8 сентябрь, чоршанба куни Россия Фавқулодда вазиятлар вазири Евгений Зиничев Красноярск ўлкасидаги Норильск шаҳридан 120 километр узоқликда жойлашган Лама кўлида ҳалок бўлди. Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, ҳодиса «ўқув машғулотлари пайтида» содир бўлган. Зиничев режиссёр Александр Мельникни қутқаришга уринган. Зиничев билан «жарлик четида» турган Мельник сирғалиб сувга тушиб кетган. Худди шу версияни (манба кўрсатмасдан) РТ телеканали раҳбари Маргарита Симонян ўз Telegram каналида маълум қилди. Мельник («Янги ер» ва «Ҳудуд» фильмлари муаллифи) Норильскка Арктика ва Шимолий денгиз йўлининг ривожланишига бағишланган янги ҳужжатли лойиҳани суратга олишга тайёргарлик кўриш учун келганди. Режиссёр ҳам ҳалок бўлди.
Meduza «Путиннинг собиқ қўриқчиси», бутун умри давомида оммадан қочишга уриниб келган, лекин сўнгги йилларда ҳамманинг кўз олдида бўлишига мажбур бўлган Евгений Зиничевнинг таржимаи ҳоли ҳақида ҳикоя қилади.
Шундай фаолият билан шуғулланадиган барча кишилар сингари Евгений Зиничевнинг ҳам қисқача расмий таржимаи ҳоли бор. У 1966 йилда Ленинградда туғилган, Шимолий флотда ҳарбий хизматни ўтаганидан сўнг, дарҳол 1987 йилда Совет иттифоқи Давлат хавфсизлик қўмитасида иш бошлаган. Иттифоқ парчаланганидан кейин эса Россия давлат хавфсизлик органларида, жумладан 1996 йилда тузилган Федерал қўриқлаш хизматида фаолият олиб борган.
2012—2013 йилларда Зиничев Қуролли кучлар бош штаби ҳарбий академиясида қайта тайёрлаш курсидан ўтди, 2014 йилда Федерал хавфсизлик хизмати(ФХХ)нинг терроризмга қарши кураш хизмати раҳбари ўринбосари, 2015 йил июнь ойида генерал майор унвони билан Калининград вилояти ФХХ бўлими бошлиғи бўлди.
Зиничевнинг номи жамиятда 2016 йилнинг ёзида, президент Владимир Путин кутилмаганда уни Калининград вилояти губернатори вазифасини бажарувчи этиб тайинлаганда маълум бўлди. Ўшанда Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ҳатто Зиничев ҳақиқатан ҳам президент хавфсизлик хизматида ишлаганини расман тасдиқлашга мажбур бўлган, чунки қандайдир номаълум шахс янги губернатор бўлаётган эди. «РБК»нинг Кремлга яқин суҳбатдоши Зиничевни Владимир Путиннинг ёрдамчиларидан бири деб атаган.
Евгений Зиничев — Россия президентининг собиқ қўриқчиси бўлган. У ва яна уч соқчисини Путин мамлакат ҳудудларида губернатор вазифасини бажарувчи этиб тайинлаган: 2016 йил февраль ойида Алексей Дюмин Тула вилоятига раҳбарлик қилишни бошлади, 2016 йил июлда Евгений Зиничев ва Дмитрий Миронов мос равишда Калининград ва Ярослав вилоятларининг, 2018 йил сентябрь ойида Сергей Морозов Астрахан вилоятининг губернатори вазифасини бажарувчи бўлди. Дюмин ва Миронов шу кунгача вилоятларни бошқаришда давом этмоқда, қолган икки собиқ президент қўриқчилари ўз лавозимларини қисқа вақтда тарк этган: Зиничев икки ойдан кўпроқ губернатор вазифасида ишлаган, Морозов саккиз ойдан кейин маҳаллий ҳокимлик органини тарк этган.
Губернатор лавозимида Зиничев ўзининг ниҳоятда қисқа матбуот анжумани билан ёдда қолган (у журналистлар билан 49 сония гаплашган), бу унинг сўнгги матбуот анжумани бўлди. Икки ой ўтгач, Путин Зиничевни «оилавий шароитига кўра» лавозимидан озод қилди.
Бу лавозимда иш бошлаганидан ҳеч қанча ўтмай Зиничев фуқаролик давлат идораси унга тўғри келмаслигини англаб етди, дейди ўша пайтда Россия президенти маъмуриятида ишлаган Meduza суҳбатдоши: «Мен бу ҳақда президентга ростини айтдим ва муносиб хизмат сўрадим. Путин ростгўйликни қадрларди».
Зиничевнинг «губернаторликда ўзини топа олмагани» ҳақида 2016 йилда «РБК»нинг Кремлга ва ФХХ раҳбариятига яқин манбалари ҳам айтган. «Зиничевнинг ошкоралик билан боғлиқ жиддий муаммолари бор эди, у оммадан қочарди», — дейди улардан бири.
Зиничев минтақада қабул қилишга улгурган кам сонли қарорлардан бири бу Антон Алихановнинг вилоят ҳукумати бош вазири ўринбосари лавозимига тайинлаши бўлди, бу лавозим олти йилдан бери бўш эди. Алиханов Зиничев истеъфога чиқиши биланоқ Калининград вилоятини бошқарган ва Россиядаги энг ёш губернаторга айланган. У ўша пайтда атиги 30 ёшда эди — қонунга кўра, бундай лавозимни эгаллайдиган одам учун белгиланган энг кичик ёш.
«Миш-мишларга кўра, Зиничев Алиханов талаб этилган ёшга етгунча ‘жойни иситиб турган’. Аммо аслида ундай эмас эди, дастлаб у мослашишга ҳаракат қилди, ишга киришишга уринаётгани рост эди, аммо у учун жамоатчилик қаршисига чиқиш қанчалик қийинлиги ҳам кўриниб турарди», — дейди Meduza’нинг вилоят депутатлар корпусидаги суҳбатдоши.
«Зиничев — Владимир Путиннинг энг яқин одамларидан бири бўлган. Путин унга ишонар ва уни ўсишга қодир деб биларди. Зиничев ўзини ҳақиқий эркаклардек тутгани, ўзига ёт бўлган омма эътиборига дуч келгани ҳамда губернатор лавозимини эгаллашга ҳеч қандай йўл билан уринмагани, аксинча уни лавозимдан озод қилишни сўрагани — якунда унинг фойдасига ишлаган», — деган эди Урал федерал округининг собиқ ўринбосари Андрей Колядин «BBC рус хизмати»га.
«Бу ерда PR қилиш муҳим эмас, аксинча топшириқларни бажариш муҳим. Зиничев меҳнаткаш, содиқ ва оммадан йироқ одам, у берилган вазифаларга мос келади»,— дея қўшимча қилган у.
Генерал-лейтенант унвонига эга Зиничев истеъфога чиққандан сўнг ҳеч қанча ўтмай ФХХ директорининг ўринбосари этиб тайинланди. Бу лавозимда у тахминан бир ярим йил ишлади ва 2018 йил май ойида Россия ҳукуматининг аъзоси бўлди: Путин Зиничевни фавқулодда вазиятлар вазири қилди. Худди шу 2018 йил май ойида Путиннинг буйруғи билан Зиничев Россия хавфсизлик кенгашининг аъзосига айланди.
Зиничевнинг ФХХда айнан қандай вазифаларни бажариши номаълум эди: у «ўз ҳаёти билан яшайдиган» ўзининг кичик аппаратини ташкил қилган, дейди «Ведомости» манбаси. Сиёсатшунос Евгений Минченко Зиничевни ФХХ директори лавозимига номзодлардан бири деб ҳисоблаши, шунинг учун унинг Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимига тайинланиши «шунчаки» чиқарилган қарор эмаслигини айтган: аммо у ФХХ директори бўлмади, Минченко бўлим ичидаги фитналар ҳақида гапирган.
Янги лавозимга киришган заҳоти Зиничев бир нечта мажбурий топшириқлар берди, масалан, «Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий штаб-квартираси марказий аппарат структурасига мос бўлиши учун вазирликнинг мақбул структурасини ишлаб чиқиш» зарур эди.
Федерал вазирлик раҳбари лавозими энди жим туришга ва панада бўлишга имкон бермасди, лекин Зиничев оммавий нутқларини минимал даражага туширишга уринар ва тобора соддалаштирилган расмий иборалар билан гапирарди. «Жамиятнинг Россия фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларига бўлган ишончини ошириш ва вазирлик ташкил этилганидан буён шаклланиб келган анъаналарни давом эттириш ниҳоятда муҳим», — деди Зиничев фавқулодда вазиятлар вазирлигининг йиғилишида.
Аммо бир ҳафта ўтгач, янги вазир собиқ вазир Владимир Пучковнинг бир қанча буйруқ ва кўрсатмаларини бекор қилиб, айрим «мустаҳкам анъаналарни» бузишни бошлади. Масалан, Зиничев ходимларнинг бўлинмалараро ҳаракатланишига қўйилган тақиқни бекор қилди, хизмат формасидаги оловранг берет ўрнига (ушбу ҳарбий қалпоқча ҳам Пучковнинг инновацияси эди) аввалги фуражкаларни қайтарди.
«Биз учун берет худди буқа учун қизил мато каби эди. У ўз позицияларини тўлиқ қўлдан бой бериш, яъни ФВВ раҳбариятида тўлиб-тошган ҳарбийларнинг ёнғинга қарши бўлим устидан ғалабаси сифатида қабул қилинарди», — деди ўт ўчирувчилардан бири «Коммерсантъ»га исмини сир тутиш шарти билан. «Офицерлар берет киймасди ва бунинг учун бошлиқлардан жазо оларди. Шу сабабли беретнинг бекор қилиниши рамзий маънога эга эди: бу сиёсат бутунлай ўзгараётганидан далолат эди».
Кейинроқ Зиничев вазирликда тўлиқ аудит ўтказди ва у муассаса фаолиятидаги тизимли камчиликларни аниқлаб берди. «РБК» маълумотларига кўра, хусусан ўт ўчирувчилар гуруҳида 23 мингдан ортиқ ходим, навбатчи соқчиликда эса 11 минг киши етишмаётгани маълум бўлди. «Масалан, ўт ўчириш машинасидаги жанговар экипаж сони олти эмас, икки ёки уч кишидан иборат», — деди ФВВ Инқирозларни бошқариш миллий маркази раҳбари Виктор Яцуценко. Унга кўра, энди ҳар бир инспекторга мингга яқин объект тўғри келади. Яцуценконинг сўзларига кўра, Пучков томонидан қабул қилинган маъмурий қарорлар «моддий-техник таъминот тизимининг бузилишига», шунингдек «ФВВнинг орқа фонидаги бошқарув вертикали барбод бўлишига» олиб келган.
ФВВ янги раҳбари ҳуқуқ-тартибот блокидаги амалдорларни вазирликда ишлашга фаол жалб қилди. Шу тарзда, 2018 йил июнь ойи бошида собиқ бош прокурорнинг махсус топшириқлар бўйича ёрдамчиси Алексей Серко ФВВ раҳбарининг ўринбосари бўлди.
Худди шу ойда ФВВда 40 кишидан иборат ички хавфсизлик бош бошқармаси пайдо бўлди, бошқарма ушбу масалалар билан шуғулланадиган жуда кичик бўлимнинг ўрнини эгаллади. Хавфсизликдан ташқари, янги бўлим коррупцияга қарши курашиши ва ФВВнинг қолган аъзоларини назорат қилиши керак эди.
2019 йилда Зиничев вазирликнинг навбатдаги таркибий ислоҳоти бошланганини эълон қилди; аммо, аввалги тизимли ислоҳот 2020 йил тугаган, янги ислоҳотлар ҳақида эса кейин ҳам ФВВда доимий равишда гапирилар эди.
Зиничевнинг сўнгги ташаббусларидан бири ўрмонларни муҳофаза қилиш устидан назоратни федерал даражага қайтариш бўлди. «Ўрмонларни федерал даражада муҳофаза қилиш ва кенгайтириш, ҳимоялаш ва назорат қилиш функцияларини қайтариш. Ҳозирда буларнинг барчаси субъектларга ўтказилган», — деган эди ФВВ раҳбари Путин билан учрашувда.
Сўнгги интервьюсида Зиничев Арктикани «Россиянинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун ҳам, унинг миллий хавфсизлиги учун ҳам энг муҳим устувор йўналишлардан бири» деб ҳисоблашини айтган. Расмий маълумотларга кўра, Зиничев ҳалок бўлган Норильскдаги машғулотлар Арктика минтақасида хавфсизлик тизимини ривожлантириш дастурининг босқичларидан бир эди.
Изоҳ (0)