Муродулло Холмуҳамедов бошқа ишга ўтиши муносабати билан олий ва ўрта махсус таълими вазирининг касб-ҳунар таълими масалалари бўйича ўринбосари лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Telegram’даги «Нигоҳ» канали хабар берди.
Муродулло Холмуҳамедов 2017 йилдан буён вазирликнинг Касб-ҳунар таълими маркази раҳбари ҳамда 2019 йилдан вазир ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди. У бунгача вазирликнинг Самарқанд вилояти бошқарма бошлиғи лавозимида ҳам фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг штат бирликлари сонини қисқартириш тўғрисидаги қарорни имзолаганди. Қарорда олий ва ўрта махсус таълим вазирининг икки ўринбосари лавозими бекор қилиниши кўрсатилган: улардан бири касб-ҳунар таълими масалалари бўйича ўринбосар лавозими экани таъкидланиб, иккинчи ўринбосар лавозими қайси эканига аниқлик киритилмаган.
«Kun.uz»нинг ёзишича, қисқартирилаётган иккинчи мансаб – вазирнинг ахборот технологиялари ва ёшлар бўйича ўринбосари лавозимидир.
Бу лавозимда ҳозирда 31 ёшли Юсуф Абсоатов ишлаб келмоқда. У 2020 йил январида Президент ўтказган йиғилишда вазир ўринбосарлигига тавсия қилинганди. У ўша вақтда Ўзбекистон Миллий университетининг 2-босқич магистратура талабаси эди.
Изоҳ (0)