Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев 25 май, сешанба куни «Тошкент 5 ташаббус ҳаракати» ёшлар фестивали доирасида журналистларга берган интервьюсида ёшларга ажратилаётган имтиёзли кредитларнинг талон-торож бўлишининг олдини олиш мақсадида бир қанча ишларни амалга ошириш кўзда тутилганини айтди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
«Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси кредитларни олдин ННТ шаклда берган бўлса, ҳозирги вақтда бу йўқ, хабарларингиз бўлса керак. Бу аллақачон ўзгартирилди. Биз айни пайтда ёшлар учун кредитлар беришда биринчи ўринда имтиёзлардан воз кечишни режалаштиряпмиз. Имтиёзсиз кредит бўлса, талон-тарож кам бўлади», — деди Саъдуллаев.
Аввалроқ Тошкент вилоятининг Пискент туманида «Ёшлар — келажагимиз» давлат дастури доирасида ажратилган 1,3 миллиард сўмлик имтиёзли кредитни талон-торож қилган фермер хўжалиги раҳбарига жиноят иши қўзғатилгани, Зангиотада «Ёшлар — келажагимиз» жамғармаси раҳбарлари 400 миллион сўмдан ортиқ кредит маблағларини талон-торож қилгани аниқлангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, «Ёшлар — келажагимиз» жамғармасининг жами 1 миллиард 191,3 миллион сўм пулни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган бош ҳисобчиси ишдан олингани маълум қилинганди.
Изоҳ (0)