Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси мамлакатда 10 июль куни юз берган зилзилада ҳалок бўлганларнинг исмлари ҳамда зилзила оқибатлари тўғрисида дастлабки маълумотларни эълон қилди, деб ёзмоқда Asia-Plus.
Қўмита маълумотларига кўра, зилзила эпицентри Душанбедан 165 километр узоқликда шимоли-шарқда, Рашт туманидан 21 километр узоқликда шарқда жойлашган. Зилзила эпицентрида ер силкиниши кучи 5-6 баллни, Душанбеда 2-3 баллни ташкил этган.
Ҳодиса оқибатида Тожикобод туманининг Лангари Шоҳ қишлоқ жамоатида 5 киши ҳалок бўлган, 16 киши турли хил жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган.
Фавқулодда вазиятлар қўмитасида келтирилишича, зилзила Фирдавс Мирзошоев (2007 йилда туғилган), Айзиддин Куканов(2014), Турон Махмадулоева (1951), Робия Булулова(2017), ва Қадриддин Боймуродов(2015)нинг ҳаётига зомин бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ерости силкинишлари натижасида Тожикобод тумани, Саричашма жамоати Лангари Шоҳ қишлоғида 29 та уйга зарар етган: уларнинг 7 таси тўлиқ, 10 таси қисман вайрон бўлган, 12 таси жиддий шикастланмаган.
Рашт туманидаги Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотларига кўра, тумандаги 14 та уй зилзила натижасида бутунлай, яна 131 уй қисман вайрон бўлган. Аскалон жамоатининг қишлоқларида 53 уй зарар кўрган, Сангвор тумани Сангвор жамоатининг Ҳайрон қишлоғида эса иккита уй: биттаси тўлиқ, иккинчиси қисман қулаган. Фавқулодда вазиятлар қўмитаси таъкидлашича, республика комиссияси ҳозирда жойларда иш олиб бормоқда.
Ўзбекистон ҳудудида ҳам 10 июль куни тонгда 3-4 балли зилзила сезилган. Бундан аввал 30 июнь куни Қарши шаҳрида 3 баллик зилзила қайд этилганди.
Изоҳ (0)