«Ўзгидромет» ташаббуси билан Қорақалпоғистонда жойлашган Чимбой тумани метеостанциясида атмосфера ҳавосидан ичимлик сувини ишлаб чиқариш «атмосфера сув генератори» (Airaqua — 7 та тозалаш фильтридан иборат) қурилмаси тажриба тарзида ишга туширилди. Бу ҳақда «Ўзсувтаъминот» хабар қилди.
Қурилма ичимлик суви етиб бормаган ва етказиб бериш иқтисодий жиҳатдан қимматга тушадиган ҳудудларга мослаштирилган. Ушбу инновацион технология синов тариқасида йўлга қўйилди ва ундан олинаётган статистик маълумотлардан фойдаланган ҳолда республикадаги бошқа метеостанцияларга ўрнатиш режалаштирилмоқда.
Атмосфера ҳавоси намликларнинг улкан резервуари экани ҳисобга олинса, атмосфера сув генераторини атмосфера сувини ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг самарали қурилма дейиш мумкин. Таъкидланишича, ушбу мослама дистилланган сувдан ҳам тозароқ сув олиш имконини беради.
Қурилма атмосфера ҳавоси намлигига ва ҳароратга қараб, кунига, тахминан, 12 литрдан 30 литргача ичимлик суви етказиб бериш имконини беради. Қурилма кўп қувват (1 киловатт) талаб қилмайди, ихчам, экологик тоза, фойдаланишда техник жиҳатдан инсон ҳаётига хавфи йўқ.
Бундан аввал Қорақалпоғистон туғруқхоналарига ЮНИСЕФ ва UNFPA томонидан 1 миллион долларлик тиббий асбоб-ускуналар совға қилингани, БМТ Бош ассамблеяси Орол денгизи минтақаси бўйича махсус резолюция қабул қилгани ҳамда Оролбўйи аҳолисига бизнес кўникмалари ўргатилиши ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)