалари учун 50 фоизга, Суперлига клублари учун эса 30 фоизга қисқартирилган. ПФЛ келажакда бадал пулларини тўлиқ йўқ қилиб, клубларни молиявий рағбатлантирувчи ташкилотга айланишни мақсад қилгани айтилган.
Маълум бўлишича, ПФЛ 2020 йил MyCujoo билан ҳамкорликдан 27 минг евро даромад қилган. Жорий мавсумнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич 24 минг еврони ташкил қилган. Шунингдек, ташкилот Суперлига ва Ўзбекистон Кубоги ўйинларидан қисқа видеошарҳ тайёрлаш ва намойиш этиш ҳуқуқини ҳам сотган. «Championat.asia» ва «Tribuna.uz» сайтларининг ҳар бири ушбу ҳуқуқни бир мавсум учун 100 миллион сўм эвазига сотиб олган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)