Баъзи сўзларни хато ёзиш урф бўлиб кетган. Энди унинг тўғри шакли хато кўрина бошлайди. Бундай иллюзияга тушиб қолмаслик учун сўзларнинг маъно-моҳиятини, қўлланиш доирасини англаб олиш кифоя. «Дарё» колумнисти Ориф Толиб шундай сўз ва бирикмалар, қўшимчалар имлоси ҳақида сўз юритади.
«Ал» ва унинг имлоси
Ўзбек тилида араб тилидан кирган сўзлар кўп. Сўзлар билан бирга араб тилидаги аниқ артикл ал ҳам тилимиз чегараларидан ичкарилаган.
Ал артикли қатнашган бирикмаларнинг қандай ёзилиши бўйича қатъий қоида йўқ, лекин қатъий одат бор. Ал артикли қатнашган сўзлар икки хил усулда ёзилади. Чизиқча билан ажратилган ёки чизиқчасиз, сўзга қўшилган ҳолатда:
1. «Хазойин ул-маоний» девонлари. «Наводир уш-шабоб» асари. «Асос ул-балоға» асари.
2. «Хазойинул маоний» девонлари. «Наводируш шабоб» асари. «Асосул балоға» асари.
Мен тиниш ва имло белгиларини иложи борича кам қўллаш принципидан келиб чиқиб, иккинчи вариантни маъқул кўраман.
Ал артикли араб тили қоидаларига кўра фонетик ўзгаришларга учрайди. Биз ўзбекчада унинг ўқилишини қабул қиламиз ва шундай ёзамиз.
Ал артикли араб тилидаги 14 та шамсий ҳарф билан бошланган сўзлар олдида келганда кейинги сўзга киришиб-мослашади ва артикл таркибидаги л товуши шамсий ҳарфга ўзгаради. Масалан, арабчада ал-шамс ёзилса-да, аш-шамс ўқилади. Ўзбекча имлода берганда уни аш-шамс деб ёзиш керак. Қолган 14 ҳарф қамарий ҳарф ҳисобланади ва ал улар олдида келганда ўзгаришга учрамайди. Масалан, ал-қамар ёзилади ва шундай ўқилади.
Бу артикл тахаллус ва нисбалар таркибида ҳам учрайди. Нисба одатда кишининг касб-кори ёки қаердан эканини билдиради. Масалан, Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий ўзбекчада Муҳаммад Мусо ўғли, Хоразмдан ёки хоразмлик Муҳаммад Мусо ўғли бўлади.
Исмлар таркибидаги ални ўзбекчада тушириб қолдириш ҳам мумкин. Масалан:
Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Маҳмуд Замахшарий, Абу Райҳон Беруний.
Ал артикили ёлғиз нисба билан келган ўринларда, агар гап бошида бўлмаса, кичик ҳарфларда ёзилади:
Ал-Фарғоний, ал-Хоразмий, ал-Форобий, аз-Замахшарий, ас-Самарқандий.
Арабча шаҳарлар номини, жумладан, артикл қатнашган шаҳар номларини ёзганда русча ёки инглизчадан шундоққина кўчириб қўявермаслик керак. Масалан, Саудия Арабистони пойтахтини Эррияд ёки Эр-Рияд деб бериш хато бўлади. Ар-Риёд, Риёд деб бериш мумкин. Риёз деб бериш янада тўғрироқ. Сўз охиридаги зод ҳарфи ўзбекчага баъзан д, баъзан з шаклида кирган. Масалан, Рамазон сўзида з деб олинган ҳарф ҳам ана шу зод бўлади.
Риёд сўзи «боғлар» маъносини англатади. Бу сўз айни шу маънода ўзбек тилида риёз шаклида ишлатилган. Масалан, Имом Нававий қаламига мансуб китоб номи «Риёзус солиҳин» (Солиҳлар гулшани) деб олинган. Огаҳийнинг «Риёзуд давла» (Давлат боғлари) асари номида ҳам риёз шакли қўлланган. Миллий энциклопедияда шаҳар номи сифатида Ар-Риёд варианти олинибди. Келажакда географик номлар луғати ишлаб чиқилса, кўп чалкашликлар қатори бу масала ҳам ҳал бўлиб кетар деган ниятдаман.
Исмлар имлоси: рухми ёки руҳ?
Таркибида рух сўзи бор исмлар энг кўп хато ёзиладиган исмлардан.
Шоҳрух, Фаррух, Гулрух каби исмларда рух ўрнига руҳ деб ёзилишининг энг асосий сабабларидан бири шу исмлар таркибидаги рух сўзи ҳозирги ўзбек тилида деярли ишлатилмаслигидир. У форс тилидан кирган бўлиб, аслиятда юз, бет ва ёноқ маънолари билдиради. Эски ўзбек тилида кишининг юзи маъносида қўлланган:
Лабларинг остидаги холингдин айлансун қулинг,
Лоладек гул-гул рухи олингдин айлансун қулинг.
(Фурқат)
Юқоридаги байтда қўлланган рухи ол қизил юз маъносини билдиради.
Рух сўзининг омонимлари эса бугунги тилимизда озми-кўпми истеъмолда:
– Шахмат ўйинидаги тўра, тикка ва ёнлама юра оладиган сипоҳ.– Кимёвий элемент, оч яшил рангли металл.
Шоҳрух, Фаррух, Гулрух исмларидаги рух юз, чеҳра маъносида.
Шоҳрух – шоҳ каби юзли, Фаррух – бахтиёр юзли, Гулрух – гул юзли.
Шоҳруҳ – шоҳнинг руҳи, Фарруҳ – бахтнинг руҳи, Гулруҳ – гулнинг руҳи бўлиб қолади, мазмундан мантиқ йўқолади. Демак, бу шаклда ёзиш хато.
Шохрух деб ёзиш ҳам хато. Шох-мугузнинг юзи деган маъносиз иборага айланади.
Рухсора, Гулрухсор сўзларини ҳам х билан ёзиш керак. Исмлар таркибидаги рухсор юз, чеҳра маъносини беради.
Рахшона исми ҳам баъзида Руҳшона деб хато ёзилади. Рахшон форсчада нурли, порлоқ, жилоли, жилваланувчи маъноларини билдиради. Рухшона Рахшона исмининг фонетик ўзгаришга учраган шакли, уни хато демасак ҳам бўлади. Рухшона исмини тожикчада ҳам учратиш мумкин.
Руҳиддин исми эса ҳ билан ёзилиши керак. Исм таркибидаги руҳ арабча руҳ, жон демакдир. Руҳиддин – диннинг руҳи, жони, куч-қуввати маъносида.
Демак:
Шоҳрух, Фаррух, Гулрух, Рухсора, Гулрухсор, Рахшона, Руҳиддин — тўғри.Шоҳруҳ, Шохрух, Фарруҳ, Гулруҳ, Руҳсора, Гулруҳсор, Руҳшона, Рухиддин — хато.
Қўлланадими, қўлланиладими?
Ҳатто зиёлилар ҳам ёзишда тез-тез хатога йўл қўядиган сўз бу. Қўлланмоқ мажҳул нисбатда, унинг аниқ нисбатдаги шакли – қўлламоқ.
Қўлламоқ ўзбек тилида икки хил маънода ишлатилади:
Ёқламоқ, қувватламоқ, ёрдам, кўмак, мадад бермоқ.
Татбиқ этмоқ, ишлатмоқ.
Мажҳул нисбатда асосан иккинчи маъноси ишлатилади. Қўлланмоқ – ишлатилмоқ, фойдаланилмоқ, татбиқ этилмоқ дегани.
Қўлламоқ сўзига -н мажҳул нисбат қўшимчаси қўшилиб, қўлланмоқ шакли ҳосил қилинади:
Қўлланмоқ, қўлланган, қўлланди, қўлланяпти, қўлланмоқда, қўлланади...
Бу сўзни қўлланилмоқ шаклида ишлатиш хато. Чунки бир сўзга икки марта мажҳул нисбат қўшимчаси қўшилмайди. -ил ҳам мажҳул нисбат ясовчи қўшимча. Масалан, айтилди сўзида айт феълига ана шу -ил қўшимчаси қўшилган. Айтилди сўзини айтилинди деб ёзиш ва айтиш кулгили хато.
Бироқ сўзни қўлланилмоқ тарзида ишлатиш жуда кенг тарқалган. Ҳатто нуфузли нашрларда, вазирликлар сайтларида, қонун ҳужжатларида, дарслик ва қўлланмаларда ҳам бу хатога тез-тез дуч келиш мумкин.
Бу ҳолатнинг қийинроқ, лекин имконли ечими бор: хатони тан олиш ва тузатиш.
Демак:
Қўлланган, қўлланди, қўлланяпти, қўлланади — тўғри.Қўлланилган, қўлланилди, қўлланиляпти, қўлланилади — хато.
Хуш ва ҳуш
Х ва ҳ товушлари оғзаки тилда кўпинча фарқланмайди ва бу ёзма нутқда ҳам ўз аксини топади: шу товушлар қатнашган сўзларни ёзишда кўп хато қиламиз. Жумладан, хуш ва ҳуш сўзларида.
Аслида иккала сўз ҳам хато эмас. Лекин уларнинг, улар қатнашган ибораларнинг маъносини билмаслик алмашлаб ишлатишга сабаб бўлиши мумкин.
Хуш форсчадан олинган, ўзбекчада яхши, ёқимли маъноларини англатади: хуш кайфият, хушовоз хонанда, хуш келибсиз, хуш кўрдик, хуш қолинг.
Ҳуш сўзи ҳам форсчадан кирган, ўзбек тилида кишининг бирор нарса-ҳодисани сезиш, идрок этиш, англаш қобилияти, шундай сезги, идрокка эга ҳолат каби маъноларни билдиради: эс-ҳуши жойида, ҳуши учди, ҳушидан кетди, ҳушига келди, ҳушёр, ҳушли, беҳуш.
Баъзи чалкаштирадиган ҳолатлар бор. Масалан:
Хуши йўқ ибораси хоҳламаслик, ёқтирмаслик; хоҳиши йўқ маъноларини ифодалайди:
Дастурхонда ҳолва, новвот, мураббо... Заргаровнинг буларга хуши йўқ...(А. Мухтор, Бўронларда бордек ҳаловат)
Агар бу иборани ҳ билан ёзадиган бўлсак, ҳушдан кетиш маъноси пайдо бўлади: беморнинг ҳуши йўқ.
Хуши келмоқ ибораси кайфияти яхши бўлмоқ, хушига келса ибораси эса хоҳласа, ёқтирса маъноларига эга:
Хушига келса ишлайди, бўлмаса очиқ ҳавога директор бўлиб ўтираверади.
Агар хушига келса ибораси ўрнига ҳушига келса иборасини ишлатсак, беҳуш ҳолатдан чиқиш, ўзига келиш маъноси англашилади:
Бемор ҳушига келса, аслида нима бўлганини ўзи айтиб беради.
Демак, хуш ва ҳуш сўзларини қўллашда хато қилмаслик учун улар жумла ёки бирикмада қандай маънода ишлатилаётганини аниқлаб олишимиз керак бўлади.
Изоҳ (0)