Бухоро вилояти Бухоро туманида ҳокимлик захирасидаги ерни ўзгага сотиб юбормоқчи бўлган шахс қўлга олинди, дея хабар қилмоқда вилоят ИИБ.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда аниқланишича, фуқаро Б.А. ўзга бир фуқарони алдаб, унинг ишончини суиистеъмол қилиб, Бухоро тумани «Работиқалмоқ» маҳалласи ҳудудидаги туман ҳокимлиги захирасида турган 20 сотих ер майдонини 8 000 АҚШ долларига сотишга келишади.
Фуқаро Б.А. Бухоро шаҳар Б.Нақшбанд кўчасида жойлашган Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Бухоро филиали биноси олдида кимёвий ишлов берилган пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Б.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди (хизмат мавқейидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан аввал Фарғонада 50 сотих ерни 25 минг долларга ноқонуний сотмоқчи бўлган МЧЖ бошлиғи ушлангани, Бухорода 600 доллар эвазига сохта ҳужжат тайёрлаб берган кадастр ходими қўлга олингани ҳамда Янгийўлда 9 минг доллар эвазига фермер хўжалигининг 6 сотих ерини олиб беришни ваъда қилган шахс ушлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)