Қозоғистонда Қарағанда вилояти ҳокими вилоятнинг Ер муносабатлари бошқармаси раҳбари Ҳалил Мақсудовни ишдан олди. Мақсудов айни карантин даврида қизининг тўйини ўтказганликда айбланган, деб ёзади Tengrinews.
Қарағанда вилояти ҳокими ўз қарорини вилоят ҳокимлигида ўтказилган аппарат йиғилишида эълон қилди.
«Бугундан бошлаб Ер муносабатлари бошқармаси раҳбари Мақсудов Ҳалил Мукатаевич карантин қоидаларини қўпол равишда бузгани — пандемия пайтида тўй тадбирлари ташкил этгани сабабли лавозимидан озод этилди. Мен сизни яна огоҳлантираман: бундай ҳуқуқбузарликлар учун жазо жуда қаттиқ бўлади. Бу ерда давлат хизматчиси этикасининг барча меъёрлари бузилган. Коронавирус инфекциясига қарши кураш соҳасида амалга оширилаётган улкан ишларга беписандлик қилманг. Аҳолининг ҳафсаласини пир қилманг. Лавозимингиз ёки иш жойингиздан қатъи назар, жавобгар бўласиз!»— деди вилоят ҳокими Женис Қосимбек.
7 август куни ижтимоий тармоқларда вилоятдаги Ариста ресторани ёнида қимматбаҳо машиналар йиғилиб тургани тасвирланган видеолавҳалар тарқалди. Видео муаллифларининг таъкидлашича, ресторанда Ер муносабатлари бошқармаси бошлиғи Ҳалил Мақсудов қизининг тўйи бўлиб ўтган. Айтишларича, тўйга 500 киши таклиф қилинган, улар орасида юқори мартабали амалдорлар ҳам бўлган. Маҳаллий фаоллардан бирининг айтишича, базмда меҳмон сифатида Қарағанда вилояти полиция бошқармаси вакили ҳам бўлган. Шундан сўнг вилоят ҳокимлиги расмий текширув эълон қилди.
Вилоят ҳокимлигида қайд этилишича, санитария-эпидемиология чоралари бузилгани муносабати билан Ариста ресторанининг эгаларига нисбатан объектнинг фаолиятини тўхтатиш чоралари кўрилади.
Изоҳ (0)