Фото: Тошкентдаги Миллий боғ ўрнида қурилган аттракционлар паркидаги мушакбозлик
2021 йилнинг февралида Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Magic City замонавий маданият ва истироҳат боғи қурилаётгани тўғрисида хабар берилганди. 31 май куни ушбу янги кўнгилочар боғнинг очилиши муносабати билан мушакбозлик уюштирилди.
Таъкидланишича, Тошкентдаги Меҳрибонлик уйларининг тарбияланувчилари Magic City кўнгилочар боғининг илк меҳмонларига айланган. Пойтахт ҳокимлиги тантанали маросимда Юрий Корсунсев томонидан олинган суратлар билан бўлишди.
Боғ ҳудудидаги 9 гектар майдонда океанариум, бир вақтнинг ўзида 450 нафар томошабин сиғадиган Римдаги Колизей каби амфитеатр, 6 та залдан иборат кинотеатр, 19 та аттракциондан иборат кўнгилочар ўйингоҳ, эртакнамо қаср, майдони 8 500 квадрат метр бўлган мусиқали фаввора, автомобиллар тураргоҳи қурилган.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев тантанали маросимда иштирок этиб, барчани пойтахтдаги янги маданият маскани билан табриклаган ва боғни ташрифчилар учун очиқ деб эълон қилган.
Изоҳ (0)