Тошкент вилоятидаги «Паркент-фарм» эркин иқтисодий зонасида «Спутник V» вакцинаси ишлаб чиқарилиши мумкин. Бу ҳақда Zuma-Pharma МЧЖ фармацевтика корхонасининг сифат назорати бўйича раҳбар ўринбосари Илҳом Сабуров «Ўзбекистон 24» телеканалига маълум қилди.
«Шприцларда ишлаб чиқариладиган дори воситалари линиясида инактивированний вакциналарни ишлаб чиқариш имконига эга бўламиз, яъни коронавирусга қарши ‘Спутник V’ вакцинасини ишлаб чиқариш имкони бўлади. Агарда лойиҳамиз ишга тушса, йилига 18 миллион дона вакцина ишлаб чиқариш имконияти бўлади», — деган у.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг «Биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида Ўзбекистонда вакцина ишлаб чиқариш майдони ва халқаро стандартларга жавоб берадиган синов лабораторияси ташкил этилиши белгиланган.
2021 йилнинг май ойида Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга келишиб олганини маълум қилганди. Вазир Ўзбекистон томони ҳозирда Россия вакцинасини ишлаб чиқаришни йўлга қўядиган ҳудудни танлаб бўлгани, лойиҳа устида ишлар олиб борилаётганини билдирган.
Ўзбекистонда «Спутник V» вакцинасини оммавий қўллаш жараёнига 17 февраль куни рухсат берилган. 5 июль куни Ўзбекистонга Россиядан «Спутник V» вакцинасининг навбатдаги 40 минг дозали 1-компоненти олиб келинди. 1 июнь куни ушбу вакцинанинг 70 минг дозали 1-компоненти, 10 июнда 70 минг дозали 2-компоненти, апрель ойида эса ушбу вакцинанинг 100 минг дозаси келтирилганди (унинг 50 минг дозаси 1-компонент, 50 минг дозаси 2-компонент).
Шундай қилиб, мамлакатдаги «Спутник V» вакцинаси захираси 280 минг дозага етди. Яқин кунларда вакцинанинг навбатдаги 40 минг дозалик 2-компоненти олиб келиниши кутилмоқда.
Изоҳ (0)