Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 21 сентябрь куни АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) администратори Саманта Пауэр билан музокаралар ўтказди.
ТИВ матбуот хизматининг хабар беришича, суҳбат чоғида Ўзбекистон ва USAID ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Афғонистондаги вазият ва мамлакатда гуманитар инқирознинг олдини олиш бўйича зарур ёрдам кўрсатишнинг аҳамияти хусусида фикр алмашилди.
Шунингдек, мамлакатда соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги дастурларни амалга ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, Ўзбекистоннинг COVID-19 га қарши курашини қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорликни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди.
«Gazeta.uz»нинг USAID хабарига таяниб ёзишича, Абдулазиз Комилов ва Саманта Пауэр, шунингдек, бир ой ичида бўлиб ўтадиган «Ўзбекистонда эркин ва адолатли президентлик сайловларининг аҳамиятини муҳокама қилди».
Эслатиб ўтамиз, Абдулазиз Комилов бундан аввал АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) администратори Саманта Пауэр билан 28 июнь куни амалий ташриф билан АҚШга борганида музокара ўтказганди.
Саманта Пауэр Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини амалга оширишда ўсишга эришилаётганини олқишлаган ҳамда ҳукуматнинг ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар тараққиёт бўйича мақсадларига эришишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.
Изоҳ (0)