Turkish Airlines 8 июнь куни Истанбулдан Фарғонага илк парвозини амалга оширди, деб хабар бермоқда Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.
Бортида 165 нафар йўловчи билан Фарғона халқаро аэропортига келиб қўнган самолёт тантана билан кутиб олинган. Фарғона халқаро аэропорти директори Тимур Халилов ва Turkish Airlines’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бош директори Селим Қаҳриман самолёт трапи олдида рамзий лентани қирқди.
Хабарда айтилишича, «Ўзавиация» агентлиги томонидан 2021 йил 15 апрелда Туркиянинг Turkish Airlines авиакомпаниясига Истанбул—Урганч—Истанбул ва Истанбул—Фарғона—Истанбул йўналишларида Ўзбекистонга мунтазам авиақатновларни амалга ошириш учун рухсатнома берилган. Аммо эпидемиологик вазият ёмонлашуви ҳамда Туркия ҳукумати томонидан 3 ҳафталик локдаун эълон қилингани сабабли май ойида ушбу мамлакатга амалга ошириладиган қатор рейслар бекор қилинганди.
Turkish Airlines самолётлари ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари Истанбул—Фарғона—Истанбул йўналишида қатновларни амалга оширади.
Изоҳ (0)