Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани ҳокими Зоир Алиқулов туманда 7683 та ариза қаноатлантирилмаганини айтиб, мурожаатларга эътиборсиз қараётган масъулларни кескин танқид қилган. Бу ҳақда «Дарё»га ҳокимлик ахборот хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, 2021 йилнинг 30 июль куни Халқ депутатлари Деҳқонобод туман кенгашининг олтинчи чақириқ йигирма саккизинчи сессияси бўлиб ўтган.Сессияда сўз олган ҳоким Зоир Алиқулов тумандаги масъул ташкилотларга йўлланган 11600 та аризанинг 7683 таси ҳамон қаноатлантирилмаётганини маълум қилган. Ҳоким, шунингдек, айнан қайси ташкилот нечта мурожаатга ечим қилмаганини ҳам санаб ўтган.
«Ҳокимликда 1640 та, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимида 520 та, туман Бандликка кўмаклашиш марказида 1109 та, туман ИИБда 117 та, прокуратурада 188 та, туман ўрмон бўлимида 1 та, туман мактабгача таълим бўлимида 51 та, туман Пенсия жамғармасида 1712 та, ‘Агробанк’ туман филиалида 29 та, Маҳалла хайрия жамоат фондида 68 та, туман архитектурада 4 та, туман ветеринарияда 1 та, туман Солиқ инспекциясида 8 та, туман ер ресурсларида 31 та, туман Санитария ва эпидемиология осойишталик марказида 6 та, туман тиббиёт бирлашмада 301 та, туман халқ таълими бўлимида 141 та, туман молия бўлимида 15 та, туман газ таъминотида 149 та, туман электр тармоқлари корхонасида 234 та, судда 40, МИБда 92 та, ‘Халқ банки’ туман филиалида 46 та мурожаат қаноатлантирилмаган», — деди туман ҳокими.
Ҳоким тумандаги ташкилот раҳбарларига мурожаат қилиб, айни кунларда барча муаммолар билан шахсан ўзи шуғулланаётганини, муаммоларнинг 80 фоизига ечим топилаётганини айтиб, барча масъулларни масъулиятлироқ бўлишга чақирган.
«Борилди, ўрганилди, тушунтириш берилди деган шаблон гаплар билан чекланган. Ноинсоф, ҳатто мурожаатчининг олдига ҳам бормаган. Мана биз боряпмиз, учрашяпмиз, керак бўлса, чақириб ярим кечасигача ўтириб бўлса ҳам муаммони ечяпмиз-ку. Барча муаммони ҳокимга, прокурорга, ИИБ бошлиғига, солиқ раҳбарига олиб келсангиз, унда сиз раҳбар бўлиб нима қиляпсиз?», — дейди туман ҳокими.
Ҳоким ҳокимлик фаолиятини ҳам кескин танқид қилган. «11600 та аризадан бор-йўғи 900 таси розилик, миннатдорлик бор», — деган туман ҳокими.
Ҳокимлик ахборот хизматининг қўшимча қилишича, ҳоким сессияда депутатларга юзланиб, «мана шундай масъулиятсиз раҳбарларни оммага ошкор қилиб, жамоатчилик назоратини кучайтирайлик, депутат сифатида сиз ўша масъулиятсиз раҳбар олдига бориб, ҳисоб сўранг. Ҳоким сифатида мен ҳам бажармаётган бўлсам, мендан ҳам ҳисоб сўранг. Сизнинг ҳақингиз бор-ку», деган.
Изоҳ (0)