Тижорий транспорт воситаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Россиянинг «ГАЗ гуруҳи» компанияси ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Томонлар Тошкент вилояти ҳудудида «ГАЗ» русумли автоуловларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва вилоятдаги паркларни Россия техникаси билан янгилашни режа қилган, деб ёзади «Подробно».
Ҳужжат 2021 йилнинг апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтган «Иннопром. Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги» халқаро саноат кўргазмасида эришилган келишувлар якунида имзоланган эди.
Ҳамкорлик доирасида Тошкент вилояти ҳудудида енгил тижорат ва ўрта вазнли «ГАЗ» русумли автомашиналар, шунингдек, уларнинг базаларида махсус техникалар ишлаб чиқаришни ташкил этишни ўрганиш режалаштирилган. Шунингдек, томонлар «ГАЗ гуруҳи» техникалар базасида вилоятдаги уй-жой коммунал хўжалиги, ижтимоий ва тиббиёт соҳаси, шаҳар ва шаҳар атрофида йўловчиларни ташиш, кичик ва ўрта бизнесни ўз ичига олган комплекс транспорт ечимини ишлаб чиқиш ниятида.
Бундан ташқари, меморандум шартларига мувофиқ, Тошкент вилоятининг тез тиббий ёрдам машиналари, ижтимоий ва коммунал хизматларида кейинчалик амалга ошириш учун транспорт паркини бошқариш учун замонавий рақамли онлайн тизимларни ишлаб чиқиш режаси мавжуд. Ушбу истиқболли технология вилоят автопарклари иши самарадорлигини оширишга йўналтирилган.
Аввалроқ Ўзбекистон ва Россия самолётсозлик соҳасидаги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилаётгани, Ўзбекистонда газ узатиш тизимини модернизация қилиш учун 618 миллион долларгача кредит жалб этилиши мумкинлиги тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)