Жиззах шаҳрида икки фуқарони хориж университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахслар қўлга олинди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жиззах шаҳар бўлими ҳамда ДХХнинг вилоят бошқармаси томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Г.Р. ва Ж.С. исмли шахслар олдиндан тил бириктириб, икки нафар фуқарони ваколатли танишлари орқали 18 минг доллар эвазига хориж университетларидан бирига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган.
Хизмати эвазига улар келишилган пулнинг 5,8 минг долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Бухорода ўқишга киритиб қўйиш учун фуқародан 4 минг доллар олган университет ўқитувчиси ва унинг шериги ушлангани, Навоий давлат педагогика институтига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, фуқародан 2 минг доллар олган шахс қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)