«ВКонтакте», Twitter ва WeChat ижтимоий тармоқларида Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотлар «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 27−1-моддаси талабларига зид равишда ишлов берилмоқда. Бу 2021 йил май ойида ўтказилган мониторинг натижасида аниқланди, деб хабар беради «Ўзкомназорат» инспекцияси матбуот хизмати.
«ВКонтакте», Twitter ва WeChat ижтимоий тармоқларида Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотларга қонун талабларига зид равишда ишлов берилаётгани учун «Ўзкомназорат» томонидан «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 27−1-моддаси талабларига риоя этилишини таъминлаш чораларини кўриш юзасидан «Mail.ru Group», Twitter Inc ва Tencent-Inc компанияларига кўрсатмалар берилган.
Мазкур тартиб 16 апрелдан ўрнатилган, аммо тегишли давлат органларининг ушбу соҳада кўринадиган натижаларга эришмагани депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлган эди. Аввалроқ мазкур қоидага амалга қилиниши Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси йиғилишида ўрганилганди.
«Бу ижтимоий тармоқлар ва интернет компаниялар Ўзбекистонда қонуний фаолият юритишни исташса, ўз техник воситаларини Ўзбекистон ҳудудига ўтказишлари шартилигини ёки белгиланган тартибда маъмурий ёхуд жиноий жавобгарликка тортилишлари мумкинлигини англатади», — дея қайд этилган эди қўмита баёнотида.
Аввалроқ Ўзбекистонда шахсга доир маълумотларни ноқонуний тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилиши мумкинлиги, Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини мамлакатда сақлаш мажбурий бўлиши, фуқароларининг маълумотларини хорижда сақлайдиган сайтлар жаримага тортилиши мумкинлиги тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)