• Профилга Кириш
  • 1744009905_435.svg 1744009905_642.svg

  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
O'zbekcha
Русский
English
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • O'zb
  • Ўзб
  • Рус
  • Eng
  • Сўнгги янгиликлар
  • Асосий янгиликлар
  • Энг кўп ўқилган
  • Колумнистлар
    • USD12895.55
    • RUB159.38
    • EUR14338.56
    • Google play
    • App Store
    • Telegram
    • Тошкентда
      +33°C
      • Андижон
      • Қарши
      • Бухоро
      • Самарқанд
      • Фарғона
      • Сирдарё
      • Жиззах
      • Термиз
      • Наманган
      • Тошкент
      • Навоий
      • Тошкент вил
      • Нукус
      • Урганч
    • Daryo
      • Интернет-нашр
      • Таҳририят
      • Алоқа маълумотлари
      • Фойдаланиш шартлари
      • Махфийлик сиёсати
      • Янгиликлар архиви
    • Реклама
    • Ижтимоий тармоқлар
      • Instagram | Расмий
      • Instagram | Лайфстайл
      • Instagram | Спорт
      • Facebook | Расмий
      • OK | Расмий
      • YouTube | Daryo
      • YouTube | Daryo Рус тилида
      • YouTube | Daryo Глобал
    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte
    Daryo logo white
    • Ўзбекистон
      • Бошқалар
      • Навоий
      • Тошкент вилояти
      • Сирдарё
      • Жиззах
      • Қашқадарё
      • Сурхондарё
      • Хоразм
      • Бухоро
      • Самарқанд
      • Наманган
      • Фарғона
      • Aндижон
      • Қорақалпоғистон
      • Тошкент ш.
      • Меҳридарё
      • Об-ҳаво
    • Марказий Осиё
      • Ўзбекистон (Маҳаллий)
      • Афгонистон
      • Қирғизистон
      • Қозоғистон
      • Туркманистон
      • Тожикистон
    • Дунё
    • Пул
      • Бизнес
      • Иқтисодиёт
      • Молия
      • Крипто
    • Маданият
      • Кино
      • Китоб
      • Мусиқа
      • Шоу-бизнес
    • Лайфстайл
      • Аёллар саҳифаси
        • Фарзанд
        • Гўзаллик
        • Карьера
        • Маслаҳатлар
        • Мода
        • Рецептлар
      • Технологиялар
        • Архитектура
        • Гаджетлар
        • Илм-фан
        • Коинот
        • Медиа
      • Авто
      • Қўзиқорин
      • Саёҳат
      • Саломатлик
      • Таълим
        • Абитуриент
        • Инглиз тилини ўрганамиз!
    • Спорт
      • Футбол
      • UFC
      • Бокс
    infinix
    Daryo.uz - Login
    Daryo.uz Daryo.uz
    Daryo.uz - Login
    Ўзбекистон

    Тошкент — велосипедчилар учун хавфли шаҳар, миллиардларга қурилаётган велойўлаклар эса сифатсиз. «Дарё» велоҳаваскорлар билан шу ҳақда суҳбатлашди

    Автомобил қулай транспорт воситаси. Вақтни тежайди, масофани қисқартиради. Қулайлик-ку яхши, лекин жонимиз-у саломатлигимизга етказаётган хавфи ҳам беҳисоб. Глобал исиш, табиат ифлосланиши, улкан тирбандликларда ҳиссаси катта. Мақбул ечими изланганда, назаримизда, велосипеддан афзалроғи топилмаса керак. Европа аллақачон велотранспорт тарғиботини йўлга қўйиб, зарур инфратузилмалар яратди. Ўзбекистонда ҳам велосипед ҳайдовчилари кам эмас. Лекин бизда улар ҳаракатлана оладиган инфратузилма мавжудми? Велосипедчиларга тегишли йўл белгилари, махсус йўлкўрсаткичлар, йўлаклар талаб даражасидами?

    «Дарё» мухбири велосипеддан асосий транспорт сифатида фойдаланадиган бир қанча ҳайдовчилар билан шу ҳақда суҳбатлашди.

    Велосипедчи ҳам ҳайдовчи — шуни эсда тутсак бас

    Давронбек Тожиалиев, «Ziyouz.com» портали асосчиси, журналист

    Етти йилдан бери велосипеддан фойдаланаман. Болаликдаги иштиёқ, яна соғлиққа, иқтисодимга фойда бўлгани учун шуни танлаганман. Автоулов ҳайдовчиларининг қўпол хатоси ёки велосипедчига нисбатан нотўғри муносабати сабаб ҳаракатланиш пайти ҳаётим бир неча марта хавф остида қолган.

    Мустақиллик шоҳ кўчасидаги велойўлак бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Давронбек Тожиалиев.

    Мустақиллик шоҳ кўчасидаги велойўлак бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Давронбек Тожиалиев.
    Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

    Бир куни велойўлак йўқлиги учун асосий транспорт йўлидан ҳаракатланаётгандим. Бурилиш нуқтамга етганда орқадаги машина ҳайдовчисига ўнгга қайрилиш белгисини бердим ва бурилдим. Ҳайдовчи ҳам ўнгга қайрилмоқчи, лекин ўнг чироғини ёқмай ҳаракатланаверди. Урилиб кетишимга сал қолди.

    Аслида, велосипедчи қўл ишорасини берганда қолган транспорт воситалари эгалари унга имкон беришлари, қоидага ҳамма қатори риоя этишлари керак.

    Маълумот учун: ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлик бошқармаси матбуот хизматининг «Дарё»га маълум қилишича, 2020 йилда велосипед бошқарувчилари иштирокида 839 та йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) содир этилган. Оқибатда 212 нафар велосипедчи ҳалок бўлган ва 650 нафари турли даражадаги тан жароҳати олган. 2021 йилнинг январь—июль ойларида велосипед бошқарувчилари иштирокида 516 та ЙТҲ содир этилган бўлиб, уларда 125 нафар велосипедчи ҳалок бўлган, 401 нафари турли даражадаги жароҳатлар олган.

    Охирги пайтларда қурилаётган велойўлаклар сабаб сал бўлсаям кўксимизга шамол тегди. Машиналардан айри йўлда ҳаракат қилиш имконияти бор ҳозир. Лекин кўпининг камчиликлари ҳам йўқ эмас. Ўзингиз кўргандирсиз, аксари пиёдалар, баъзи жойларда ногиронлиги бор шахслар ҳаракатланадиган йўллар билан ёнма-ён. Бу халқаро стандартларга ҳам тўғри келмайди.

    Пиёдалар ҳам ўзига қулайини танлаб, велосипед йўлларидан юришади-кетишади, болалар аравачасини етаклаганлар ҳам шу йўлни афзал билади. Ўтиб кетиш учун сигнал чалсангиз, «нима қиласан бу ерда ҳайдаб, бор, бошқа ёқда ҳайда!» дейдиганлар ҳам топилади. Сиз эса йўлдагиларни туртиб юбормай, кимгадир зарар етказмай деб велосипеддан тушиб, пиёда юриб кетасиз.

    Шаҳрисабз кўчасида ташкил этилган велойўлакка бу «қизғиш бўлак» велосипедлар учун мўлжалланганини билдирувчи белги чизилган.

    Шаҳрисабз кўчасида ташкил этилган велойўлакка бу «қизғиш бўлак» велосипедлар учун мўлжалланганини билдирувчи белги чизилган.
    Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

    Икки тарафнинг бир-бирини тушунмаслигига сабаб — велойўлларда махсус белгиларнинг йўқлигидир. Пиёдага йўл бошқа тоифадаги ҳаракатланувчига тегишлилигини англатадиган муҳрга муҳтожмиз. Мана, ҳозир Мустақиллик шоҳ кўчасидаги велойўлакдамиз. Қурилганига ҳали бир ой тўлмади, лекин мен айтаётган бирор белгини учратмайсиз.

    Мустақиллик шоҳ кўчасидаги велойўлак — унинг велосипедлар учун мўлжалланганини билдирувчи бирор белги йўқ.

    Мустақиллик шоҳ кўчасидаги велойўлак — унинг велосипедлар учун мўлжалланганини билдирувчи бирор белги йўқ.
    Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

    Имкон борича махсус белгилари бўлмаган велойўлакларда ҳаракатланишдан қочаман. Гарчи йўл ҳаракати қоидалари бўйича велойўлак бўлган жойда бошқа йўллардан фойдаланиш мумкин бўлмаса-да, олдимдан чиқиши мумкин бўлган пиёдани ўйлаб, асосий транспорт йўлининг четидан ҳаракатланишга мажбур бўламан.

    Велойўлакларни асосий транспорт йўлининг четки қисмида ҳам қуриш мумкин. Дунё тажрибасида мисоллар кўп ва йўлларимиз ҳам етарлича кенг бунга. Аммо бу йўлда тўғри ҳаракатланиш ҳали ҳам тартибга солинмаган юртимизда қатор муаммоларни туғдириши аниқ. Қозоғистонда мен назарда тутаётган ҳолат кузатилган. Айниқса, Олмаота шаҳрида бинолар зич жойлашгани ва ортиқча йўл йўқлиги учун велойўлакларни асосий йўлларнинг четида қуришган. Лекин бу велосипедчи ва автомобиль ҳайдовчиларининг доимий зиддиятига сабаб бўлмоқда. Олмаота ҳам Тошкентдек машиналарга тўла шаҳар ва велотураргоҳлар ҳам муаммо.

    Туркия, АҚШ денгиз бўйларида узвий велойўлаклар қилиб велотрассаларни шакллантиришган. Яна Германиянинг Рейн дарёси бўйида бир тарафи Швейцариядан бошланиб, Франция ва Германия орқали Голландияни кезиб ўтадиган, узунлиги 1500 километрдан ортиқ бўлган Рейн велосипед йўли бор. Бунинг туризмга фойдасини-ку гапирмай — беҳисоб. Бизда ҳам шундай велотрассалар учун имконият етарли, менимча. Масалан, Тошкентдаги анҳорлар, Чирчиқ дарёси бўйида қилинса, нафақат, шаҳар кўрки, велосипедчи-ю сайёҳга ҳам манфаатли бўларди.

    Яна бир катта муаммо — велотураргоҳлар. Айрим савдо нуқталарини ҳисобга олмасак, Тошкентда велотураргоҳларни учратиш қийин. Автомобилга тураргоҳ қилинганда велотураргоҳга ҳам илож топиш мумкин. Европада бу тизим автоматлаштирилган. Мингта велосипедга мўлжалланган тураргоҳга кирилганда махсус электрон доска орқали велотураргоҳнинг қайси нуқтасида қанча жой борлиги кўриниб туради. Велосипедингиз хавфсиз ҳолатда сақланишига кафолат бор. Бизда эса велотураргоҳ деганда темир боғлаб қўйилган манзарани кўрасиз, холос. Мабодо, қулфингиз бўлмаса, велосипедни тураргоҳга қўйишнинг ҳожати йўқ.

    Давронбек Тожиалиев.

    Давронбек Тожиалиев.
    Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

    Автоматлаштирилган велотураргоҳ учун велосипедчи кўп бўлиши керак. Пойтахт йўлларида ҳаракатнинг тартибсизлиги, автоҳалокатларнинг кўплиги, инфратузилманинг абгорлиги аксарият велоҳаваскорларнинг шаштини сўндиради. Нидерландиянинг Гронинген шаҳрида йўллардаги умумий ҳаракатнинг 60 фоизини велоҳаракат ташкил этади. Ҳатто баъзи кўчаларида велосипеддан бошқа транспортда ҳаракатланиб бўлмайди. Назаримда, Тошкентда велоҳаракат умумий ҳаракатнинг 10 фоизини ҳам ташкил этмаса керак.

    Маълумот учун: Тошкент шаҳар Статистика бошқармаси маълумотларига кўра, 2021 йил 1 апрель ҳолатига кўра Тошкент шаҳри аҳолиси сони 2 716 176 нафарни ташкил этган. Айни вақтда, Ўзбекистон транспорт тизими расмийлари берган маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида 40 мингдан ортиқ одам — шаҳар доимий аҳолисининг тахминан 7 фоизи — велосипеддан фойдаланади.

    Велосипеддан фойдаланишни оммавийлаштиришнинг мақбул йўллари талай. Айтайлик, ижара тизими. Қозоғистон бу борада биздан илдамлаб кетган. Хорижда фойдаланувчи бир нуқтадан велосипед олиб ишини битиргач, бошқа нуқтага бемалол топшираверади — велосипедга GPS ўрнатилади ва уни ҳеч ким ўғирлаб кетолмайди. Бу марказлашган тизим. Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси ҳам пойтахтда bike sharing тизимини ривожлантириш бўйича 2021 йил апрель ойида лойиҳа эълон қилганди. Энди натижани кутяпмиз.

    Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг «Дарё»га маълум қилишича, bike sharing тизимини йўлга қўйиш учун дастлаб Юнусободдаги тўрт ҳудуд — туманнинг 12-мавзеси, «Туркистон» метро бекати, МегаПланет савдо мажмуаси, «Универсам» савдо маркази велосипедларни ижарага бериш нуқталари сифатида танлаб олинган. Мазкур нуқталарнинг ҳар бири 10 тадан велосипед билан таъминланиши режалаштирилган; велосипедлар август ойининг охири — сентябрь бошларида Хитойдан олиб келинади. Тизим 2021 йилнинг кузида ишга тушиши кутилмоқда. Унда велосипедчи босадиган масофаси учун тўлов қилиб, велосипедни исталган bike sharing нуқтасига ташлаб кетиши мумкин. Келгусида шаҳарнинг барча туманларида бундай нуқталарни ташкил этиб, марказлаштириш режа қилинган.

    Шаҳарда велосипед кўпаймаслигидан ким манфаатдор?

    Ҳусниддин Ато, мусиқа бўйича эксперт, фотожурналист

    Велосипеддан мунтазам равишда фойдаланаётганимга шу йил августда 6 йил тўлди. Иш сабаб бир кунда жуда кўп манзилларга бориб-қайтаман. Вақтдан ютиш учун танлаганман буни. Ерусти ва ерости — метродаги тирбандлик, тиқилинч ва ортиқча кутишлар олти йилдан бери менга бегона. Қолаверса, чўнтакка ҳам фойда бўляпти.

    Велойўлак йўқлиги боис асосий  йўл бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Ҳусниддин Ато.

    Велойўлак йўқлиги боис асосий  йўл бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Ҳусниддин Ато.
    Фото: Ҳусниддин Атонинг шахсий архивидан

    Шу чоққача икки марта хавф остида қолдим. Бир марта олдимда кетаётган машина тўсатдан тормоз берди. Иккинчи сафар ортимда улов бор-йўқлигини текшираман деб шундоқ ўгирилганимда, бир машина шартта олдимга келиб тўхтади-ю, мувозанатни ушлолмай йиқилдим. Яхшиям, унча жиддий шикастланмадим.

    Иккала воқеа ҳам велойўлак бўлмагани учун асосий йўлдан ҳаракатланаётганимда юз берган. Лекин нима қилай, ёнимда велойўлак бўлсаям ҳамон асосий йўллардан юраман, чунки мавжудлари ҳам сифатсиз. Ҳайронман, бу йўллар қандай стандартларга кўра қурилаётган экан?

    Тушиб-чиқиш жойларининг баландлик ҳажми бир-биридан кескин фарқ қилади. Энди тўғри ҳаракатланаман деганда битта чуқурга тушасиз, ўзингизни сал ўнглаб олмай пастга ёки баландликка қараб кетасиз. Булардан эсон-омон, амаллаб ўтиб олсангиз, энди болалар аравачаси ё пиёдалар «масала»си кўндаланг туради. Бунданам амаллаб ўтсангиз, велойўлак тугаб қолади. Охирида, барибир, асосий транспорт йўлига ўтиб оласиз. Энди ҳисоблаб кўринг, қанча вақт йўқотдингиз?

    Шаҳарсозликдаги бир хатони фақат бузиб тўғрилаш мумкин. 2018 йили велойўлаклар қурилиши бошланганда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Транспорт бошқармасига: «Шу ерда тўхтанглар! Велсипеддан фойдаланувчилар, мутахассислар қурилаётган йўлакларни бирров кўздан кечириб ўз хулосаларини беришсин. Велойўлакларни худди Швейцариядагидек автобус йўли билан ёнма-ён қуриш ёки асосий ҳаракатланиш йўлининг энг охирги қисмини уларга ажратиш яхшироқ», — деган таклифни айтгандим. Ҳокимлик транспорт бошқармаси: «Таклифингизни қабул қиламиз, имкони бор албатта», — деганди. Лекин хатолар тугагани, таклиф амалда синаб кўрилгани йўқ. Эҳтимол, шаҳарда велосипедчилар кўпаймаслигидан кимдир манфаатдордир...

    Тошкент марказидаги энг гавжум нуқталардан бири — Ўзбекистон Марказий банки олдида ёритгичга боғлаб кетилган велосипед. Бу ерда ҳам велотураргоҳ йўқ.

    Тошкент марказидаги энг гавжум нуқталардан бири — Ўзбекистон Марказий банки олдида ёритгичга боғлаб кетилган велосипед. Бу ерда ҳам велотураргоҳ йўқ.
    Фото: Ҳусниддин Ато

    Велотураргоҳларнинг деярли йўқлиги — дард устига чипқон. Бирор ташкилотга иш билан борсангиз, велосипед қўйгани жой тополмайсиз. Ҳатто Вазирлар Маҳкамаси атрофида ҳам бундай жой йўқ. Бир гал хат ташлаш учун борганимда роса сарсон бўлганман. Четроққа қўяй десам, мумкин эмас деб қайтаришган. Унда нима қилишим керак? Буклаб-буклаб, чўнтагимга солмайман-ку!

    Дарвоқе. Вазирлар Маҳкамасига велосипедда борганлар учун қандай шарт-шароит борлигини ўрганиш мақсадида «Дарё» фотомухбири пойтахт марказида бўлди. Марказий Кўргазмалар залининг ортида, жумладан, Вазирлар Маҳкамаси ходимлари ва бу идорага келадиган бошқа одамлар фойдаланадиган автотураргоҳ бор, лекин у ерда велосипедларни қолдириш учун алоҳида шароит — велотураргоҳ йўқ.

    «Дарё» фотомухбири автотураргоҳдаги мавжуд аҳволни суратга тушириб қайтаётганида, ушбу ҳудудни қўриқлаш ва хавфсизлигини таъминлашга масъул бир гуруҳ шахслар уни тўхтатиб, олган суратларни ўчиртириб ташлаган. Ўзини таништирмаган ходим: «Бу ер қўриқланадиган ҳудуд. Автотураргоҳдаги машиналарнинг деярли ҳаммаси Вазирлар Маҳкамасида ишлайдиган одамларники. Камерангизга уларнинг рақамлари тушиб қолса, бизга гап тегади. Вақти келганда ушбу рақамлар алмаштирилади. Олган суратингиздан одамлар ўша машиналар шу автотураргоҳда туришини билиб олиши мумкин», — дея эътироз билдирган.

    Фотомухбир машиналарни эмас, балки автотураргоҳдаги аҳволни суратга туширгани, суратларни машиналарнинг рақамларини яшириб чиқариш мумкинлигини, у бу ерда велосипедларни қолдириш учун шарт-шароит бор-йўқлигини ўрганаётганини билдирганида, масъуллар шундай жавоб берган: «Автотураргоҳга машиналарнинг ўзи сиғмайди-ю, велосипедга йўл бўлсин! Бу ерга велосипед минадиган одамнинг ўзи келмайди ва бизга ҳам кераги йўқ». Масъуллар мулоқот якунида «суратларда машиналарнинг рақами кўринмаса ҳам қайси ‘парковка’ экани билиниши мумкин»лигини баҳона қилиб, суратларни ўчиртирган.

    Велотураргоҳ кўпайса, мушкулимиз анча осонлашади. Сергели метро йўналишининг охирги бекатларида илк тажрибалар қилинаётгани қувонарли ҳол. Агар уйингиз Сергели метросидан узоқроқ бўлса-ю, борар манзилингиз «Буюк Ипак йўли» метро бекати бўлса, уйингиздан велосипедда чиқиб, уни бекат велотураргоҳига қўйиб, метрода борар ерингизга етиб оласиз. Бу тажрибани ҳамма метро бекатларда қўллаш керак.

    Сергели метро йўлининг 5-бекати олдидаги велотураргоҳ.

    Сергели метро йўлининг 5-бекати олдидаги велотураргоҳ.
    Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

    Ўзим кўпқаватли уйда тураман. Уйимиз олдида велотураргоҳ йўқлиги учун кўчага шунчаки қулфлоғлиқ қўйишга кўзим қиймайди. Бир марта тунги чироқлари билан «датчик»ини ечиб кетишган. Уйим тор бўлсаям, даҳлизга киритиб қўяман.

    Велосипед ҳайдашнинг ҳам қатъий қоидалари бор. Асосий йўлда ҳаракатланганим учун хавфсизлик менга ўта муҳим. Бошимда махсус кийим — шлем, велосипеднинг олд-орқасида чироқлар, икки билагимда махсус нурқайтаргич-яшил рангдаги браслетлар бўлади. Кечқурун чорраҳадан кетаётганда ҳаракатланаётганимни билдириш учун билагимдаги нурқайтаргич билан имо-ишоралар қиламан.

    Велосипеддан фойдаланувчи нафақат велоқоидаларни, балки автомобилда юриш қоидаларини ҳам билиши керак. Бир йўлда юргандан кейин икки транспорт ҳайдовчиси бир-бири билан ҳисоблашади-да! Агар бири бошқасининг қаерда қандай ҳаракатланишини билмаса, ўзаро тушунмовчиликлар келиб чиқиб, ҳалокатларга олиб келиши мумкин.

    Момоларимиз туя, от минишган — велосипед ҳайдашимнинг нимаси уят?

    Гулноза Набиева, Тошкентдаги Гёте институти ходими, таржимон

    2005 йили Германияга магистратурада ўқишни давом эттиргани борганман. Вилгелм университетида германистика соҳаси бўйича таълим олдим. Мюнстерда яшаганим учун деярли ҳар куни ҳамманинг велосипедда ишга қатнаётгани ва доимий фойдаланишини кўриб-кузатардим. Илмий раҳбарим доктор Элмар Нойс велосипедим йўқлигини кўриб, хоҳласам, таътилга кетган қизларидан бириникини фойдаланиб туришимни таклиф қилди. Рози бўлдим-у, аммо ҳайдашни билмасдим. Устозим оиласи билан менга велосипед ҳайдашни ўргатди. Шу-шу велосипед ҳамроҳимга айланди. Машинага чиққудай бўлсам, экологияга зарар етказаётганимни ўйлаб виждоним қийналади.

    Гулноза Набиева.

    Гулноза Набиева.
    Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

    Германияда машина ва велосипедлар учун йўллар ҳам, светофорлар ҳам алоҳида. Йўл ҳаракатининг барча иштирокчилари бир-бирини тушуниб, ҳурмат қилган ҳолда ҳаракатланади. Чунки белгиланган қонун-қоидалар маромида ишлайди. Бизда эса велосипедни ҳалигача кўнгил очиш, сайр қилиш воситаси деб билишади. На бошқа уловларнинг ҳайдовчилари, на пиёдалар ва на давлат велосипед ҳам транспорт воситаси эканини сезади. Ахир унда соатига 50 километр тезликда ҳаракатланиш мумкин. Автомашина ҳам ўртача шундай тезликда ҳаракатланади, аслида.

    Қанийди, одамларимиз велосипедда кўпроқ юрса... Афсуски, велоинфратузилмамиз жуда ёмон. Ҳозир қурилаётган велойўллар ҳам талабга жавоб бермайди. Нега аввал тажрибаларни ўрганиб, синовдан ўтказиб, кейин йўл солмаймиз? Икки йилча олдин велоинфратузилмаларни велосипед ва пиёдалар йўлларини яхшилашга хизмат кўрсатувчи Planungsbüro VAR+ бюроси ёрдамида қурамиз дейишганди. Аммо бу йўллар на Германия тажрибаси асосида қурилганига, на миллиардлаб пул сарфланганга ўхшайди.

    Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг «Дарё»га маълум қилишича, пойтахтнинг 31 та нуқтасида жами узунлиги 57 километр бўлган велойўлак ва пиёдалар йўлаги қуриш, бунинг учун (дастлабки ҳисоб-китобларга кўра) 216,82 миллиард сўм сарфланиши режалаштирилган.

    Миллиардлаб пул сарфланаётгани айтилаётган бу велойўлакларнинг эртаси йўқ. Уларни бугунги вазиятга мослаштириб, яъни оз сонли велосипед ҳайдовчиларига мўлжаллаб қуришяпти, холос. Бир марта юриб кўринг — баъзи жойларининг тоши кўчади. Марказдан узоқдаги йўлларни сифатсиз бўёқда бўяб қўйишган. Адашиб-нетиб бориб қолсангиз, велосипед ғилдираклари рангга чапланади. Шу йўлларни қурганлар наҳот умрида велосипед ҳайдамаган бўлса? Бу велойўлак талабга жавоб беради, деб қай юз билан айтишаркан?

    Замонавий шаҳарсозликда велотранспорт учун барча шароит бўлиши шарт. Ташкилотлар шу енгилликни яратиб қўйса, одамларнинг оғири хийла енгиллашармиди... Гёте институти ходимларининг аксари велосипедда ишга келади ва велотураргоҳ ҳам мавжуд. Агар ходим ҳаракат учун қулайроқ кийимда келса-ю, уни алмаштиришга эҳтиёж сезса, махсус ваннахона, кийиниш хоналари бор. Бари илк қадамдан бошланади ва у қадамни айнан биз — ҳаммамиз ташлашимиз керак.

    Гулноза Набиева оила аъзолари билан бирга.

    Гулноза Набиева оила аъзолари билан бирга.
    Фото: Гулноза Набиеванинг шахсий архивидан

    Турмуш ўртоғим, уч болам — ҳаммамиз велосипед ҳайдаймиз. Болалар мактабга кетарида бир кўзим йўлда бўлади. Нафақат, велойўллар, балки қолган йўллар ҳам болаларимиз учун хавфли. Катта йўллардан кўра ичкисининг хавфи юқори. Ҳали бир ҳафта бўлгани йўқ — Tashkent City яқинидаги велойўлакдан кетаётган ўғлимни машина туртиб кетди. Оёғи кўкариб, шишиб қолди. Худо бир асради. Бошқа зарар бўлмади. Шундай нохуш ҳолатлардан кейин ота-она боласини кўчага қай юрак билан чиқариб юборсин?

    Биз дангаса, соғлом турмуш тарзидан қочадиган халқмиз. Кам ҳаракатланамиз. Велосипедда юрсам, кап-катта хотинни қаранглар, деб ғалати тикилишади. Ҳатто юзимга ҳам айтишади. Нимаси уят бунинг? Табиатни заҳарлаётганлар уялсин! Бу сохта сиполик. Момоларимиз от, туялар минишган-ку. Қолаверса, аёллар чиқиб-тушиши қулай бўлган алоҳида велосипедлар бор.

    Ноқулайликлар сабаб велосипед ҳайдамай қўйдим...

    Жамшид Эсонов, «Жонли қадам» бизнес лойиҳаси ассистенти

    Икки ой бўлди велосипед ҳайдаётганимга. Лекин инфратузилмадаги ноқулайликлар сабаб жамоат транспортига қайтдим. Иккита жойда ишлайман. Турар жойим Юнусобод билан иш жойим «Тинчлик» метро бекати орасида анча масофа бўлгани ва велойўлаклар узвий, мантиқий боғланмагани учун вақтим кўп кетди. Шу сабаб велосипедда ҳаракатланишни тўхтатдим.

    Жамшид Эсонов.

    Жамшид Эсонов.
    Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

    Тўғри, машиналар қатнайдиган асосий йўлдан ҳам юриш мумкин. Велойўлак бўлмаганда рухсат берилади. Аммо кенг ва серқатнов жойдан фойдаланишга хоҳишим қолмади. Негаки автомобиль ҳайдовчилари велосипедчиларни ҳурмат қиладиган даражага ҳали етиб келмадик. Тўғри, тартибли ҳайдовчиларимиз ҳам бор. Балки билганимдан ҳам кўпроқдир улар. Аммо қоидаларни билмай, сизни бир тийинга олмай юрадиганлари ҳаётингизни ҳал қилиб қўйиши мумкин.

    Германиядалигимда ўқиш ва ишга доим велосипедда қатнардим. Ўқишим уйимдан узоқлиги учун метро бекати олдига бориб, ўша ердаги велотураргоҳга велосипедимни қулфлаб, метрога тушардим. Қайтиш ҳам худди шу тарзда бўларди.

    Тошкентдаги аксарият велойўлаклар тор қурилгани учун унга биттагина ҳаракатланувчи сиғади. Юнусободдаги собиқ «Қозоғистон» кинотеатри атрофидаги велойўлаклар бунга мисол. Стандартларга мос эмас улар, бошидан тўғри режаланмаган. Узвийлик, мантиқий давомли бўлмаган йўлларга Юнусободдаги «Шоҳсарой» тўйхонасидан Олой бозоригача бўлган масофани айтиш мумкин. «Юнусобод» («Универсам») деҳқон бозорига етганда велойўлаклар узилиб қолган.

    Асосий йўлми ё ерости йўли — қай биридан ҳаракатланишга иккиланасан. Бунга тайинли ишора ҳам йўқ. Велосипедимни кўтариб, ерости йўлига тушсам, сотувчилар тўнғиллайди. Ҳаракатланаётганда кимгадир огоҳлантириш ниятида сигнал чалсангиз, «Йўлингни топ!» дейдиганларга нима дейишга ҳайронман. Германияда яёв кетаётганимда хаёл билан велойўлакка ўтиб кетганман. Ортимдан келаётган велосипедчи қаттиқ тормоз бериб, бўралатиб сўкканди.

    Бизда велосипед бошқа транспортлардан ўгайга ўхшайди. У кўпгина шароитлардан мосуво қилинган. Ҳатто бузилганида тузатадиган устахоналар ҳам саноқли. Бир сафар собиқ «Қозоғистон» кинотеатри ёнида велосипедим балонининг дами қочиб, ноилож қолганман. «Шаҳристон» метро бекатигача пиёда судраб бориб, машиналар устахонасида тузатиб, уйга етиб олгандим.

    Велосипед ҳайдовчиси сифатида энг ёмон кўрган нуқтам — «Шаҳристон» метро бекатининг атрофи. Асосий йўлдан юрсангиз қийналмайсиз, аммо пиёдалар йўлаги мавжуд қисмига ўтсангиз, қаердан ва қандай юришни билмайсиз. Айрим йўллар ўртасида 20 сантиметр баландликда бетон қуйилган, велосипедингизни кўтариб ўтишга мажбурсиз.

    Велойўлакларни қураётганда улар велосипед юриши учун мос ё йўқлигини велосипедда юриб текширишса яхши бўларди. Чунки йўлнинг барча камчиликлари унда тегишли транспорт воситасида ҳаракатланганингда билинади. Ўша пайтда тўғрилашнинг ҳам имкони бор, ҳар ҳолда, осонроқ бўлади.

    Жамшид Эсонов.

    Жамшид Эсонов.
    Фото: «Дарё» / Дилруҳ Исомиддинова

    Бизда ҳам хориждагидек веломагистраллар ташкил қилинса, ҳаракат қулайлиги янада ортган бўларди. Юнусободдаги Шаҳидлар хотираси хиёбонидан Мустақиллик майдонигача оқиб ўтувчи канал бор. Шу икки нуқтанинг биридан бошқасига чўзилган масофада, канал бўйлаб веломагистрал қилиш мумкин.

    Одамларни велосипеддан ҳаракатланишга ундаш борасида тажрибалар кўп. Айрим давлатларда велосипеддан мунтазам фойдаланувчилар учун имтиёзлар жорий этилган. Менимча, бизга имтиёзларнинг кераги йўқ — тўғри шароит яратилса кифоя.

    19.08.2021, 19:40   Изоҳ (0)   45463
    Facebook Twitter LinkedIn Telegram Email

    Изоҳ (0)

    Кириш
    Жавоб қолдиринг Бекор қилиш

    Мавзуга доир

    Давлат тест маркази Президент гранти учун даъвогарлик қиладиган абитуриентлар рўйхатини эълон қилди

    19.08.2021, 18:26

    Ўзбекистонда долларнинг расмий курси пастлашда давом этмоқда

    19.08.2021, 17:40

    Ўзбекистонда янги кўринишдаги 5 минг ва 10 минг сўмлик банкноталар чиқарилиши кутилмоқда

    19.08.2021, 17:24

    Қўқон шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари пора олаётганда қўлга олингани маълум қилинди

    19.08.2021, 17:10

    Олий суд раиси чемпион ўлимида гумонланаётганлар иши очиқ судда кўрилишини, жараённи ёритиш учун ОАВ вакилларига шароит яратилишини маълум қилди

    19.08.2021, 16:41

    Ўзбекистон Стратегик ривожланиш агентлигига бош директор тайинланди

    19.08.2021, 16:31
    ×Lightbox Image

    Daryo.uz | Сизнинг муаммоингиз ечими


    MAGIC SAFARI — Марказий Осиёдаги биринчи тематик сафари-парк 15 май куни ўз эшикларини очади!


    Парвоз — катта шаҳар характерига эга қулай бизнес-класс турар жой


    Тошкент минерал суви: Искандар Зулқарнайндан ҳозирги кунгача


    Digital Uzbekistan Тошкентда 28 май куни ўз ишини бошлайди! Бозорни ўзгартириб юборувчи PLAS-Форум 


    Coca-Cola 139 йиллик илҳом, ажойиб кашфиётлар, машҳур кампаниялар ва бутун дунё севиб қолган таъмни тақдим этмоқда 


    GWM Аuto Shanghai 2025 да ўзининг глобал стратегиясини тақдим этди: Ўзбекистон асосий ҳамкорлар қаторида 


    “Отанг бозор, онанг бозор”, қурилиш дўкони очмоқчи бўлсанг, Ташкент INDEX’га бор


    Kapitalbank 2024 йилги Brand Awards International мукофотига сазовор бўлди


    Молиявий фирибгарлик: мураккаб схемалар бўйича содда тушунчалар 


    ОСТИМ Глобал: 100 гектарлик замонавий саноат ҳудуди


    UZCARD SHERDOR премиум картаси энди МКБАНКда мавжуд


    HONOR компанияси HONOR 400 Lite смартфонини тақдим этди. Қизиқ, у нимаси билан лол қолдира олади?


    CHERY билан ўз орзунгизни амалга оширинг: барча моделлар учун бошланғич тўлов пасайтирилди! 


    Ўзбекистон Миллий банки “Олтин омонат”ни ишга туширмоқда


    Silk Avia Шаҳрисабзга кўпроқ парвоз қилади

     

    Тавсия этамиз

    Улар доим дунёда энг яхшиларидан бўлган — покистонлик ҳарбий учувчилар ҳақида

    12 май, 21:30

    Си ва Путин тандеми: Россия ва Хитойнинг “чегарасиз дўстлиги” Марказий Осиёдаги мувозанатга қандай таъсир қилади?

    12 май, 19:00

    “АҚШ ёрдам бермаганида, ғалабага эриша олмасдик” — Иккинчи жаҳон урушида СССР ютуғини таъминлаган яширин ҳақиқатлар

    10 май, 15:00

    “Улар ўз ватани мустақил бўлиши учун курашган эди” — Туркистон легионининг аянчли тарихи

    8 май, 15:09
     
     
     

    Сўнгги янгиликларга ўтиш

    Жонни Деппнинг собиқ рафиқаси Эмбер Ҳёрд эгизак фарзандларни дунёга келтирди

    Кино | 13 май, 11:03

    U-17 Жаҳон чемпионатига қуръа ташлаш маросими санаси эълон қилинди

    Спорт | 13 май, 10:53

    Ливияда қуролли гуруҳ раҳбари ўлдирилиши ортидан тўқнашувлар бошланди (видео) 

    Дунё | 13 май, 10:39

    Тошкент минерал суви: Искандар Зулқарнайндан ҳозирги кунгача

    Реклама | 13 май, 10:30

    Ўзбекистон банклари узоқ йиллик тизимли муаммолар билан бирга янги қийинчиликларга дуч келган — Fitch 

    Ўзбекистон | 13 май, 10:28

    Ўзбекистонлик ҳаж зиёратчилари дастлабки гуруҳи Саудия Арабистонига жўнаб кетди (фото)

    Ўзбекистон | 13 май, 10:03

    “Ҳаёт сенга мандарин берса” фильмидаги кўпчилик пайқамаган 7 та ноодатий детал

    Лайфстайл | 13 май, 09:55
    Daryo About Us

    «Daryo» интернет-нашрининг (Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги (ЎзМАА, ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) томонидан 13.03.2015 йил санасида 0944-сонли гувоҳнома билан оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган). Матнли материалларини тўлиқ кўчириш ёки қисман иқтибос келтиришга, шунингдек, фотографик, график, аудио- ва/ёки видеоматериалларидан фойдаланишга daryo.uz сайтига гиперҳавола мавжуд бўлган ва/ёки «Daryo» интернет-нашрининг муаллифлигини кўрсатувчи ёзув илова қилинган тақдирда йўл қўйилади. Чоп этиладиган баъзи маълумотлар 18 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларга мўлжалланмаган бўлиши мумкин. Info@daryo.uz

    Telegram Youtube Facebook Instagram Twitter vkontakte

    © «Simple Networking Solutions» МЧЖ, 2013–2025

    Ёш бўйича чеклов

    Хато топдингизми? Ctrl+Enter тугмаларини босинг

    • Фойдаланиш шартлари
    • Махфийлик сиёсати
    • Реклама
    Нимани қидирамиз?

    Sign In or Register

    Хуш келибсиз!

    Тизимга киринг ёки Рўйхатдан ўтинг.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Рўйхатдан ўтинг

    Рўйхатдан ўтганмисиз? Login.

    Google

    ёки Э-Почта орқали

    Сизга парол электрон почта орқали юборилади.

    Изоҳ қолдиришингиз, Фойдаланиш шартлари ва Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилганингизни англатади

    Матнда хато топдингизми?

    ×

    Раҳмат. Биз сизнинг хабарингизни олдик ва хатони имкон қадар тезроқ тузатамиз.