Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов коронавирусга қарши вакцина билан эмланди, дея хабар қилмоқда вилоят ҳокимлиги.
Қайд этилишича, 2021 йилнинг июль ойи бошида коронавирусни бошдан кечирган вилоят ҳокими соғлиғи тикланиши учун шифокорлар тавсияси билан муолажа олди.
2 август куни эса қайта тиббий кўрик ўтказилиб, унда эмланишга тўсқинлик қилувчи омил аниқланмаган. Вакцина қабул қилган вилоят раҳбари барча ўзбекистонликларни ўзи ва яқинлари саломатлигига бефарқ бўлмасликка чақирди.
«Ҳурматли ҳамюртлар, Тошкент вилояти аҳолиси, мен коронавирусга қарши вакцинанинг 1-босқичи билан эмландим. Сизларга ҳам тавсия қиламан. Бу нафақат ўз соғлиғингизни ўйлаган ҳолда, балки ён-атрофингиздагиларни ҳам саломатлиги учун вакцина олишни барчага тавсия қиламан», – дейди вилоят ҳокими.
Бундан аввал Сенат раиси Танзила Норбоева, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов, Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков, мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, собиқ соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари — Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Алимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев эмланганди.
Изоҳ (0)