Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридаги Она ва бола монументи устига чиқиб, ножўя ҳаракатлар қилган аёлнинг шахси аниқланди, дея хабар бермоқда вилоят ИИББ.
Маълум қилинишича, 2 май куни соат 22:00 лар атрофида Олмалиқ шаҳрида яшовчи 2002 йилда туғилган Э.С. исмли қиз шаҳар хиёбонида жойлашган Она ва бола монументи устига чиқиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, ноўрин хатти-ҳаракат содир қилган ва жараён акс этган видеотасвирларни ижтимоий тармоқларга жойлаштирган.
Мазкур ҳолатда фуқаро Э.С.нинг хатти-ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида кўрсатилган (майда безорилик) ҳуқуқбузарлик мавжудлиги сабабли Олмалиқ шаҳар ИИБ томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилибб қонуний чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар ҳудудий суд органига юборилмоқда.
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига кўра, майда безорилик, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик – БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Бундан аввал Андижонда поезд остига ётиб олгани билан танилган тиктокер Мотамсаро она ҳайкалига қилган ҳурматсизлиги учун 15 суткага қамалгани ҳамда Самарқандда Алишер Навоий ҳайкалига тупурган йигит кийимлари билан уни тозалаб қўйгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)