Ижтимоий тармоқларда блогер Анвар Назир «Толибон» ҳаракати Афғонистон ҳудудида мактаб дастуридан ўзбек тилини олиб ташлагани ҳақида хабар тарқатди. Шунингдек, Амир Темур, Шайбонийхон, Бобораҳим Машраб, Маҳмуд Ғазнавий, Абу Райҳон Беруний меросининг ўрганилиши ҳамда навоийшуносликнинг ҳам тақиқлангани ҳақида хулоса қилган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Юсуф Кабулжанов бунга муносабат билдириб, ушбу ахборотнинг ҳақиқатга зид эканини маълум қилди.
«Шуни маълум қиламанки, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг ‘Толибон’ ҳаракати расмий раҳбарияти билан бўлиб ўтган суҳбати чоғида ушбу ахборотнинг ҳақиқатга зидлиги таъкидланди.
‘Толибон’ вакили ўзбек тили пушту ва дари тиллари билан бир қаторда, бундан буён ҳам Афғонистоннинг расмий тилларидан бири бўлиб қолишини тасдиқлади. Ўзбек тилини ўрганиш ва ривожлантиришга, толиблар расмий вакилининг маълумотига кўра, мамлакат янги раҳбарияти алоҳида эътибор қаратади.
Баъзи билимсиз ‘таҳлилчи’ ва журналистларнинг шубҳали шов-шувлар ва ‘қайноқ факт’лар илинжида очиқдан очиқ бузиб кўрсатилган ва ёлғон ахборотларни тарқатаётгани эса афсусланарли ҳолатдир», — дейилади ТИВ вакили баёнотида.
Изоҳ (0)