Qanot Sharq’нинг иккинчи Airbus А320 самолёти Тошкентга етиб келди, деб хабар бермоқда in4аvia Telegram канали. Ушбу самолётнинг биринчиси 26 апрель куни олиб келинганди.
Рўйхат рақами ОE-ILG бўлган борт Американинг Air Lease Corporation’дан лизингга олинган ва яқин ўтмишда Мексиканинг Interjet авиакомпанияси таркибига бўлган.
Янги самолётлар билан авиакомпания ҳудудий аэропортлардан бир қатор халқаро йўналишларга парвоз қилишни режалаштирмоқда.
«Kapital.uz»нинг ёзишича, Qanot Sharq матбуот хизмати «таъсисчи меҳнат кодекси талабларига зид равишда иш ҳақини тўлашни атайин хоҳламаётгани сабабли» ўз фаолиятини тугатаётганлигини маълум қилди. Бу ҳақдаги хабар авиакомпания расмий саҳифасида пайдо бўлган, бироқ бир неча соатдан сўнг ўчириб ташланган («Капитал»нинг қайд этишича, унинг нусхаси таҳририятда бор).
Авиакомпания матбуот хизмати Qanot Sharq раҳбарияти унинг матбуот хизмати бўлинмасини кераксиз, оммавий ахборот воситалари билан ишлашни эса фойдасиз, харажат қилишга арзимайди деб ҳисоблайди, деган хулосага келган.
Кейинроқ авиакомпания Telegram каналида матбуот котибининг раҳбарият деб тахмин қилинган шахс билан суҳбати аудиоси пайдо бўлган. Унда айтилишича, Qanot Sharq раҳбарияти матбуот хизмати ишини «синов муддати» деб қараган, бу вақт давомида ходимлар ишга олинган ҳисобланмайди ва иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга эмас.
«Kapital.uz» вазиятга аниқлик киритиш учун авиакомпаниянинг собиқ матбуот котиби билан боғланган. Унинг айтишича, жойлаштирилган телефон суҳбати авиакомпания муассиси Носир Абдуғаффоров билан бўлиб ўтган. Авиакомпания собиқ матбуот котиби томонидан берилган маълумотларга кўра, Qanot Sharq раҳбарияти ишнинг биринчи ойи ҳамда кейинги икки ойлик маошларини тўлашдан бош тортган.
Шунингдек, собиқ матбуот котибининг сўзларига кўра, ишга жойлашишда авиакомпания раҳбарияти билан солиқлар чиқариб ташланганидан кейин матбуот котиби лавозимига 12 миллион сўм маош тўлаш тўғрисида шартнома тузилган. Собиқ матбуот котибининг айтишича, авиакомпания раҳбарияти келишилган иш ҳақига рози бўлиб, уни номаълум, лекин бир ойдан ошмаган синов муддатига олган.
Матбуот котиби вазифалари қаторига матбуот анжумани ўтказиш, пресс-релиз ишлаб чиқиш, ижтимоий тармоқларни юритиш, менежмент учун нутқларни ёзиш, ОАВ материалларини компиляция қилиш, авиакомпания журналини ишлаб чиқиш ва компаниянинг ахборот сиёсатини тузиш киради. Qanot Sharq’нинг собиқ матбуот котибининг таъкидлашича, бу жуда катта ҳажмдаги иш ва уни бир ой ичида бажариш жуда қийин.
Собиқ матбуот котиби берган маълумотларга кўра, якуний келишув бир ойлик синов муддати ва иш ҳақини тўлашдан иборат бўлган. Унинг таъкидлашича, тўловлар олдиндан келишилган миқдордан кўп ёки кам бўлиши ҳақида ҳеч қандай гап бўлмаган. Шунингдек, синов муддати ходимнинг кейинги иши тўғрисида қарор қабул қилиш учун мўлжаллангани ва синов муддати учун иш ҳақи тўламаслиги ҳақида гап бўлмаганини ҳам қайд этган.
Маълумот учун, Qanot Sharq Airlines 1998 йилда рўйхатга олинган ҳамда юк ва йўловчи авиаташувларига ихтисослашган. 2003 йилдан 2012 йилгача компания «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКдан Ил-76 самолётларини ижарага олган ва Ўзбекистондаги биринчи хусусий авиакомпания сифатида ўз чартер рейсларини амалга оширган.
Изоҳ (0)