Енгил вазн тоифасида ҳаракат қилувчи UFC жангчиси Лилия Шокирова антидопинг қоидаларини бузганлиги боис икки йилга четлатилди. Бу ҳақда АҚШ антидопинг агентлиги (USADA) маълум қилди.
Қайд этилишича, Лилиянинг 2020 йил 5 декабрда Ўзбекистонда топширган қон таҳлилидан мелдоний моддаси топилган. Бу модда UFC Антидопинг қоидаларига кўра тақиқланган.
UFC яккурашчилари шартнома имзолашдан аввал сўнгги 12 ой давомида ўзи фойдаланган тақиқланган моддалар ҳақида промошенга маълумот бериши керак. Буни амалга оширган спортчи айбдор бўлмайди, бироқ модда турига қараб камида олти ой жанг қилмайди ва кейинги (камида иккита) допинг таҳлили хулосалари манфий натижа бериши керак бўлади. Шокирова шартнома имзолаш вақтида мелдонийдан фойдалангани ҳақида маълумот бермаган.
Лилиянинг икки йиллик дисквалификацияси қон таҳлили олинган 2020 йилнинг 5 декабридан бошланади. Шу тариқа Шокирова 2022 йилнинг 5 декабрига қадар жанг қила олмайди.
Эслатиб ўтамиз, Лилия Шокирова 2020 йилнинг октябрь ойида UFC’да дебют қилган ва унда Лорен Мёрфига ютқазиб қўйганди.
Аввалроқ белбоғли кураш устаси Мардондек Кимсанов ва Каратэ бўйича Осиё чемпиони Нодира Жуманиёзова, самбочи Дилшод Чориев ва ўзбекистонлик 7 нафар оғир атлетикачи допинг сабабли 4 йилга дисквалификация қилингани маълум бўлганди.
Изоҳ (0)