Россия Ташқи ишлар вазирлиги Руминия элчихонасида мудофаа масалалари бўйича атташенинг ёрдамчиси лавозимида ишлаган дипломатнинг мамлакатдан чиқариб юборилишини эълон қилди, деб ёзмоқда «РБК».
Бу Руминиянинг 26 апрелда россиялик дипломатни мамлакатдан чиқариб юборганига жавоб ҳаракат бўлди.
«11 май куни Руминия элчиси К.Истрате Росссия ТИВга чақиртирилди ва унга мудофаа масалалари бўйича атташе ёрдамчиси, капитан Г.Илиескунинг persona non grata деб эълон қилингани ҳақидаги нота топширилди. Руминия элчихонасининг ушбу ходими 72 соат ичида Россия ҳудудини тарк этиши шарт», — дейилади Россия ТИВ хабарида.
Руминия ТИВ 26 апрелда россиялик дипломатни ортга қайтариб юборганида, унинг 1961 йилда қабул қилинган Вена конвенциясини бузганини рўкач қилганди. Бунга қадар Чехия ТИВ Москванинг Врбетицадаги портлашга алоқадорлиги ҳақидаги можаро ортидан, Евроиттифоқ ҳамда НАТОдаги иттифоқдошларига мурожаат қилган ва россиялик дипломатларни жосус ҳисоблаб, мамлакатдан чиқариб юборишни сўраганди.
Россия ва Чехия ўртасидаги дипломатик низо Праганинг 18 нафар россиялик дипломатни ортга қайтариб юборишни эълон қилганидан кейин бошланди. Чехия Россияни 2014 йилда Врбетица қилшоғидаги қурол-яроғлар омборида портлаш уюштирганликда айблаган ва мазкур қўпорувчилик ҳаракатларига Россия разведкасининг алоқаси борлигини гумон қилган. Россия айбловларни асоссиз ва мантиқсиз деб атаган, Праганинг ҳаракатига жавобан 20 нафар чехиялик дипломатни ватанига қайтариб юборган. Шу тариқа, икки томонга бир неча марта дипломатлар қайтарилган. Чехиядан кейин Словакия, Болтиқбўйи мамлакатлари, Болгария, Украина ҳам россиялик дипломатларни ўз ҳудудларидан чиқариб юборди. Россия ҳам уларнинг ҳаракати қарши ҳаракат билан жавоб қилган.
Изоҳ (0)