• Профилга Кириш
  • 1744009905_435.svg 1744009905_642.svg

  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
O'zbekcha
Русский
English
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
    • USD12895.55
    • RUB159.38
    • EUR14338.56
    • Google play
    • App Store
    • Telegram
    • Daryo
      • Интернет-нашр
      • Таҳририят
      • Алоқа маълумотлари
      • Фойдаланиш шартлари
      • Махфийлик сиёсати
      • Янгиликлар архиви
    • Реклама
    • Ижтимоий тармоқлар
      • Instagram | Расмий
      • Instagram | Лайфстайл
      • Instagram | Спорт
      • Facebook | Расмий
      • OK | Расмий
      • YouTube | Daryo
      • YouTube | Daryo Рус тилида
      • YouTube | Daryo Глобал
    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte
    Daryo logo white
    • Ўзбекистон
      • Бошқалар
      • Навоий
      • Тошкент вилояти
      • Сирдарё
      • Жиззах
      • Қашқадарё
      • Сурхондарё
      • Хоразм
      • Бухоро
      • Самарқанд
      • Наманган
      • Фарғона
      • Aндижон
      • Қорақалпоғистон
      • Тошкент ш.
      • Меҳридарё
      • Об-ҳаво
    • Марказий Осиё
      • Ўзбекистон (Маҳаллий)
      • Афгонистон
      • Қирғизистон
      • Қозоғистон
      • Туркманистон
      • Тожикистон
    • Дунё
    • Пул
      • Бизнес
      • Иқтисодиёт
      • Молия
      • Крипто
    • Маданият
      • Кино
      • Китоб
      • Мусиқа
      • Шоу-бизнес
    • Лайфстайл
      • Аёллар саҳифаси
        • Фарзанд
        • Гўзаллик
        • Карьера
        • Маслаҳатлар
        • Мода
        • Рецептлар
      • Технологиялар
        • Архитектура
        • Гаджетлар
        • Илм-фан
        • Коинот
        • Медиа
      • Авто
      • Қўзиқорин
      • Саёҳат
      • Саломатлик
      • Таълим
        • Абитуриент
        • Инглиз тилини ўрганамиз!
    • Спорт
      • Футбол
      • UFC
      • Бокс
    infinix
    Daryo.uz - Login
    Daryo.uz Daryo.uz
    Daryo.uz - Login
    Спорт

    39 йил комада ётган Франция терма жамоасининг собиқ футболчиси вафот этди. Жан-Пьер Адамс ва унга сўнгги паллагача содиқ қолган аёл ҳақида ҳикоя

    «ПСЖ» ва Франция терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Жан-Пьер Адамс 2021 йилнинг 6 сентябрь куни 73 ёшида вафот этди.

    Адамс 1981 йилда 33 ёшида фаолиятини якунлаган. 1982 йилда эса жарроҳлик амалиётидаги тиббий хато туфайли комага тушиб қолади ва 39 йил давомида ҳушига келмайди. Бу йиллар давомида унга рафиқаси Бернадетт қараган.

    «Дарё» 2020 йилнинг май ойида Адамснинг футбол ва унинг ташқарисидаги ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилганди. Қуйида ушбу мақола баъзи ўзгаришлар билан қайта тақдим этилади.

     

    Фото: Google Images

    Фото: Google Images

    Жан-Пьер Адамс — 1948 йил 10 март санасида таваллуд топган. Ёши катта футбол мухлислари уни «Ницца» ҳамда «ПСЖ» клубларидаги фаолияти орқали танишлари мумкин. Адамс Франция терма жамоаси таркибида (1972—1976 йиллар) 22 та ўйин ўтказган.

    Улар 1982 йилдан бери гаплашмаётганди.

    1981 йилда Франция терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Жан-Пьер Адамс фаолиятини якунлайди. У ўша вақтда эндигина 33 ёшда эди. У фаолиятининг охирги йилини Бургундия жанубидаги ҳаваскор «Шалон»да ўтказади. Унинг жамоадошлари орасида Йозеф Клозе (Мирослав Клозенинг отаси) бор эди.

    Адамс келажакда мураббий бўлмоқчи эди ва аллақачон ўқув курсларига қатнашишни бошлаганди. 1982 йилда Жан-Пьер туғилган кунини нишонлаб бўлгач, малака ошириш курсларини давом эттириш мақсадида «Дижон»га йўл олади. У ерда эса бутун ҳаётининг издан чиқишига сабаб бўлган жароҳатни орттириб олади.

    Фото: CNN

    Фото: CNN

    Шундан сўнг Адамс «Лион» клубидаги шифокор олдига дастлабки текширув учун боради. Шифокор жароҳат жиддий эмаслигини, бироқ имкон қадар тезроқ жарроҳлик амалиётини ўтказиш кераклигини айтади, агар вақт ўтиб кетса, жиддий кўриниш олиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантиради.

    «Ҳаммаси жойида, мен ажойиб формадаман», — деб Жан-Пьер Лионнинг ғарбидаги касалхоналардан бирига йўл олади.

    Афсуски, шундан сўнг Адамсни ҳеч ким ҳушига келган ҳолда кўрмайди.

    Адамс 1948 йилда Дакарда туғилган, у пайтда Сенегал ҳали мустақил давлат бўлмаган. Сенегал Франция Ғарбий Африкаси таркибида бўлиб, Дакар унинг пойтахти бўлган.

    Иккинчи жаҳон урушидан кейин Африкадаги ҳаётнинг қанчалик оғир кечганини тасаввур қилишнинг ўзи мушкул. Жан-Пьер диний қадриятларга қатъий амал қилинадиган кўп фарзандли католик оиланинг тўнғичи эди. Болалигидан унинг футболга бўлган меҳри бўлакча бўлган. Амакиси Александр Диедиу маҳаллий «Жанна д’Арк» клубида ўйнарди. Бироқ Адамснинг ота-онаси унинг билим олишига урғу берар ва агар у паст баҳо оладиган бўлса, унга футбол ўйнаш тақиқланарди.

    Жан-Пьер 10 ёшга тўлганида бувиси уни Европага диний зиёратга олиб боради ва Париждан 150 километр узоқликда жойлашган Монтаржи шаҳридаги Сен-Луи мактабига жойлаштиради. Бувиси Африкага қайтади, Жан-Пьер эса Францияда қолади — уни Журденлар оиласи асраб олади.

    «Мен бўйинбоғини йўқотган кучукчага ўхшар эдим», — деб ёдга олганди ўша даврларни футболчи.

    Ўтган асрнинг 50 йилларининг охири 60 йилларнинг бошида Францияда қора танлиларга осон эмасди, бунинг устига яқиндагина Африкадан келган бўлса.

    Фото: CNN

    Фото: CNN

    Унинг зулм ва дилгирликлардан нари бўлиши ва атрофга мослашишида футбол катта аҳамият касб этди. Жисмонан бақувват бўлгани учун синфдошлари орасида тезда қадрланди. Йигитча маҳаллий спорт мактабининг У-13 жамоасида ўйнай бошлади ва тенгдошлари орасида ҳурмат қозонди, ҳатто унга киноя билан «оқ бўри» лақаби берилди.

    Жан-Пьер ўрта мактабни қониқарли баҳоларга тамомлаб, стенограф сифатида ўқишни бошлади. Аммо тез орада бу унинг жонига тегади, мактабни ташлаб, резина заводига ишга киради. Шу билан бирга футбол ўйнашда ҳам давом этади.

    Шундан сўнг маҳаллий «Монтаржи» жамоасида ўйнай бошлайди ва Луи Габрио бошчилигида Франция ҳаваскорлар чемпионатида ғолиб бўлади. Ўша пайтдан бошлаб Адамсга муаммолар «ҳамроҳ»лик қилишни бошлайди.

    Биринчидан, у бир неча бор тиззасидан жиддий жароҳатлар олади. Иккинчидан, унинг жамоадоши, яқин дўстларидан бири, Мишел Слот машина уриб юбориши оқибатида ногирон бўлиб қолса, Ален Гертон Осиёга саёҳат пайтида вирус юқтириб олади ва вафот этади.

    Жан-Пьер 19 ёшида ҳарбий клуб — «Антанта Банио Фонтенбло Немур»га ўтади. Бу ҳам ҳаваскорлар жамоаси эди, аммо Адамс буни олдинга ташланган жиддий қадам сифатида қабул қилади. Афсуски, ҳали қувонишга эрта эди. Хизмат бошланиши билан у яна бир синовга дучор бўлади — Адамс ва унинг дўсти автоҳалокатга учрайди. Футболчининг ўнг кўзининг тепасидаги чандиқлар бир умрга сақланиб қолган бўлса, дўсти воқеа жойида вафот этади.

    Жан-Пьер бир неча ойдан сўнг ўзига келади, бироқ бу вақтга келиб у спорт формасини йўқотганди. 1968 йилда Монтаржидаги тунги клубда ёқимтойгина малла соч қиз Бернадетт билан учрашиб қолади. У свингни (60 йилларда машҳур бўлган жаз рақси) яхши кўрарди.

    Фото: CNN

    Фото: CNN

    «Мен фақат рақсга тушардим. Учрашганимизда у мушаклари тоғдек йигит бўлган. У мен каби жуда хушчақчақ ва дам олишни яхши кўрар эди», – деб эслайди қиз The Times газетасига берган интервьюсида.

    Аёл ишчилар оиласидан, отаси оддий қурувчи бўлиб ишларди ва қизининг қандайдир қора танли билан яқин муносабатларда бўлишига унчалик хайрихоҳлик билдирмаган. Онаси эса бунга узоқ вақт давомида қаршилик қилади ва тўйга розилик бермайди. Шу боис Бернадетт, ҳатто уйдан қочиб кетишгача боради. Аммо бир йилдан кейин тўй бўлади ва улар қизнинг ота-онаси билан ярашиб олади.

    «Дастлаб оилам учун буни қабул қилиш жуда қийин бўлганини рад этмайман. Ўша пайтларда қора танли эркак ва оқ танли аёл жуфтлиги унчалик яхши қаршиланмасди. Шунга қарамай биз бирга яшай бошладик ва турмуш қуришга қарор қилдик. Ота-онамга янгиликнинг ўзи ва тўй куни ҳақида хабар бердим ва таклифнома юбордим. Онам бизни кечки овқатга таклиф қилди. Шундан сўнг ҳамма нарса кўнгилдагидек бўлиб кетди, улар Адамсни мендан ҳам кўпроқ яхши кўриб қолди. ‘Жан-Пьер, Жан-Пьер’ дея улар фақат Жан-Пьер ҳақида гапирарди», — дея эслайди Бернадетт.

    Адамс жамоада тезда асосий ва етакчи ўйинчига айланди. Ёрқин ўйинлари билан 22 ёшида Лига 1 клубларининг қизиқишига эришди. У «Ним» клубида кўрикдан ўтадиган бўлди. Ўртоқлик учрашуви Руан шаҳрида бўлиб ўтди. Адамсни у ерга Бернадетт олиб борди.

    Биргина ўйинда Жан-Пьер мураббийлар штабига шунчалик қаттиқ таъсир қила олдики, улар дарҳол у билан профессионал шартнома имзолади. «Сенда ёш бўрининг барча хислатлари бор, агар ишлашдан тўхтамасанг, ҳақиқий тимсоҳга айланасан («Ним» клубининг лақаби — таҳр.)», — деганди таниқли мураббий Кадер Фируд футболчига.

    Фото: CNN

    Фото: CNN

    Адамс «Ним»га ўтгунига қадар ҳужум чизиғида ўйнарди. Янги клубда эса у аста-секин ҳужумчидан ярим ҳимоячига, ярим ҳимоячидан ҳимоячига айлантирилди. Бу эса Адамсга ёқмасди ва ҳатто жамоадан кетмоқчи ҳам бўлади. Бироқ Фируд унинг фаолиятида муҳим ўрин тутади ва уни жамоада олиб қолади.

    Ўша вақтларда «Ним» сўнгги йиллардаги каби ўртамиёна ва аутсайдер эмасди, балки ўз тарихидаги энг яхши даврларни ўтказаётган, чемпионлик ва Еврокубоклар учун курашаётганди.

    «Нимликларнинг кучли ҳимоясида том маънодаги устун, кучли, ғайриоддий спортчи бор. Бу Жан-Пьер Адамс! Мен ҳар доим йилига икки марта бўладиган Адамс билан тўқнашувдан чўчирдим ва доимо ўзимни четга олишга ҳаракат қилардим», — деганди «Нант»да ўйнаган Аргентина миллий терма жамоасининг собиқ сардори Анхель Маркос.

    «Ницца» клуби физиотерапевти ҳеч қачон Адамсники каби бақувват мушакларни кўрмаганини айтган экан. «У шимларни тикувчиларга алоҳида буюртма берарди, чунки одатдагилари унга мос келмасди», — дейди Бернадетт.

    Адамс 24 ёшида Франция терма жамоасига биринчи марта чақирилади. Ва ушбу жамоанинг биринчи қора танли ўйинчиларидан бирига айланади. Ўшанда Франция терма жамоаси турғунлик даврини бошдан ўтказаётган ўртамиёна жамоа эди. Бироқ бу футболчига ўз таъсирини ўтказмади. «У табиатан кучли ва қатъиятли, шу билан бирга олижаноб қалб эгаси эди», — дейди у ҳақида ўша пайтдаги терма жамоа сардори Анри Мишел.

    Фото: CNN

    Фото: CNN

    Адамс ҳимоя марказида Мариус Трезор билан кучли жуфтлик ярата олди. Шу боис француз матбуотида уларга «Қора гвардия» деб ном берилди, чунки улар бир-бирининг ўрнини тўлдирарди. Адамс кўпроқ атлетик ва тезкор бўлса, Трезор оғирроқ ҳаракат қилса-да, техника борасида унда муаммо йўқ эди. «Адамс ва Трезор бутун Европанинг энг яхши марказий ҳимоя жуфтликларидан бири», — дея уларни мақтаганди Франц Беккенбауэр.

    Жан-Пьер майдон ташқарисида ҳам стадиондагидан кам бўлмаган. Ҳаётдан завқланар, хушбичим кийимларни яхши кўрарди. «У ҳар доим хушчақчақ юрарди ва ҳаётни севарди, шу билан бирга уни ҳам ардоқлашарди», — дейди Бернадетт.

    1973 йилда Адамс «Ницца»га кўчиб ўтади. Ўша пайтларда клубда ҳаммаси жойида бўлган. Молиявий масалалар бўйича ҳеч қандай муаммолар бўлмаган. Ҳатто бразилиялик машҳур Жаирзинёни ҳам жалб қилмоқчи бўлишган.

    У ерда Адамс уч мавсумни ўтказади ва мунтазам терма жамоага чақирилиб туради ва 22 та ўйин ўтказади. Жамоа юқори ўринларга интилса-да, чемпион бўлолмасди. Адамс эса тез-тез жароҳат оларди. Шу боис терма жамоадаги ўрнини бой бериб қўяди ва олдинги даражасига қайтолмади. Кейин эса «Ницца»дан кетишга тўғри келади.

    Шундан кейин у «ПСЖ»га таклиф қилинди. Париж клуби ўша пайтлардан бошлаб юлдузларни йиғишни бошлаганди. Афсуски, Парижда Адамснинг омади унчалик ҳам юришмайди.

    Фото: CNN

    Фото: CNN

    Кейин эса «Мюлуз»даги қисқа фаолият ва шу билан унинг профессионал фаолияти деярли якунланади.

    «Шалон» француз футболининг бешинчи дивизионида — ҳаваскорлар даражасида ўйнарди. Адамс жамоада ўйновчи мураббий сифатида ҳаракат қила бошлаган.

    Франция терма жамоасининг собиқ ўйинчиси мўъжазгина жамоанинг қиёфасини ўзгартириб юборганди. Энди стадион трибуналари тўлиб-тошарди.

    Унинг «Шалон»даги фаолияти ҳам ёмон ўтмайди. Жамоа тўртинчи дивизионга йўл олади. Адамс эса 1981 йилнинг ёзида Жан-Пьер футболчилик фаолиятини якунлаб, мураббийликка эътибор қаратади. Адамс ҳар ҳафта Бургундиянинг энг йирик шаҳри Дижонда ўқув курслари ўтарди. Бироқ учинчи кунга келиб, у тиззасини шикастлаб олади — бу уни фаолиятининг бошидан бери тинч қўймаётган жароҳат эди.

    Кейин нима бўлганини яхши биласиз. Лионга операция учун келади. Одатий кун, чоршанба. Нима ҳам бўлиши мумкин? Ўша куни шифокорлар иш ташлаган ва ходимлар одатдагидан анча кам эди.

    Бир неча соат ўтишига қарамай, Бернадеттнинг икки қўнғироғига жавоб берилмайди. Бу эса уни хавотирга сола бошлайди. Ваниҳоят учинчи қўнғироқдан кейин жиддий ва қўрқинчли овозда шундай дейилади: «Бернадеттми? Тезда етиб келинг».

    Бундан аёл ўзини йўқотиб қўяди. У ўғиллари — Лоран ва Фредерикни ота-онасига қолдириб, клубнинг икки ходими билан Лионга боради.

    Фото: CNN

    Фото: CNN

    У ерга боргач, Жан-Пьернинг комага тушиб қолганини билади. Жарроҳга ёрдам берган анестезиолог шприсларни адаштириб қўйган экан. Адамсни бир неча соат ухлатиши керак бўлган дори ўрнига уни ўлдириши мумкин бўлган дори юборилади. Бернадетт палатада бир неча кунни танаффуссиз ўтказади, бироқ эри ҳушига келмайди. «Мен унинг тўшакда ётганини кўрдим, ҳамма жойига найчалар уланганди. Беш кун касалхонадан чиқмадим. Мен унинг ҳадемай уйғонишига ишонардим ва мен унинг ёнида бўлишим керак эди», — дейди Бернадетт.

    Кейинчалик маълум бўлишича, иш ташлаш туфайли ходимлар камлиги учун бир шифокор саккизта беморга қараши керак бўлган, улардан бири оғир аҳволдаги ёш бола бўлиб, алоҳида эътиборга муҳтож эди. Бундан ташқари Адамс узоқ вақт ётишга мўлжалланмаган тўшакка ётқизилади. Шу сабабли ҳатто ёстиқлардан бири сирғалиб ерга тушиб кетади. Адамс ёмон интубация қилингани сабабли, битта найча ўпкага олиб борадиган йўлни тўсиб қўяди ва унга ҳаво етиб бормайди. Кислород бутун танага тарқалмайди. Бу юракнинг тўхташига ва Жан-Пьернинг комага тушишига сабаб бўлади.

    Вазиятни мураккаблаштирган жиҳат, Адамснинг тажрибали шифокор томонидан эмас, балки стажёр томонидан кузатилганидир. У хатосини судда ҳам тан олади: бемор терисининг қора рангдалиги туфайли анафилактик шок ҳолатида эканини тушунолмайди — оқ терида бу ҳолат мовий тус олади.

    Уч ҳафта ўтгач, Адамс уйғонади. Аммо миянинг шикастланишлари оқибатлари даҳшатли эди, тана ҳаракатланишдан тўхтади. Жан-Пьер вегетатив (мия яримшарларининг лат ейиши ёки функцияси бузилиши натижасида руҳий фаолликнинг йўқолиши, аммо вегетатив ва ҳаракатланиш рефлексларининг сақланиб қолиши) ҳолатга тушиб қолади.

    Ноябрь ойида Франция терма жамоасининг собиқ ўйинчиси уйига яқинроқ бўлган Шалон касалхонасига олиб келинади. У ерда Бернадетт ҳар куни шифохонага келиши мумкин эди. Аммо эрининг аҳволи ёмонлашарди: кучли ва бақувват одам бир ойда 11 килограмм вазн йўқотади, жароҳатда яллиғланиш пайдо бўлади ва инфекция суякларгача етиб боради. Яна бир операция ўтказишга тўғри келади.

    Вазият бирмунча барқарорлашди. Бироқ тўққиз ойдан сўнг, шифохона ходимлари елка қисиб: «Биз қўлимиздан келганини қилдик», — дейди. Шифокорлар Бернадеттга эрини малакали мутахассислар кузатиши мумкин бўлган қариялар уйига юборишни маслаҳат беради.

    «Улар унга қандай ғамхўрлик қилишни билади деб ўйламайман, шунинг учун уни уйга олиб келдим. Ўшандан бери унга ўзим ғамхўрлик қиламан», — дейди Бернадетт.

    Фото: Google Images

    Фото: Google Images

    Адамс маълум когнитив функцияларни сақлаб қолган: кўзларини очади, ногиронлар аравачасида ўтиради, овқатланади, лекин ҳаракат қилолмайди ва гапира олмайди. Бернадетт эса унинг гапларни тушунишига ва овозларни эшитишига ишонади.

    Бернадетт қўрқадиган нарса — эридан олдин ҳаётдан кўз юмиш. «Унга ким ғамхўрлик қилади? Менсиз у нима қилади», — дейди аёл.

    1982 йилда Адамс комага тушганидан сўнг, Бернадетт қийин молиявий аҳволга тушиб қолади. Касалхона айбини тан олишни истамагани учун ҳеч нарсани қоплаб бермайди.

    Унга футбол ёрдам беради: федерация, лига ва терма жамоанинг собиқ ўйинчилари.

    ПСЖ, «Ним» ҳеч қандай музокараларсиз Бернадеттга пул ўтказиб туради. Франция футбол федерацияси томонидан ҳам ҳафтасига пул ўтказмалари амалга оширилиб турилади.

    Фото: CNN

    Фото: CNN

    Фақат 1989 йилга келибгина шифокорларнинг хатоси исботланади. Бунинг учун 12 йил керак бўлди ва шу вақт давомида футбол оилага моддий томондан кўмак бериб турди. «Агар футбол олами қўллаб-қувватламаганида, бизнинг аҳволимиз не кўйга тушишини ўйлашнинг ўзи оғир», — дейди Бернадетт.

    «Мен учун вақт 1982 йилнинг 17 мартида тўхтаб қолгандек. Ёмон ҳам, яхши нарсалар бўлмайдигандек», — деб афсус билан эслайди Бернадетт.

    Адамсга эвтаназия таклиф қилинган, аммо Бернадетт бунга қарши бўлган. Жан-Пьернинг дўсти Мариус Трезор эса бошқача фикрда. У дўстлигига қарамай, бирор марта собиқ жамоадошини кўришга келмаган. Боиси, у кучли ҳис-туйғулардан қўрқади. «Агар Жан-Пьер уйғонса ҳам, ҳеч кимни танимайди. Шундай яшаб бўладими? Агар мен билан бундай нарса юз берса, рафиқамга мени бундай сақламасликни айтаман», — дейди Трезор.

    Аммо Бернадетт 39 йилдан кўпроқ вақт давомида Жан-Пьерга ғамхўрлик қилиб келди. Жан-Пьер 73 ёшида вафот этди, эр-хотин шунча йил давомида гаплашмаган, бироқ Бернадетт сўнгги паллагача бир кун келиб тиббиёт эрини қайтаришига ишонди. Афсуски, бундай бўлмади...

    Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!

    07.09.2021, 00:21   Изоҳ (0)   143581
    Facebook Twitter LinkedIn Telegram Email

    Изоҳ (0)

    Кириш
    Жавоб қолдиринг Бекор қилиш

    Мавзуга доир

    Tahoe, Traverse, Trailblazer автомобиллари ва Тошкент шаҳридан уйлар. Токио—2020 Паралимпиадаси совриндорларига мукофотлар топширилди

    06.09.2021, 22:16

    ЖЧ—2022 йўлида. Германия, Англия, Испания ва Бельгияда йирик ҳисобдаги ғалаба, Италия очко йўқотди

    06.09.2021, 02:51

    Бразилия ва Аргентина терма жамоалари ўртасидаги ўйин тўхтатилди. Полиция 4 футболчини олиб кетишга уринди

    06.09.2021, 01:59

    Сречко Катанец Швецияга қарши ўйин ҳақида: «Айрим камчиликлар кузатилди, бироқ ўйиндан тўлиқ қониқдим»

    05.09.2021, 21:35

    Англия футболда бош билан бериладиган зарбалар сонини чекламоқчи. Бу футболчиларнинг соғлиғига зарар етказяпти

    05.09.2021, 20:34

    Ўзбекистон миллий терма жамоаси Элдор Шомуродов гол урган ўйинда Швецияга ютқазиб қўйди

    05.09.2021, 20:00
    ×Lightbox Image

    Daryo.uz | Сизнинг муаммоингиз ечими


    Coca-Cola 139 йиллик илҳом, ажойиб кашфиётлар, машҳур кампаниялар ва бутун дунё севиб қолган таъмни тақдим этмоқда 


    MAGIC SAFARI — Марказий Осиёдаги биринчи тематик сафари-парк 15 май куни ўз эшикларини очади!


    Молиявий фирибгарлик: мураккаб схемалар бўйича содда тушунчалар 


    Kapitalbank 2024 йилги Brand Awards International мукофотига сазовор бўлди


    Ўзбекистон Миллий банки “Олтин омонат”ни ишга туширмоқда


    BI Group Тошкент БИ Ботаника Саройи турар-жой мажмуасини белгиланган муддатдан олдин фойдаланишга топширди ва сифат ҳамда муддатга содиқлигини тасдиқлади


    ОСТИМ Глобал: 100 гектарлик замонавий саноат ҳудуди


    Digital Uzbekistan Тошкентда 28 май куни ўз ишини бошлайди! Бозорни ўзгартириб юборувчи PLAS-Форум 


    HONOR компанияси HONOR 400 Lite смартфонини тақдим этди. Қизиқ, у нимаси билан лол қолдира олади?


    Тошкент минерал суви: Искандар Зулқарнайндан ҳозирги кунгача


    UZCARD SHERDOR премиум картаси энди МКБАНКда мавжуд


    Silk Avia Шаҳрисабзга кўпроқ парвоз қилади


    “Отанг бозор, онанг бозор”, қурилиш дўкони очмоқчи бўлсанг, Ташкент INDEX’га бор


    Парвоз — катта шаҳар характерига эга қулай бизнес-класс турар жой


    GWM Аuto Shanghai 2025 да ўзининг глобал стратегиясини тақдим этди: Ўзбекистон асосий ҳамкорлар қаторида 

     

    Тавсия этамиз

    Улар доим дунёда энг яхшиларидан бўлган — покистонлик ҳарбий учувчилар ҳақида

    12 май, 21:30

    Си ва Путин тандеми: Россия ва Хитойнинг “чегарасиз дўстлиги” Марказий Осиёдаги мувозанатга қандай таъсир қилади?

    12 май, 19:00

    “АҚШ ёрдам бермаганида, ғалабага эриша олмасдик” — Иккинчи жаҳон урушида СССР ютуғини таъминлаган яширин ҳақиқатлар

    10 май, 15:00

    “Улар ўз ватани мустақил бўлиши учун курашган эди” — Туркистон легионининг аянчли тарихи

    8 май, 15:09
     
     
     

    Сўнгги янгиликларга ўтиш

    Сурхондарёда вояга етмаган бола ЙПХ ходимини ҳам судраб, Cobalt олиб қочди (видео)

    Ўзбекистон | 13 май, 16:30

    АҚШ Эронга қарши янги санкциялар эълон қилди

    Дунё | 13 май, 16:20

    Ўзбекистонда доллар курси яна ошди

    Ўзбекистон | 13 май, 16:11

    ЖЧ–2026 саралаши. Ўзбекистон МТЖнинг БАА ва Қатарга қарши учрашувларида ишлайдиган ҳакамлар аниқ бўлди

    Спорт | 13 май, 16:10

    Буюк Британия бош вазирининг уйига ўт қўйилди

    Дунё | 13 май, 16:00

    Рафинья “Олтин тўп” ҳақида гапирди

    Спорт | 13 май, 15:50
    Daryo About Us

    «Daryo» интернет-нашрининг (Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (ЎзМАА, ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) томонидан 13.03.2015 йил санасида 0944-сонли гувоҳнома билан оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган). Матнли материалларини тўлиқ кўчириш ёки қисман иқтибос келтиришга, шунингдек, фотографик, график, аудио- ва/ёки видеоматериалларидан фойдаланишга daryo.uz сайтига гиперҳавола мавжуд бўлган ва/ёки «Daryo» интернет-нашрининг муаллифлигини кўрсатувчи ёзув илова қилинган тақдирда йўл қўйилади. Чоп этиладиган баъзи маълумотлар 18 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларга мўлжалланмаган бўлиши мумкин. Info@daryo.uz

    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte

    © «Simple Networking Solutions» МЧЖ, 2013–2025

    Ёш бўйича чеклов

    Хато топдингизми? Ctrl+Enter тугмаларини босинг

    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Реклама
    Нимани қидирамиз?

    Sign In or Register

    Хуш келибсиз!

    Тизимга киринг ёки Рўйхатдан ўтинг.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Рўйхатдан ўтинг

    Рўйхатдан ўтганмисиз? Login.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Сизга парол электрон почта орқали юборилади.

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Матнда хато топдингизми?

    ×

    Раҳмат. Биз сизнинг хабарингизни олдик ва хатони имкон қадар тезроқ тузатамиз.