Чирчиқ давлат педагогика институтига ўқишга киритиб қўйиш учун икки кишидан 9 минг доллар олган яна бир шахс қўлга олинди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент. Бу бир ҳафта ичида мазкур институтга киритиб қўйишни ваъда қилиб, фуқаролардан пул олган иккинчи шахс ҳисобланади.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент, ДХХ ва ИИБнинг Қибрай тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида Х.А. исмли шахс икки нафар фуқарони юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Чирчиқ давлат педагогика институтига ўқишга киритиб қўйишга ишонтиргани аниқланган. Хизмати эвазига у абитуриентларнинг ҳар биридан 4,5 минг доллардан, жами 9 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Гулистон давлат университетига ўқишга киритиб қўйиш учун 3 кишидан 6,4 минг доллар пул олган шахслар қўлга олингани, Тошкент давлат юридик университетига киритиб қўйиш учун 10 минг доллар сўраган шахс ушлангани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)