Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида 4 май куни соат 09:30 ларда маҳаллий АЁҚШлардан бирининг биносида пайвандлаш ишларини олиб бораётган 52 ёшли эркак эҳтиётсизлик оқибатида оғир тан жароҳати олиб вафот этди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, А.А. исмли пайвандчи шохобча ҳовлисида жойлашган 20-25 тонналик (25 кубометр ҳажмдаги) бензин ва дизель ёнилғисини сақлаш учун мўлжалланган цистерна устига бир ўзи пайвандлаш ускунасини олиб чиққан. Эркак пайвандлаш ишларини бошлаган вақтида цистерна ичида йиғилиб қолган газ ва ҳаво аралашмасидан чақнаш содир бўлган.
Келиб чиққан ёнғин оқибатида А.А. бутун танасининг 90-95 фоизини термик куйиши ташхиси билан тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шўрчи тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан МЧЖ раҳбарига нисбатан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а» банди (одам ўлимига сабаб бўладиган даражада меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда ҳам Сурхондарёда ёнилғи цистернасини пайвандлашга уринган эркак унинг портлаши оқибатида вафот этганди.
Изоҳ (0)