Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида рулни кескин бурган автобус бошқарувни йўқотиб, ағдарилиб кетди, дея хабар бермоқда ЙҲХББ.
Маълум қилинишича, 2021 йил 31 июль куни соат 01:45 ларда, Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани, «Алижон» МФЙ ҳудудидан ўтувчи М-37 Самарқанд–Бухоро–Туркманбоши автомобиль йўлининг 71-километрида йўл ктранспорт ҳодисаси юз берган. Ҳайдовчи (1983 йилда туғилган) Э.У. Yutong русумли автобусда Бухоро–Тошкент йўналишида ҳаракатланиб йўлни кесиб ўтаётган велосипедчини уриб юбормаслик учун рулни ўнг томонга бурган ва бошқарувни йўқотиши оқибатида автобус ағдарилган.
Оқибатда автобус салонида бўлган, 24 ёшли Ж.Н. шифохонада ва 40–45 ёшлар атрофида бўлган (шахсига аниқлик киритилмоқда) йўловчи шифохонага олиб борилаётганда, йўлда вафот этган.
Шунингдек, йўловчилар, 48 ёшли Б.С., 29 ёшли А.А., 22 ёшли Г.С., 48 ёшли М.Б. ва 35 ёшли Д.А.лар турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Каттақўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал Қозоғистонда ичида саккиз нафар ўзбекистонлик бўлган Toyota ЙТҲга учрагани, Бухорода Nexia ағдарилди, ҳайдовчи ва йўловчи машина тагида қолгани ҳамда Ўзбекистонда январь—июнь ойларида содир бўлган ЙТҲлар оқибатида 954 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)