Американинг классик маслкарларини тубдан ўзгартириш билан танилган SpeedKore устахонаси кинодаги «сеҳр»ни умумий фойдаланишдаги йўлларга кўчиришга қарор қилди. «Форсаж»нинг тўққизинчи қисми учун тўққизта ўрта моторли Dodge Charger’нинг шасси ва кузовини лойиҳалаш ҳамда яратишдан сўнг, SpeedKore эгаси Жим Камарчич киномобилнинг оддий йўлга мўлжалланган версиясини яратишга қарор қилди, деб хабар беради Motor.
SpeedKore ўзининг сўнгги ишини Hellacious деб атаган бўлиб, бу «иблисона» деб таржима қилинади. Ўрта моторли купе ростдан ҳам телба даҳонинг ижоди каби кўриниш олган. Шу билан бирга, машина ташқи кўриниши билан 1968 йилги Dodge Charger’ни ёдга солади.
Hellacious мотори ўриндиқлар ортига ўрнатилган. Бу узатмали «нагнетател» (ички ёниш двигателларида цилиндрга келадиган ҳавони олдиндан сиқиб берувчи компрессор) ва юқори самарадорликка эга Салдана радиатор, 717 от кучи ҳамда 811 Нм айланувчи моментни тақдим этишга қодир 6,2 литрли В8 Hellcat мотори. Узатмалар қутиси Lamborghini Gallardo’нинг трансахле «механика» схемаси бўйича яратилган. Тормозланишга олд томонда олти поршенли, орқа тарафда тўрт поршенли Brembo механизмлари жавоб беради. Дрифт учун гидравлик «ручник» ҳам бор.
Купе Доминик Торетто «Форсаж»нинг тўққизинчи қисмида бошқарган машинага қуйиб қўйгандек ўхшайди. Кузов панеллари яхлит карбондан ишланган. Салонида калта суянчиқли иккита ўриндиқ бор, мотор бўлмаси шиша тўсиққа эга. Двигательнинг ўзи эса намойишга қўйилган: у Charger’нинг орқа ойнаси орқали яхши кўринади.
Аввалроқ «Форсаж» бош қаҳрамонига тегишли Toyota Supra аукцион орқали рекорд қийматда сотилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)