Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида 49 киши музқаймоқдан заҳарлангани ҳақида хабар берилган эди. Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, жиноят иши Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан қўзғатилди. Олмалиқ шаҳар ИИБ ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Санитария ва эпидемиология бошқармаси хабарига кўра, одамларнинг заҳарланишига хусусий тадбиркор томонидан ишлаб чиқарилган музқаймоқ сабабчи бўлган. 15 август ҳолатига кўра, уларнинг 31 нафарига аҳволи яхши бўлгани сабабли уйига рухсат берилган. Яна беш нафар бемор даволанишда, аҳволи ўртача. Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасига эса 13 киши шу ташхис билан ётқизилган. Уларнинг ҳолати ўртача оғир, муолажалар давом этирилмоқда.
Бундан аввал Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 12 август куни 25 нафар бола заҳарланиб, шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берилган эди. 13 август куни улар сони 30 нафарга етганди. Ушбу боғча тарбияланувчилари заҳарланганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)