Ўзбекистон ва «Яндекс» Россиядаги такси хизматларида ишлашда Ўзбекистоннинг ҳайдовчилик гувоҳномасидан фойдаланишга рухсат олишга эришишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ўринбосари Эркин Муҳитдинов ва «Яндекс» компанияси вакиллари ўртасида ўтказилган учрашув якунларида маълум бўлди, деб хабар беради «Podrobno.uz»
Бугунги кунда Россияда фақат мамлакат ва Қирғизистон ёки рус тили расмий тил сифатида қабул қилинган мамлакатларнинг ҳайдовчилик гувоҳномалари билан такси хизматларида фаолият кўрсатиш мумкин. Бундан ташқари, ҳайдовчининг иш стажи 3 йилдан кам бўлмаслиги керак.
Умуман олганда, Россия компанияси «Яндекс» сервисларида ишловчи ўзбек муҳожирларининг мослашиши учун қатор комплекс чоралари тайёрламоқда.
Масалан, компания «Яндекс. Такси» агрегатори ва «Яндекс етказиб бериш» сервисида ишлайдиган Ўзбекистон фуқароларига рус тилини ўргатиш дарсларини таклиф қилмоқда.
Бундан ташқари, компания курьер ва ҳайдовчи бўлиб ишловчи ўзбекистонликларни коронавирусга қарши эмлаш масаласини ҳам ҳал этиш ниятида. Эмланган фуқаролар маълум имтиёзларга эга бўлади, масалан, буюртмалар рейтинги ёки смена нархи кўтарилади.
Эслатиб ўтамиз, Россияда 2017 йил 1 июндан такси, автобус, «маршрутка» ва юк машиналари ҳайдовчиларининг хорижий ҳайдовчилик гувоҳномалари билан ишлашини тақиқловчи қонун кучга кирган. Қонун 2013 йилдаёқ қабул қилинган, бироқ унинг кучга кириши мунтазам кечиктириб келинаётган эди. Шунга қарамай, Россияда меҳнат қилаётган минглаб ҳайдовчиларга ушбу қонун таъсир кўрсатган ва мамлакатнинг йирик шаҳарларида вақтинчалик такси етишмовчилигини юзага келтирганди.
Изоҳ (0)